Ислом Каримов хотираси қалбларимизда мангу яшайди
  • 31 Январь 2018

Ислом Каримов хотираси қалбларимизда мангу яшайди

Мамлакатимизда Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг атоқли фарзанди Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ. Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақил, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айлантирди. Биринчи Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, давлатимиз тараққиёти йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилгани халқимиз учун ибрат намунаси бўлиб қолди.

...2018 йил, 30 январь. Биринчи Президентимиз бир неча йил меҳнат қилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри. Атроф оппоқ қорга бурканган, осмон мусаффо. Муаззам бино тепасида давлатимиз байроғи ҳилпирайди.

Бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, Қашқадарё вилоятининг кенг жамоатчилиги, талаба-ёшлар Ислом Каримов ҳайкали очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиш учун йиғилган.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ислом Каримов ўша оғир ва мураккаб йилларда, кейинчалик мустақиллик даврида ҳам Қашқадарё вилоятининг иқтисодиётини кўтариш, одамларни рози қилиш йўлида тиним билмай меҳнат қилди. Вилоят аҳли, ёши улуғлар у кишининг меҳнатсеварлиги, эзгу ташаббуслари ва беминнат ёрдамларини доимо ёдда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Юртбошимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ислом Каримов бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам юксак обрў-эътибор қозонди.

Буюк Йўлбошчимиз бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатнинг амалий ифодаси бўлди. Қарорда кўзда тутилганидек, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Пойтахтимизнинг Фарғона йўли кўчасидаги жоме масжидга “Ислом ота” номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Қарор ижроси доирасида Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мамлакатимиз бўйлаб маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда.

Маросимда Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раиси Эсонбой Ражабов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Қарши давлат университети доценти Абдураҳим Эркаев, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова сўзга чиқиб, Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё халқини чексиз муҳаббат билан севгани, бу воҳани саноати ривожланган ҳудудга айлантиргани, қолаверса, бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади.

Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди.

Кенг жамоатчилик вакиллари Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

* * *

Буюк давлат ва жамоат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида 30 январь куни Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз жамоатчилиги вакиллари, юртимизнинг барча ҳудудидан келган фаоллар, нуронийлар, ёшлар иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигимиз асосчиси, буюк сиёсатчи ва оқил ислоҳотчи Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади.

Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрь куни ўз васиятига кўра, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр масжиди мажмуасида дафн этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Биринчи Президентимизнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматларига муносиб улуғвор мақбара мажмуаси қуришга қарор қилинди.

“Бу табаррук маскан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг азиз ва ардоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мангу оромгоҳидир”. Ушбу сўзлар мажмуага кираверишда ўрнатилган мармар лавҳада ўзбек ва инглиз тилларида ёзиб қўйилган.

Ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди ва бутун жаҳон маданий меросининг объектларидан бири ҳисобланган Ҳазрати Хизр масжидига уйғун мақбара лойиҳаси тасдиқланди.

Мажмуа қурилишига юртимизнинг турли ҳудудларидан моҳир қурувчилар, уста ва ҳунармандлар жалб этилди. Мақбара учун хориждан қимматбаҳо тошлар, айвон устунлари ва зина панжаралари, ёзувли оқ оникс ва оникс тошлари келтирилди.

Мақбара ичида оқ қабр тоши ўрнатилди. Деворлар қимматбаҳо тошлар билан безатилиб, уларга олтин суви билан ишлов берилди. Мақбаранинг пастки қисми яшил оникс тошлар билан қопланган. Гумбази Ҳазрати Хизр мажмуаси билан ҳамоҳанг тарзда барпо этилди.

Мажмуа ҳудудида миллий услубдаги айвон бунёд этилди. Бу ерда зиёратга келувчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилган, ўриндиқлар қўйилган. Айвон пештоқларида Қуръони карим оятлари ҳамда Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзилган.

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида лифт, имконияти чекланганлар учун кўтаргич мосламалар ўрнатилди. Замонавий тунги ёритиш тизими яратилди. Ислом Каримов кўчасини мажмуа билан боғловчи кўприк барпо этилди.

Қурилиш жараёнида Ҳазрати Хизр масжиди ҳам реставрация қилинди, минора керамика тошлари билан безатилди. Мажмуага олиб борувчи йўлакларга гранит тош терилди. Бельгиядан келтирилган каштан (қорақайин), шунингдек, Қрим қарағайи, можжевельник (қора арча), бутасимон дарахтлар экилди, яшил майсазорлар ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари кейинги бир йилдан кўпроқ вақт давомида Самарқандга ҳар бир ташрифи чоғида мажмуа қурилиши жараёни билан яқиндан танишди. Ушбу масканни юртимизнинг энг қутлуғ қадамжоларидан бири сифатида обод қилиш, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида маслаҳат ва тавсиялар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Меҳнат фахрийси Тўлқин Аҳмаджонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова, Самарқанд шаҳридаги ўафур ўулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон ўафуров, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова ушбу мажмуа давлатимиз ва халқимизнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми сифатида қутлуғ зиёратгоҳ бўлишини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари мақбарани зиёрат қилиб, гуллар қўйдилар.

Маросимдан сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди.

Ислом Каримов мақбара мажмуасига Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган фаоллар, кенг жамоатчилик, турли идора ва ташкилотлар вакиллари, Самарқанд вилояти аҳолиси томонидан гуллар қўйилди. Биринчи Президентимизнинг порлоқ хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

30 январь куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди, эҳсон ошлари берилди, деб ёзади ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn