«Йўл хариталари» ижроси мониторинг қилинади
  • 02 Февраль 2018

«Йўл хариталари» ижроси мониторинг қилинади

Шу йил январь ойи бошида парламент аъзолари ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойлардаги аҳвол ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан депутатлар, соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мазкур ўрганиш якунлари кўриб чиқилди. Бу бўйича тегишли вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, соҳа мутасаддиларининг нуқтаи назари ҳамда ахборотлари тингланди. Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари масъуллари тақдим этган маълумотлар муҳокама қилинди. 

Сўзга чиққанлар ўрганишлар чоғида аксарият муаммолар жойида ҳал этилаётгани, ҳудудларда тасдиқланган “йўл хариталари”нинг ижроси мониторинг қилинаётганини алоҳида таъкидлади. Жумладан, Президентимизнинг тегишли Фармон ҳамда қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йилда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини бошқариш ҳамда улар ишини ташкил қилишнинг янги тизими тўлиқ жорий этилди. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида учтадан, Навоий вилоятида иккита, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида битта кичик саноат зоналари ташкил қилинган. Бундан ташқари, жойлардаги ҳокимликлар томонидан бу борадаги ишлар қатъий режа асосида, янада жадал суръатда олиб борилмоқда. 

Конструктив мулоқот руҳида ўтган йиғилишда яна бир муҳим масала — кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифатига, туманларнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратилди. Деярли барча ҳудудда, чунончи, Мирзачўл, Ёзёвон, Нуробод, Миришкор, Шуманай, Олтинсой, Томди, Янгибозор, Ромитан, Мингбулоқ, Оқолтин, Зангиота туманларининг маҳаллий ички йўллари ачинарли ҳолатга келиб қолгани, бу бўйича зарур чоралар кўриш лозимлигига ҳам иштирокчилар эътибор қаратди.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn