Қачон болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинади?
Қачон болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинади? ЎзА олган сурат
  • 19 Январь 2018

Қачон болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинади?

Тошкент шаҳар ҳокимлигида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил
19 октябрь куни соҳа мутасаддилари иштирокида ўтказилган йиғилишда мактабгача таълим соҳасида амалга ошириладиган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида билдирилган фикр ва тавсиялар тизим ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.
Брифингда қайд этилганидек, белгиланган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. Унда мактабгача таълим сифатини ва болалар боғчалари фаолиятини тубдан яхшилаш, тизимга хусусий секторни кенг жалб этиш каби масалалар қамраб олинди. Бугунги кунда пойтахтда 632 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Шундан 447 таси Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфида. Қолганлари эса хусусий таълим муассасаларидир. Уларга қарийб 123 минг нафар болалар қатнайди. Аммо пойтахтда боғча ёшидаги болалар сони 190 минг нафардан ортиқ экани инобатга олинса, бу каби муассасаларга эҳтиёж юқори эканлиги аёнлашади. Эндиги мақсад уларни мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич жалб этишдан иборатдир.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфидаги боғчаларнинг 61 таси таъмирга муҳтож. Яқин истиқболда улар навбатма-навбат таъмирланади ва яна 5,5 мингдан ортиқ болаларни ушбу муассасаларга қамраб олиш имконияти яратилади.
Пойтахтимизда мактабгача таълим муассасаларини бунёд этишга замон талаблари асосида ёндашилмоқда. Хусусан, жаҳон стандартларига мос ҳолда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида 80 ўринли кичик ҳажмдаги хусусий боғчалар ташкил этиш мўлжалланаяпти. Шунингдек, мавжуд кўп қаватли уйларда болалар боғчаси очиш истагини билдирган тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватланаётир. Шаҳардаги бўш турган биноларда ҳамда хусусий тадбиркорлар учун ажратилаётган ер -майдонларида ҳам мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун рухсат берилган. Қолаверса, 200 дан ортиқ якка тартибдаги хонадонларда 40 — 50 ўринли хусусий боғчаларни очиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 53 минг, 2019 йилда 16 минг, жами 69 минг нафар бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади.

Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn