Элим деб, юртим деб яшаган инсон ҳеч қачон унутилмайди
  • 31 Январь 2018

Элим деб, юртим деб яшаган инсон ҳеч қачон унутилмайди

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида таълим муассасалари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида хотира кечалари ўтказилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг туғилган куни — 30 январда Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ана шундай тадбир ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ҳамда идоралар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, пойтахтимиз аҳолиси ҳамда меҳмонлари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Биринчи Президентимизнинг фидойилик, мардлик, ватанпарварлик каби фазилатлари барчамиз учун ёрқин ибратдир. Улуғ инсоннинг мамлакатимиз тинчлигини асраш, тараққиётини таъминлаш йўлида амалга оширган ишларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Нукусда ўтказилган давра суҳбатида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адиблар, олимлар ҳамда ёшлар қатнашди. Унда мустақиллигимиз асосчисининг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари алоҳида таъкидланди. Жумладан, Биринчи Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудуди қатори Оролбўйида ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Туман ва шаҳарлар, қишлоқ ҳамда олис овуллар янгича қиёфа касб этди, замонавий корхоналар, ижтимоий объектлар қад ростлади, коммуникация тармоқлари барпо қилинди.

— Ислом Каримов бутун ҳаёти ва фаолияти давомида “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!”, “Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!” деган эзгу ғояларга амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратди, — дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти профессори Каримбой Қурамбоев. — Биринчи Президентимиз гўзал Ватанини жонидан ортиқ севар, халқининг манфаатларини муҳофаза этиш ва рўёбга чиқаришни ҳаётининг бош мақсади, деб биларди. Шу боис ушбу сиймо кўп миллатли халқимиз қалбидан чуқур жой олди.

Тадбирда Ислом Каримовнинг рафиқаси Т. Каримова, академик С. Рашидова ҳамда бошқалар йиғилганларга Биринчи Президентимизнинг оғир ва мураккаб даврда юртимизда тинчлик ҳамда тараққиётни таъминлаш, ёш авлод учун бахтли келажак яратиш йўлидаги хизматлари ҳақида сўзлаб берди.

Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Истиқлол меъмори” ҳужжатли фильми барчада катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги Андижон вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. “Тошкент премиум” тантаналар саройида буюк сиймо хотирасига бағишланган эҳсон тадбири бўлиб ўтди. Дастурхон атрофида жамулжам бўлган жамоатчилик вакиллари мустақиллигимиз асосчисининг меҳнат фаолияти ҳамда юртимиз тараққиётидаги хизматларини ёдга олдилар. Қуръон тиловат қилиниб, элга ош тарқатилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят театрида бўлиб ўтган тадбирда Биринчи Президентимиз фаолиятига доир видеороликлар намойиш этилди. Санъат намояндалари ижросидаги куй-қўшиқларда Ватан, тинчлик ва мустақиллик тараннум қилинди.

Наманганда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда Биринчи Президентимизнинг Ватан ҳамда халқ бахт-саодати йўлида амалга оширган улкан ишлари ифтихор билан тилга олинмоқда. Вилоятдаги муҳандислик-қурилиш институтида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китоби, Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарлари, шунингдек, “Президентга мактублар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

— Ислом Каримовнинг Наманган ҳамда наманганликлар ҳаёти, гуллар шаҳрини ривожлантириш йўлидаги хизматларини асло ёддан чиқармаймиз, — дейди Наманган давлат университети профессори Турсунбой Файзуллаев. — Бу инсон, айниқса, ўтган асрнинг таҳликали тўқсонинчи йилларидан халқимизни эсон-омон олиб чиққанлигини авлодлар доимо миннатдорлик билан эслайди.

Вилоят марказидаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида ўтказилган анжуманда Биринчи Президентимизнинг порлоқ хотираси ёдга олиниб, эҳсон оши тортилди.

Бундай тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn