Учта қонун лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилди
  • 05 Февраль 2018

Учта қонун лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолияти давомида аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Чунончи, жорий йилнинг январь ойида ҳудудларда ўтказилган чуқур ўрганишларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда хонадонлар, жами 1500 га яқин объектлардаги бугунги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат таҳлил қилинди. Мулоқотларда 4 мингга яқин аҳоли қамраб олинди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида ушбу ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама этилди.

Фракция раҳбари С. Отамуратовнинг таъкидлашича, аҳоли, асосан, уй-жой, коммунал, бандлик, таълим, тиббий хизмат, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, банк-кредит, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши каби масалаларда мурожаат қилган. Уларнинг аксарияти фракция аъзолари томонидан тегишли маҳаллий давлат органлари ҳамкорлигида жойида ҳал этилган бўлса, республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган муаммолар юзасидан тегишли вазирлик, идора ҳамда бошқа давлат ташкилотларига 17 та депутатлик сўрови юборилиб, ижроси қатъий назоратга олинган.

Йиғилишда қуйи палата ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (янги таҳрирда) қонунлар лойиҳаларига жойлардаги партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда электорат вакилларидан келиб тушган таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.

Айтиб ўтилганидек, мазкур 3 та қонун лойиҳаси бўйича 200 дан ортиқ таклифлар берилган. Уларнинг аксарияти партия ғоявий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда унинг фракцияси позициясини акс эттиргани билан алоҳида аҳамиятга молик.

Якунда тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Мулоқотлар давом этади, ҳужжатлар ижроси ўрганилади

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан журналистлар учун матбуот анжуманлари ўтказилмоқда. Уларда қўмиталарнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари ҳамда жорий йилда белгиланган устувор вазифалар ҳақида кенг маълумот тақдим этилаяпти.

Жумладан, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ахборотида таъкидланганидек, ўтган даврда қўмита томонидан 31 қонунни инвентаризация қилиш, қонунчиликдаги “оқ доғлар”ни аниқлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилган. 2 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палата муҳокамасига киритилган. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ижроси тегишли вазирлик ва идораларда ўрганилган. Депутатлар томонидан давлат бошқаруви ҳамда хўжалик органлари мансабдор шахсларига 59 та депутатлик сўрови юборилган.

Қўмита аъзолари ўз фаолиятида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечими юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш амалиётини йўлга қўйган. Ҳисобот даврида 38 та саноат ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар уюштирилгани бунинг амалий ифодасидир.

Тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга жиддий эътибор қаратилгани, бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил ҳамда тизимли равишда давом эттирилиши айтиб ўтилди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқоти расмиятчиликлардан холи, қизғин савол-жавобларга бой тарзда кечди. Асосий эътибор қўмита томонидан 2018 йил учун белгилаб олинган устувор вазифаларга қаратилди.

Таъкидланганидек, қўмита жорий йилда қонун ижодкорлиги фаолиятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат дастурида белгиланган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашади.

Қўмита томонидан 2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурида белгиланган чора-тадбирлар бажарилишини Хоразм ва Наманган вилоятлари мисолида ўрганиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ушбу Дастур ижроси юзасидан ахборотини эшитиш каби муҳим вазифалар режалаштирилган.

Шу билан бирга, меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш, ходимларга қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунни назорат-таҳлил тартибида Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ўрганиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияси ижросини Тошкент вилояти мисолида ўрганиш белгиланган. Депутатларнинг фикрича, бу, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро меҳнат стандартларига мувофиқлигини таъминлашда парламент назоратининг йўлга қўйилганлигидан далолат беради.

Анжуманда журналистларга жорий йилда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ҳамда одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг айрим конвенцияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш каби долзарб масалалар юзасидан ўтказиладиган тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn