Халқимиз янгиланишлар самарасидан беҳад мамнун
  • 30 Январь 2018

Халқимиз янгиланишлар самарасидан беҳад мамнун

Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишуви, учрашув ҳамда мулоқотларда билдирган фикр-мулоҳазалари воҳа аҳли томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Улар давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар келгусидаги улкан муваффақиятларга асос бўлишини таъкидлашмоқда. Буни қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди.

Анзур НОРМУРОДОВ, Яккабоғ туманидаги “Дармон-фарм” хусусий корхонаси раҳбари:

— Юртбошимизнинг корхонамизга келиши жамоамиз учун унутилмас воқеа бўлди. Президентимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни кўздан кечирар экан, бундай замонавий технологияларни ёшларимизга кўпроқ ўргатиш лозимлиги ҳақида гапирдилар. Шунингдек, мавжуд ишчи кучи ва имкониятлардан унумли фойдаланишга доир қимматли маслаҳатлар бердилар.

Корхонамиз қошида “Дармон шарбати” ишлаб чиқариш субъектини очганимизга кўп бўлгани йўқ. Қисқа даврда бу ерда мева шарбатларини қайта ишлаб, 1,5 ҳамда 3 литрли махсус идишларга қадоқлашни йўлга қўйдик. Европадан келтирилган ускуналарни 30 дан зиёд ёшлар моҳирлик билан бошқармоқда. Улар ёрдамида бир кеча-кундузда 20 тонна хом ашё қайта ишланаяпти. Олма, ошқовоқ, сабзи ва бошқа неъматлар шарбатлари табиий хусусиятларини сақлаб қолгани билан харидорларга манзур бўлмоқда. Маҳсулотларимизга, айниқса, россиялик ишбилармонлар катта қизиқиш билдиришаяпти. Улар билан экспорт юзасидан келишувга эришганмиз. Президентимиз берган кўрсатма ҳамда тавсиялар бу соҳадаги муваффақиятларимиз кенгайишига асос бўлади.

Отабек ОЛИМЖОНОВ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё минтақавий бўлими бошлиғи:

— Воҳамиз тарихий обидаларга бой. Сўлим ва баҳаво манзилларимиз кўп. Бепоён кенгликларимиз, Ачинкўл, Сечанкўл каби ҳавзаларимиз бор. Яккабоғ, Китоб туманларидаги осмонўпар тизмалар кимни маҳлиё этмайди, дейсиз?! Этнографик ва экотуризмга мос жойларимиз ҳам истаганча топилади. Лекин ҳали бу имкониятлардан тўлақонли фойдалана олаётганимиз йўқ. Олдимизда ҳал қилиниши лозим бўлган қатор устувор вазифалар турибди.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида айни шу масала хусусида ҳам тўхталиб ўтдилар. Учрашувда “Чўлдан — қорли тоғ чўққиларигача” деб аталадиган лойиҳа тақдимотини ўтказдик. У Косон, Муборак, Касби, Миришкор, ўузор, Деҳқонобод туманлари бўйлаб экотуризм саёҳатлари ташкил этишни назарда тутади. Шаҳрисабз туманининг Кўл қишлоғидан Ҳисорак сув омборигача бўлган 40 километр узунликдаги дарёда эса рафтинг спорт туризми йўлга қўйилади. Қолаверса, меҳмонхоналар қурилиши бўйича 14 та, истироҳат боғларини барпо қилишга доир 3 та лойиҳа тақдим этилди. Бундан ташқари, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган ҳамда ўсиб-улғайган қадимий манзиллар, бебаҳо маданий ёдгорликларимиз сайёҳлар оқими кенгайишига хизмат қилади.

Президентимиз мазкур лойиҳаларимизни қўллаб-қувватлагани кучимизга куч қўшди. Келгусида туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Момосулув БЕРДИҚУЛОВА, Чироқчи туманидаги “Чироқчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Юртбошимиз вилоят фаоллари билан учрашувда кўплаб долзарб масалалар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шулардан бири — хотин-қизлар учун муносиб турмуш шароити яратиш ҳақида бўлди. Энди жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллалар мутасаддилари никоҳ, қайнона-келин муносабатлари, нотинч оилалар билан алоҳида шуғулланишини эшитиб хурсанд бўлдик.

Ўзбек аёллари, қизларимизнинг иш излаб четга чиқиб кетишлари ҳам ниҳоятда оғриқли масала. Президентимиз бу ҳақда ҳам куйинчаклик билан гапирдилар. Мен аёл сифатида ана шу сўзларни юрагимдан чуқур ўтказдим. Энди бундай ҳолатларга ҳеч биримиз бепарво, томошабин бўлиб туришимиз мумкин эмас. Ҳар бир хонадондан хабардор бўлишимиз, аёллар учун иш ўринлари яратиш, оналар соғлиғини муҳофаза этиш учун бир ёқадан бош чиқариб, мамлакатимиз раҳбарига камарбаста бўлишимиз зарур.

«Халқ сўзи» мухбири Аҳад МУҲАММАДИЕВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn