11 ойлик чақалоққа суиқасд қилинганми?
11 ойлик чақалоққа суиқасд қилинганми? Фото: Газета.uz
  • 29 Январь 2018

11 ойлик чақалоққа суиқасд қилинганми?

Айни пайтда танасида 16 та игна ва сим бўлаклари топилган ўн бир ойлик чақалоқ ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Гўдакнинг умумий аҳволи қандай? Бу мудҳиш жиноят ким томонидан содир этилган?.. Шу каби саволлар кўпчиликни қизиқтирмоқда. Мухбиримиз уларга жавоб топиш мақсадида бир қатор идораларга мурожаат қилди.

Республика Соғликни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда чақалоқ тирик.  Шифокорлар болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга  солишмоқда.

Ҳозир республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Фарғона вилояти филиалида даволанаётган 11 ойлик Азизбек Абдумажидовнинг онаси Шоҳсанам Болтабоева Тошлоқ туманидаги  “Найман”  маҳалла фуқаролари йиғинидаги “Истиқлол”  кўчасида яшайди. Ушбу хонадонда содир бўлган мудҳиш воқеа бутун маҳалладошларни қаттиқ ларзага солди. Азизбекнинг танасидан олинган игналар ва сим бўлаги  ҳақидаги  хабарлар ҳаммани аччиқ ўйга толдириб қўйди. 

Фарғона вилояти прокуратураси махсус хабарномасида таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани прокуратураси ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширишлар олиб борилган. Натижага кўра, тўпланган далиллар ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб Азизбек Абдумажидовнинг танасида аниқланган игналар ва сим бўлагини унинг танасига яқин қариндошлари ёки бошқа шахслар томонидан ташқи куч таъсири остида киритилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш орқали, яъни чуқур текширмасдан туриб ҳақиқатни аниқлаб бўлмаслиги ойдинлашди. 

— Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, — дейди вилоят прокуротураси бўлиб бошлиғи Ғайратжон Муҳаммадиев. — Чақалоқ танасидаги игналар оғиз бўшлиғи орқали яқинларининг эҳтиётсизлиги натижасида танасига кириб қолганми ёки ҳақиқатдан ҳам чақалоқ ҳаётига суиқасд қилинганми? Бунга терговнинг якуний натижаси орқали баҳо берилади. 

Азизбекнинг танасига бу қадар озор етказиш сабабларига тез кунларда ойдинлик киритилади, албатта. Ҳаммани ларзага солган мудҳиш  воқелик қасддан содир этилган бўлса,  жиноятчига жазо муқаррар. 

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.           

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn