Энди ҳайдовчилар шошиб қолмайди
Энди ҳайдовчилар шошиб қолмайди Avtotest.uz
  • 22 Январь 2018

Энди ҳайдовчилар шошиб қолмайди

Баъзан йигирма йиллик тажрибага эга ҳайдовчилардан ҳам “Тошкентда машина бошқаришга жуда қийналаман”, деган иқрорни эшитиб қоламиз. Сабабини сўрасангиз “Транспорт воситаси кўп, шошиб қоламан”, дея жавоб беришади.

Боз устига нафақат пойтахт ва вилоят марказлари, балки мўъжазроқ шаҳарчалар кўчаларига ҳам автомашиналар тирбандлигини кузатиш тобора одатий ҳолатга айланаяпти. Демак, йўл ҳаракати қоидаларини назарий ва амалий жиҳатдан пухта ўзлаштирмаган ҳайдовчиларнинг “шошиб қолиши” энди тобора кўпайиши табиий. Афсуски, бу нафақат моддий, балки... қимматга тушиши мумкин.

Бинобарин, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори  ҳайдовчи кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш орқали ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам, аниқ механизмга айланди.

Мазкур қарор асосида  “Автотест Навоий” МЧЖнинг инновацион ўқув комплекси ўз фаолиятини бошлади. У ерда таълим ва ахборот технологияларининг энг сўнгги ютуқларига асосланган ҳолда билим ҳамда  кўникма бериш йўлга қўйилди.

— Ҳайдовчиликни мукаммал ўргатиш мақсадида “Avtotest 1.0” ва “Avtotest 2.0” ўқув-услубий комплекси, қолаверса, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича “Avtotest 3.0”  мультимедиали ўқув-услубий мажмуаси ишлаб чиқилган, — дейди МЧЖ директори Ўктам Ҳамроев. — Ўқиш ва малака ошириш мобайнида ўзига хос интерактив услублар, баҳс-мунозаралар, жамоавий мулоқотлардан кенг фойдаланилаяпти. Якуний баҳолаш жараёнига ҳам ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ татбиқ этилган.

Янги ўқув комплексида  бир навбатда 600 нафар тингловчини қабул қилиш қулайлиги мавжуд. Шу боис мазкур масканда вилоятнинг Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Хатирчи туманилик ҳайдовчилар ҳам келиб, бемалол қайта тайёрловдан ўтиш имконияти яратилди. Айни чоғда “Қизилқумцемент” АЖ каби йирик автопаркка эга корхоналардаги ишлаб чиқариш ҳудудларида машғулотларни ташкил этиш режалаштирилган.

Тақдимот маросимида мамлакатимизда барча тармоқ ва соҳаларга  жорий қилинаётган инновацион технологиялар, энг аввало, халқ манфаатини таъминлашга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Темур  ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи”  мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn