Ҳаётий қонунлар одамлар турмушида акс этади
  • 02 Февраль 2018

Ҳаётий қонунлар одамлар турмушида акс этади

Қачон янги қонунлар ишлаб чиқилади? Қачонки, бунга ҳаётий эҳтиёж ва зарурат туғилса, қолаверса, унда одамлар турмушини янада яхшилаш, мамлакат тараққиётини юксалтиришга хизмат қиладиган асослар мавжуд бўлса... 

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ана шундай ҳаётий зарур ҳужжатлардан бири — “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди. 

“Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан журналистлар иштирокида ўтказилган анжуманда партия ташаббуси билан бир неча йиллардан буён такомилига етказилаётган мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти, уни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр юритилди. 

Фракция раҳбари Н. Умаровнинг қайд этишича, лойиҳада инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари, инновацион ғоялар, ишланмалар ҳамда технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, халқаро ҳамкорлик, инновацияларни амалиётга жорий этишга оид қоидалар назарда тутилади. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳаси жойларда соҳа мутахассислари ва партия электорати томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ушбу йўналишда ҳамкорлик давом эттирилаяпти. Мамлакатимизда инновацион фаолиятнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши, шубҳасиз, юртимиз тараққиётига хизмат қилади. 

Анжуманда фракциянинг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди, истиқболдаги режалари ҳақида батафсил ахборот берилди.

Таъкидланганидек, 2017 йилда фракция аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шунингдек, 2 та алоҳида қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Ўтган даврда назорат-таҳлил фаолиятида, шунингдек, одамлар билан очиқ мулоқотларни олиб боришда ҳам самарали натижаларга эришилгани эътироф этилди. Депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятидаги муаммолар, шу жумладан, тор соҳа шифокорлари ва дори-дармонлар етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ҳал этишда амалий кўмак берилди. 

Анжуманда жорий йилда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада, айниқса, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ҳамда аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn