Мурожаатлар тингланди, муаммолар жойида ўрганилди
  • 01 Февраль 2018

Мурожаатлар тингланди, муаммолар жойида ўрганилди

Бугун Ангрен Тошкент вилоятининг истиқболли шаҳарларидан бирига айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили ҳудудга ташрифи чоғида берган тавсия ва кўрсатмалари изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинаётир. Натижада шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, одамларнинг турмуш шароитида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланаяпти.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Ангренда кўплаб тураржой бинолари фойдаланишга топширилди. Янги корхоналар барпо этилди, иш ўринлари яратилди. Биргина “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида 2017 йилда бешта лойиҳа ишга туширилган бўлиб, уларда 400 га яқин йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Шаҳарда ташкил этилган оммавий қабулда бу каби ютуқлар билан бир қаторда, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, қатор вазирлик ҳамда идоралар, банклар раҳбарлари ва масъуллари иштирокидаги оммавий қабул аввалгиларидан фарқ қилди. Гап шундаки, мутасаддилар бу гал юзма-юз мулоқотларда фуқаролар мурожаатларини тинглаш билан чекланиб қолмай, шаҳар аҳлини ўйлантираётган долзарб масалаларни жойига чиқиб ўргандилар.

Асосий эътибор ички йўлларнинг ҳолати, газ, электр энергияси ҳамда иссиқлик таъминоти, эҳтиёжмандларга уй-жой берилиши ва ишсизлик муаммоларига қаратилди. Ёшларни, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш каби масалаларга ҳам аҳамият берилди. Мавжуд муаммолар секторлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрилгани, аҳолининг бу борада муносабати, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашилгани айни муддао бўлди.

Таъкидлаш лозимки, оммавий қабулга ариза, шикоят ҳамда таклиф билан бир қаторда миннатдорлик билдириш учун келганларнинг ҳам сони оз эмас эди. Ногиронлиги бўлган Абдуҳаким Нуронов, Наримон Басиров, Адҳам Усмонов ана шундай ҳамюртларимиздан бўлиб, имтиёзли асосда уй билан таъминлангани улар ҳаётига яхши ўзгаришлар олиб кирганини қайд этишди.

— Икки фарзандимнинг имконияти чекланган. Ўтган йили шаҳримизда ташкил қилинган сайёр қабулда уй-жойга муҳтожлигимизни айтиб, ёрдам сўрагандим. Мана, имтиёзли асосда уй-жойли бўлдик. Миннатдорлигимни айтиш учун шу ерга келдим, — дейди қувончини яшира олмаган Нилуфар Имоматова.

Ана шундай самимиятга тўла сўзларни ангренлик ёш шифокор Бекзод Аҳмедов ҳам оила аъзолари билан биргаликда баён этди. Бу оила ипотека кредити асосида уч хонали уйга эга бўлиб, бугунги кунда хотиржам ва фароғатда ҳаёт кечирмоқда.

Оммавий қабуллар давомида ўнлаб мурожаатлар жойида ечимини топди. Масалан, Ҳафиза Ҳасанова тадбиркорлигини янада кенгайтириш мақсадида ер ажратиш учун шаҳар ҳокимига мурожаат қилган эди. Масала атрофлича ўрганилди. Шу куни шаҳар ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги қарори тадбиркорга топширилди. Қолаверса, ногиронлиги бор ўн нафар фуқарога махсус аравачалар берилди. Эҳтиёжмандлар қўлтиқтаёқ, ҳасса ҳамда бошқа мосламалар билан таъминланди.

Олий маълумотли муҳандис, гидротехник Аҳрор Турғунбоев “Оқова сув” давлат унитар корхонасининг шаҳар филиалига ишга кирганига икки йил бўлди. Ҳанузгача лавозими ҳам, бажарадиган вазифаси ҳам аниқ эмас. Ўзининг таъбири билан айтганда, “навбатчи” — ким меҳнат таътилига чиқса, унинг ўрнига тайинланади. Шу дамга қадар қоровул ҳам бўлиб ишлади, чилангар бўлиб ҳам кўрди. Бу орада икки марта қисқартириш баҳона ишдан четлаштирилди, яна тикланди. Муқим иш сўраб мурожаат қилган мутахассиснинг масаласига узил-кесил нуқта қўйиладиган бўлди.

Муаммоси ҳал этилганлар сафида Равшан Каримов ҳам бор эди. Айрим сабабларга кўра, йигит доимий рўйхатга қўйилмаган. Шу боис бувисининг уйига маҳалла раиси, профилактика инспектори бориб, ушбу масалада хонадон эгасининг розилигини олишди.

Паспорт билан боғлиқ яна бир муаммо. Йигирма олти йил шаҳар мактабларидан бирида ўқитувчилик қилган Тамара Аҳмедовани қийнаётган масала кўпчиликни таажжублантирди. Унинг қўлида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти бор. У мамлакат фуқароси сифатида бўлиб ўтган барча сайловда иштирок этган. Амалдаги тартибга мувофиқ, 45 ёшида ҳеч бир эътирозсиз паспортини алмаштирган. Ҳатто шу паспорт билан тегишли расмиятчиликдан сўнг чет давлатларга ҳам бориб келган. Энди хорижда яшаётган қизининг тўйига бориш мақсадида ҳужжатларни расмийлаштираётганида ўқитувчи аёлнинг паспорти ноқонуний берилган деб топилди. Бормаган идораси, кирмаган эшиги қолмади. Ушбу чигал масалага ечим топишни Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўз зиммасига олишди.

Оммавий қабулга келган Валентина Лукянцева эса Дукент қўрғонидаги ўткир муаммоларни ўртага ташлади. Бу ерда ичимлик суви, табиий газ таъминоти кўнгилдагидек эмас, канализация тизимининг ишламаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Болалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шарт-шароит йўқ. Муваффақиятли фаолият кўрсатган болалар бадиий ижодиёт уйи асоссиз ёпиб қўйилган. Ушбу масалалар юзасидан тегишли сектор раҳбарининг ҳисоботи эшитилди. Муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.

Шу куни фуқаролар томонидан кўтарилган яна қатор масалалар шаҳар масъуллари “йўл харитаси”га киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни жойида ўрганиш мақсадига йўналтирилган оммавий қабуллар Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn