Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 03 Июнь 2014

Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори

Фарзанд — оила қувончи, жамият таянчи. Шунинг учун ҳам “Бола азиз, одоби ундан азиз” деганларидек, халқимизда ўғил-қизларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш энг улуғ ҳамда муқаддас мақсад саналади.

Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида эртамиз эгаларининг камолотини ўйлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юртимизда навқирон авлод тақдири нечоғлиқ юксак эътибор ва ғамхўрлик оғушида эканлигини англатади. Бундай эъзоз ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида қайд этилганидек, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради”. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 январдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида ҳам боланинг ҳуқуқий кафолатлари ҳақида сўз юритилган.
Ҳамма нарса таққосда кўзга яққол ташланади. Бугун мамлакатимизнинг қайси бир гўшасига бормайлик, у ерда болаларга кўрсатилаётган эъзоздан қувончимиз ортади. Хусусан, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 1 июлдаги “2009 — 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг бош мақсади оилани мустаҳкамлаш, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга қаратилган.
Жорий йилнинг Президентимиз томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши болалар ҳамда ёшларнинг манфаатларини ҳимоялаш, уларни уйғун камол топтиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдан иборат. Давлат дастурида ҳам, аввало, соғлом насл, соғлом она ва бола йўналишидаги ишларни амалга ошириш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, ёшларда соғлом ва аҳил оила қуришга интилиш иштиёқини шакллантириш назарда тутилган.
Айтиб ўтиш керакки, ушбу йўналишда бошқа йилларда бўлганидек, 2013 йилда ҳам ибратли ишлар амалга оширилди. Мисол учун, болалар ва ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўлиқ таъминланди.
Бу қарийб 2,7 минг боланинг туғма хасталиклар ва ривожланишдаги нуқсонлар билан туғилишининг олдини олиш имконини берди, деганидир. Мухтасар айтганда, “Она ва бола скрининги” дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ривожланишда нуқсони бор болаларнинг туғилиши 2000 йилдагига нисбатан 1,8 марта камайди.
Қолаверса, аҳолининг овқатланишини яхшилаш, ун ва тузни зарур микроэлементлар билан тўйинтириш, оналар ва болаларни витаминга бой дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли бугунги кунда болаларимизнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келиши ҳам мазкур тизимда эришилган катта ютуқларимиздан биридир.
Мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳам туб мазмун-моҳиятига кўра, навқирон авлод вакилларининг чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлишини таъминлашдек эзгу мақсадга қаратилган. Муҳими шундаки, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида бажарилаётган улуғвор бунёдкорлик ишлари мунтазам давом этмоқда. Жумладан, 2013 йилда ҳам таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, мактаблар, академик лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор берилди. Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, ўтган йили 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорти объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди. Ўтган ўқув йилидан бошлаб эса умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан чет тилларни ўргатишнинг узлуксиз тизими жорий этилди. Негаки, жаҳонда интеграция жараёнлари кучайиб, кундалик ҳаётга компьютер технологиялари ва интернет кенг жорий этилаётган бугунги шароитда чет тилларни пухта билмасдан ва эгалламасдан туриб келажакни қуриб бўлмаслиги барчамизга маълумдир.
Айни пайтда мамлакатимизнинг барча минтақаларида чет тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб этиш мақсадида, тариф ставкаларига 30 фоиз қўшимча ҳақ белгиланган ҳолда, уларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилди. Телевидениеда чет тилларни ўргатиш бўйича қизиқарли ўйинлар дастурига эга бўлган махсус болалар маърифий каналлари ташкил қилинди.
БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига жалб этилади.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “Инсеад” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида
53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта.
Буларнинг барчаси дилбандларимизнинг ёруғ истиқболини таъминлаш борасидаги буюк мақсад йўлида бажарилаётган ишларнинг ёрқин самарасидир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn