Совуқда қолиб кетган бола бутун тумандаги мактабларни қутқариб қолди 
  • 29 Январь 2018

Совуқда қолиб кетган бола бутун тумандаги мактабларни қутқариб қолди 

Хабарингиз бор, бундан бир неча кун олдин, тўғрирорғи, январь ойининг бошида Хитойнинг камбағал қишлоқларидан бирида яшовчи 8 ёшли Ванг Фуман исмли болакай бир кунда ижтимоий тармоқлар юлдузига айланганди. “Спутник” ахборот порталида ана шу митти қаҳрамоннинг асли ким эканлиги, мурғак қалб эгаси фидойилик кўрсатишига нима сабаб бўлгани, унинг жасурлиги, иродаси тагзамини, ҳақиқий ўғил боланинг кейинги саргузаштлари ҳақида қизиқарли материал берилди. 

Унда ёзилишича, Ванг Фуман Хитой шимолида жойлашган Синьцзе номли кичик посёлкада яшайди. У ҳар куни мактабга бориш учун 5 км масофани пиёда босиб ўтиши керак. Ўша куни эрталаб кескин совуқ тушган ва ҳаво ҳарорати - 9 даражагача совиб кетган. Устига устак, унинг иссиқроқ курткаси ҳам бўлмаган, лекин бу қийинчиликлар болакайни тўхтата олмаган, у барибир мактабга йўл олган.

Мактаб директори Фу Хэннинг айтишига қараганда, у болакайни кўриб ўз кўзига ишонмаган. У синфга кирганда сочлари ва қошларида узун-узун муз бўлаклари қотиб қолган бўлган. Юзи эса совуқдан оловдек қип-қизариб кетган эди.

У болакайни шу кўринишда суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Сурат бир зумда оммавийлашиб кетган.

Нафақат Хитой балким дунёнинг барча нуқталаридан болага ёрдам беришни истайдиганлар пайдо бўлган. Болакайни “Ice Boy”, яъни “Муз бола” деб аташган.

Мактаб директори айтишига қараганда, болакай бувиси ва опаси билан жуда камбағал шароитда яшайди, лекин ўқишда жуда тиришқоқ, чунки у ўз турмуш шароитини фақат илм олиш билан яхшилашига ишонади.

Тез орада бутун дунёдан болакай ўқийдиган мактабга 15 000 АҚШ доллари миқдорида хайрия пули келиб тушган. Унга 20 та иситгич ва 144 жуфт иссиқ кийим-бош сотиб олинган.

Ушбу воқедан бироз ўтиб, болакайни Пекин шаҳрига таклиф қилишган. У ерда Вангни катта эҳтиром билан кутиб олишган ва унинг шарафига хайрия тадбири ташкиллаштирилган. Болакай телеканаллар орқали ўзи бошидан кечирган воқеани сўзлаб берган. Шундан сўнг салкам 3 миллион юан(450 000 доллар)га яқин хайрия пули жамланган. 

Хабарда айтилишича, ушбу маблағ болакай яшаб турган тумандаги барча мактабларни иссиқлик билан таъминлашга етади

Келажакда полиция ходими бўлишни орзу қилган бола учун полициячилар Пекинда экскурсия ташкил этиб беришган. Уни полициячилар ўз мотоциклига миндиришган, парк ва сунъий қояга олиб боришган. Айни пайтда самолёт ва поездга илк бор минган. Аммо, болакайнинг айтишига қараганда, унда энг катта таасурот қолдирган нарса, бу – Пекиндаги уйларнинг иссиқлиги бўлган.

“Бу ерда уйлар шунчалик иссиқ эканки, бир қават кийимда ҳам ухлаш мумкин. Биз уйимизни иситиш учун кўмир ёқамиз ва бир неча қават кийим кийиб ётамиз”, - деган болакай журналистларга.

Болакайнинг мухлислари эса унинг тиришқоқлигига қойил қолиб, у келажакда албатта муваффақиятга эришишига ишонишмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn