Жиззахликлар секторлар фаолиятидан мамнунми?
  • 27 Январь 2018

Жиззахликлар секторлар фаолиятидан мамнунми?

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги Фармонига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасида йўлга қўйилган янги тизим жойларда аҳоли кенг қатлами билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар ечимининг самарали механизм ҳамда усулларини жорий этишга замин яратмоқда. Ҳар бир мурожаатни қонуний, адолатли, холис ва тўлақонли ўрганиш, одамларни рози қилиш бунда устуворлик касб этаётир.

Айни мақсадда Жиззах вилоятининг шаҳар ҳамда туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари иштирокида оммавий қабуллар ташкил этилди.

Шу ўринда келтириш жоизки, ўтган йили мазкур вилоятда республика миқёсидаги давлат органлари мутасаддилари фуқаролар билан бир неча маротаба тўғридан-тўғри очиқ мулоқотлар ўтказиб, 800 та мурожаатни ўрганиб чиққан эди. Бу гал эса аҳолининг ариза, шикоят ва таклифлари билан яқиндан танишибгина қолмай, махсус ишчи гуруҳи ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тураржойларнинг қиш мавсумидан беталафот чиқиши юзасидан ҳам ўрганишлар олиб борди.

— Соғлиғим ёмонлашганидан азият чекаман, ногиронлик гуруҳига чиқиш ва ногиронлик аравачаси олиш учун туман раҳбарларига бир неча марта мурожаат қилганман, аммо бу муаммога ечим топилмади, — дейди Бахмал туманининг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шодмон қишлоғида яшовчи Ойзода Қорабекова. — Бугунги оммавий қабулда мени эътибор билан тинглашди, ногиронликка чиқишга ҳужжатлар тайёрланадиган, аравача ҳам бериладиган бўлди... Менга ўхшаб қийналиб юрган одамлар дардига малҳам бўлаётганлардан беҳад миннатдорман.

Тадбир асносида таъкидландики, давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жойларда ташкил қилинган секторлар аъзолари уйма-уй юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаб, “маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойилига мувофиқ ҳал этиш чораларини кўриши керак бўлган бир пайтда бу борада кутилган натижаларга эришилмоқда, дейиш қийин. Буни, хусусан, Жиззах вилояти фуқароларининг Виртуал қабулхона ҳамда Халқ қабулхоналарига мурожаатлари сони камайиш ўрнига ошиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Ғаллаорол тумани ҳокимлигига яшаб турган уй-жойимга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун мурожаат қилдим, — дейди “Қўйтош” МФЙ Навоий маҳалласида яшовчи Бобур Эгамбердиев. — Мурожаатимни ўрганиш туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходими С. Тўғизов зиммасига юклатилди. Барча ҳужжатни тақдим қилган бўлсам-да, расмийлаштиришни турли баҳоналар билан орқага суриб келишди. Анча сарсон бўлдим. Оммавий қабулдан сўнг шунча овораи сарсонгарчилигим барҳам топди — уй-жой кадастр ҳужжатлари бир неча соатда расмийлаштирилди.

— Собиқ турмуш ўртоғим Латиф Номозов, мана, неча йиллардан буён фарзандимиз учун алимент тўламай, қонуний мажбуриятидан қочиб юрганди, — дейди Фориш туманининг “Қўлба” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Гулмира Бозорбекова. — Ҳеч натижа бўлмагач, Халқ қабулхонасига келиб, ёрдам кўрсатишларини сўрадим. Шу куннинг ўзида собиқ эримдан алимент пулининг бир қисми ундириб берилди, қолганини бир ой ичида оладиган бўлдим.

Вилоятда уч кун давом этган оммавий қабулда 837 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилди. Шундан 139 таси жойида қаноатлантирилди, 44 фуқарога тушунтиришлар берилди, 654 ариза қўшимча вақт ҳамда ўрганишлар талаб қилгани учун масъул идораларга юборилди.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Виртуал қабулхона тизимининг такомиллаштирилган янги шакли ишга туширилиши, унда фуқароларнинг мурожаатлари секторлар кесимида акс этиши, келиб тушган мурожаатлар сонига кўра секторлар фаолиятига баҳо берилиши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, ҳудудларда бандлик, соғлиқни сақлаш, банк-кредит ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш соҳаларида аниқланган камчилик ҳамда муаммоларни секторлар раҳбарлари етакчилигида 15 кунлик муддатда бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn