Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
  • 30 Январь 2018

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот

Зангиота туманидаги “Highway Logistics” замонавий логистика марказида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун семинар-тренинг ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан уюштирилган ушбу тадбирда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги масъул ходимлари, сертификатлаштириш органлари ҳамда молия муассасалари вакиллари, халқаро ташувларни амалга оширувчи маҳаллий ҳамда хорижий автоташувчилар, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Марказ ҳудудида божхона бўлими ташкил этилган бўлиб, у ерда божхона пости, декларация тўлдириш, марказлашган маҳсулотлар ғазнаси, банк, сертификатлаштириш ва кўрикдан ўтказиш бўлимлари, логистика хизматларини кўрсатувчи, товар жўнатиш ҳамда қабул қилувчи компаниялар, божхона брокерлари фаолияти йўлга қўйилган. Эътиборлиси, мазкур барча хизматлар “Ягона дарча” маркази орқали амалга оширилади. Бу эса ишбилармонларга катта қулайлик яратмоқда.

— Мамлакатимизга олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган товар ҳамда транспорт воситалари фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида бир маротаба божхона кўригидан ўтказиш, шунингдек, аэропортдаги божхона постларида фуқароларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказиш жорий қилинди, — дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Исмоилов. — Бу ислоҳотларнинг бошланиши. Келгусида бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш ниятидамиз.

Кўп тармоқли хизмат турларини ўзида жамлаган логистика марказида янги лойиҳа ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали расмийлаштируви жараёнларини соддалаштирилган кўзда тутилган. 

Хусусан, товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодини аниқлаш бевосита ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг ўзида экспресс-лабораторияларда ўрнатилган махсус замонавий дастгоҳлар ёрдамида аниқлаш, катта ҳажмдаги юк ташувчи маҳаллий ва хорижий автотранспорт воситаларида юкларни республикамиз ҳудудида ҳаракатланиши ва ташувчиларга рухсатнома ҳужжатларини беришга доир жараёнларни соддалаштириш имкониятлари яратилмоқда.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn