Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи вилоят аҳлига кўтаринкилик, ғайрат-шижоат бағишлади 
  • 01 Февраль 2018

Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи вилоят аҳлига кўтаринкилик, ғайрат-шижоат бағишлади 

Президентимиз мамлакатимизнинг қай бир ҳудудига бормасин, халқ билан мулоқот қилади, аҳолининг дарду ташвишлари билан қизиқади. Жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг ҳақиқий аҳволи билан яқиндан танишади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи вилоят аҳлига кўтаринкилик, ғайрат-шижоат бағишлади. Бу уларнинг таҳририятимизга йўллаётган дил сўзларида ҳам яққол ифодасини топмоқда.

Иброҳим ХОЛИЁРОВ,

Қарши туманидаги “Бахт” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари:

— Дунёда бирор-бир эзгу ҳодисот, кутилган воқеа ўз-ўзидан рўй бермайди. Яхшилик, эзгулик, пок амаллар ҳукм сурган ерда беҳисоб шарофатлар бўй кўрсатади. Шунда, ҳақиқатан ҳам, Ер юзида фақат эзгуликкина мўъжизалар яратишга қодир эканлигига амин бўласан.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан Қашқадарёда ўтган бир йил давомида кўплаб уй-жойлар, замонавий корхоналар, боғу роғлар бунёд этилди.

Ҳар бир туманда амалга оширилган ишларга нисбатан “Аъло даражада, эртага бундан-да аъло бўлишига ишончимиз комил”, дея шукроналар айтамиз.

Фермерлик мисолида сўз юритсам, Президентимиз кўп тармоқли фаолият ҳақида бежиз жон койитиб гапираётганлари йўқ. Қишлоқ мулкдори фақат пахта, ғалла, мева-сабзавот етиштириш билан чекланиб қолмаслиги керак-да ахир. Ўз ҳосилини ўзи қайта ишласа, тайёр маҳсулотга айлантириб бозорга чиқарса, мўмай даромад эмасми?! Қўшимча иш ўринлари ҳисобидан шу ерлик ёшларнинг ҳам бандлиги таъминланади. Шундан келиб чиқиб, хўжалигимизда янги мажмуага асос солганмиз. Чорвачилик, паррандачилик, йилқичилик, туячилик ҳамда қуёнчилик билан бир қаторда, бир гектар майдонда иссиқхона фаолиятини ҳам йўлга қўйдик. Бу ерда лимон ва апельсин кўчатларини парваришлаяпмиз. Кечки помидор ҳамда бодринг етиштирмоқдамиз. Ўз навбатида, хориждан келтирилган илғор технологияларимиз кунига 1 тонна гўшт ва яна шунча сутни қайта ишлаш имкониятига эга. Тайёрланаётган колбаса, сут, кефир, пишлоқ ҳамда сметана сингари ноз-неъматларни ички бозорга етказиб бераяпмиз.

Давлатимиз раҳбари хўжалигимиз фаолияти билан танишиш асносида қўшимча тармоқларни янада кенгайтириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бердилар. Бу келгуси фаолиятимизда дастуриламал бўлади.

 

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби:

— Давлатимиз раҳбари Шаҳрисабзга келиб, “Дор ут-тиловат” мажмуаси, Кўк гумбаз масжиди, Шайх Шамсиддин Кулол, Гумбази Саййидон мақбараларини зиёрат қилдилар. Сўнг Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳига бордилар, ўз ҳурмату эъзозларини бажо келтирдилар.

Қаранг, айнан шу арафада Қашқадарёга қор ёғди. Эртасига эса обираҳмат.

Буюк аждодларимиз руҳи шод бўлганининг акс садосидек шундай баракотлар бизга туҳфа этилди.

Вилоятимиздаги ҳар бир фермеру деҳқоннинг кўнглидан шу фикрлар ўтган бўлса, ажаб эмас.

Қутлуғ қадамнинг хосияти кўп, дейди элимиз.

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида вилоятимизга ташрифи чоғида Абу Муин Насафийнинг Қарши туманида жойлашган мақбарасини обод қилиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берган эдилар. Мана, орадан қарийб бир йил ўтиб, бу жой табаррук зиёратгоҳ қиёфасини олаяпти. Буюк олимнинг асарларини мутолаа этиш ҳамда халқимизга етказиш учун кутубхона ташкил қилинаётир. Куни кеча Юртбошимиз бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида уламолар билан суҳбат қурдилар. Абу Муин Насафий китобларини қайта нашрга тайёрлаш зарурати ҳамда улкан тарбиявий аҳамияти хусусида гапирдилар. Албатта, бу эзгу амаллар ёшларнинг маърифатига, маънавиятига чексиз куч-қувват бахш этади, муқаддас динимиз софлигини асрашга хизмат қилади.

 

Севинч ҲАМРОЕВА,

Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган

мактаб-интернати ўқувчиси:

— Ўзбекистоннинг энг бахтиёр қизларидан бириман! Чунки Президентимиз ҳузурида шеър ўқидим! Тўғри, жудаям ҳаяжонландим. Лекин шундай даргоҳда ўқиётганимни эслаб дадиллигим ошди. ўурур билан қаддимни тик тутдим.

Давлатимиз раҳбарига Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаблар ўқувчилари билан онлайн тарзда ўтказган мушоирамиз ҳам маъқул бўлди. Абдулла Ориповдек буюк шоир номига муносиб фарзандлар бўлиб етишинглар, деб тилак билдирдилар бизга. Шундан сўнг бир гуруҳ ўқувчилар Юртбошимиз совғасини қабул қилиб олдик. Бу кунни сира унутмаймиз.

«Халқ сўзи» мухбири

Аҳад МУҲАММАДИЕВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn