Ҳаётий ислоҳотлар хотин-қизлар турмушида акс этмоқда
  • 31 Январь 2018

Ҳаётий ислоҳотлар хотин-қизлар турмушида акс этмоқда

Аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш бугунги кунда ўта долзарб масалалардан ҳисобланади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу вазифаларни сўзсиз бажаришда масъул ташкилотларнинг фаоллигини кучайтириш муҳимлиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки опа-сингилларимиз турмуш шароитларидаги айрим камчиликлар, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги эътиборсизликлар бу борада тизимли саъй-ҳаракатлар олиб боришни талаб этмоқда.

Мазкур жараёнда жамоат ташкилотлари, хусусан, хотин-қизлар қўмиталари мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлардан хулоса чиқариб, янгича ёндашув асосида фаолият юритаяпти. Буни республикамизнинг энг чекка, чегара ҳудудларидан бўлган Пахтаобод туманида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Айтиш жоизки, бугун ҳар бир хонадонга, оилага кириб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, ўзгалар ҳимоясига муҳтож қатламига, ногиронлиги бор фуқароларга, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш фаолиятимизнинг устувор йўналишига айланди.

Айниқса, қўмитамиз томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича республика ишчи гуруҳи кўмагида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар аёлларнинг дарду қувончига шерик бўлиш, уларнинг ўз турмушидан, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оналар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олишда яққол намоён бўлаяпти. Мисол учун, ўтган йили туманимизда хотин-қизлар учун 1215 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, уй-жойга муҳтож ногиронлиги бор 7 нафар аёлга замонавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойлар топширилди. Жорий йилда 25 нафар ана шундай опа-сингилларимизни янги уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу йилнинг бошида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туманимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида “Нафосат” тикув цехи ишга туширилди. Бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур цехда меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бор 40 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Йил охирига қадар яна шундай 3 та цех ташкил қилиниб, 228 нафар ногиронлиги бор аёлнинг бандлигини таъминлаш туман “йўл харитаси”га киритилди. Албатта, мазкур ишларни бажаришда Президентимизнинг 

2017 йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ҳамда 2017 йил 1 декабрда имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоқда.

Туманимизда аҳоли билан мулоқот тизимли йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган қисқа даврида “Пушмон”, “Шовруқ”, “Тўққизбоғ”, “Учқўрғон” ва “Зиёли” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1 минг 610 хонадонга ташриф буюрилиб, одамларнинг яшаш шароити, муаммолари ўрганилди. Ушбу жараёнда фуқароларнинг саломатлиги, бандлиги, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит, банклардан кредитлар олиш билан боғлиқ ҳамда бошқа қатор масалалар бўйича 1 минг 625 та муаммо аниқланди. Мутасадди ташкилотлар билан биргаликда қарийб 1 минг 300 дан зиёд масалалар жойида ҳал қилинди. Маҳаллалардаги узоқ муддат хорижда ишлаб, шунингдек, қамоқ жазосини ўтаб қайтганлар, профилактик ҳисобга олинганлар, нотинч ва кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз яшаётган фуқароларга мутасаддилар бириктирилди.

Ҳудудимизда “Ёшлар қабулхона”лари, турли фан ҳамда спорт тўгараклари, хорижий тилларни ўргатиш маркази, тикув цехини ўз ичига олган, барча қулайлик ва замонавий қиёфага эга “Ёшлар маркази”нинг фойдаланишга топширилгани пахтаободлик йигит-қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Айтиш мумкинки, Республика ишчи гуруҳи олиб бораётган ишларимизнинг янада тизимли, манзилли, натижали бўлиши учун услубий кўмаклашмоқда. Бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсак, энг аввало, ногиронлиги бор инсонлар, турмуш шароити оғир аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз.

Жумладан, айни пайтда туманимизда 1238 нафар ногиронлиги мавжуд, имконияти чекланган хотин-қиз истиқомат қилади. Аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммолари, эҳтиёжлари яна бир бор батафсил ўрганилди. Улардан 51 нафарининг уй-жойга муҳтожлиги, 273 нафарининг саломатлигини мустаҳкамлаш, реабилитация воситаларига зарурати, 540 нафарининг меҳнат қилиш учун лаёқати борлиги аниқланиб, ҳар бир муаммо “йўл харита”ларига киритилди.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида аҳоли хонадонларига кириш давомида оғир турмуш шароитида яшаётган 67 нафар аёлнинг, биринчи навбатда, бандлигини таъминлашни кўзда тутган режа вилоят дастурига киритилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида 14 нафар имконияти чекланган, шу билан бирга, меҳнат қилиб даромад топиш истагида бўлган хотин-қизларнинг ҳам рўйхати шакллантирилди.

Жиноятчилик профилактикаси бўйича берилган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, хотин-қизлар қўмитаси, унинг 1500 нафардан ортиқ фаоллари, 213 та бошланғич ташкилоти билан биргаликда, энг аввало, нотинч оилалар билан ишлаш, уларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, тумандаги ҳар бир маҳаллани “Жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантиришда “Қулф-калит” тизимини жорий этиш ва амалга ошириш учун алоҳида режалар белгиланди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ошириш, ўсмир қизлар соғлиғини тиклаш муҳим масалалардан ҳисобланади. Бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларида хотин-қизлар фаолларини умумий амалиёт шифокорларига бириктириш орқали Саломатлик мактаби ишини тизимли ташкил этишимиз, шубҳасиз, эзгу мақсадларимиздан бири бўлади.

Биз ушбу саъй-ҳаракатларнинг давомийлигини таъминлаймиз. Зеро, бу каби ислоҳотлар ҳар бир аёлнинг ўзини чин маънода бахтли ҳис қилишига кенг имконият яратади.

Одинахон ҲАЙИТАЛИЕВА,

Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари,

туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn