Жамоатчилик назорати — давр талаби
  • 20 Январь 2018

Жамоатчилик назорати — давр талаби

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар ҳамда ногиронларни қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Сергели туманида барпо қилинган уйларнинг эҳтиёжмандларга берилиши кенг жамоатчиликнинг катта хурсандчилигига сабаб бўлди.

Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак ҳадиси шарифларида “Кимда-ким бир мункар ишни кўрса қўли билан ўша ишдан қайтарсин, агар қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар тили билан ҳам қайтаришга қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, дили билан қайтаришлик имони заифликдир”, деган эканлар.

2017 йилнинг 15 ноябрь куни Президентимиз ўтказган йиғилиш долзарб масала — юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашга бағишланди. Дарҳақиқат ушбу масалада жамиятимиздаги аҳоли барча қатламининг фикр ва дунёқарашини ўзгартиришни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Сир эмас, бугунги кунда ҳали ҳам жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг иши, деб қарайдиганлар бор. Ҳолбуки, бундай қарашлардан воз кечиб, иллатларга биргаликда барҳам бериш вақти аллақачон келган. Бугун “Менга нима”, деб яшайдиган замон эмас.  

Юқоридаги муборак ҳадисда зикр қилинган “мункар иш” дегани кенг жамоатчиликка хуш келмайдиган, қайтарилган иш, дегани. Бу эса жиноятчилик, безорилик деганидир. Демак, ушбу ҳадисга амал қиламан, ҳар бир онгли, ақлли инсон қинғир ишни кўрганда кўз юмиб ўтмасдан, унга, биринчи навбатда, қўли ёки тили ёхуд дили билан таъсир кўрсатиб қайтаринглар дейилмоқда. Бу билан ножўя хатти-ҳаракат қилаётганларга ўзимизнинг ижтимоий таъсиримизни ўтказишимиз кераклиги уқтирилаяпти. 

Юртбошимиз “Бизга ташқаридан биров келиб ҳеч нарса қилиб бермайди”, дейдилар. Чиндан ҳам, тинч-осуда ҳаётимиз, умид билан ўстираётган авлодларимиз бахту камоли учун ўзимиз курашмасак, ҳаракат қилмасак, бунинг учун биров қайғурмайди. Шундай экан, жиноятнинг олдини олишда жамоатчилик назоратини ҳаётга янада кучлироқ татбиқ қилишимиз айни муддаодир.

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Тошкент шаҳридаги «Яккасарой» масжиди 

имом-хатиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn