Муаммолар бўсағада, раҳбарлар узоқда 
  • 19 Январь 2018

Муаммолар бўсағада, раҳбарлар узоқда 

Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаб, муаммоларини бартараф этиш одамлар розилиги ва эл ободлигига хизмат қилиши ҳаммага маълум бўлиб бормоқда.

Зафаробод тумани мусиқа ва санъат мактаби биносида вилоят ва туман мутасадди ташкилотлари раҳбарлари иштирокида жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатларини қабул қилиш, жойида ҳал этиш мақсадида Жиззах вилояти халқ қабулхонаси томонидан “Сайёр қабул” ўтказилиши ҳам бунинг исботи бўлди. “Сайёр қабул” давомида 34 нафар жисмоний ва юридик шахс ҳамда уларнинг вакиллари қабул қилинди.

— Кўпчилик мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотларнинг ўзида ҳал этилиши лозим бўлган ишлардир, — дейди Жиззах вилояти халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. — Ариза, шикоятларни ўрганиш жойларда бошқарув ва хизмат кўрсатиш органлари, бошқарма ҳамда ташкилотлар, муассасалар, фуқаролар йиғинлари ўз вазифасини тўлиқ бажармаслиги ёки мурожаатларга эътиборсизлигини, мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлигини кўрсатмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳанузгача ўз ечимини топмасдан келаётган бир қатор камчиликлар “Сайёр қабул” жараёнида кўзга яққол ташланиб қолди. Масалан, фуқаролар томонидан туман ҳокимлиги ва “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси раҳбариятига қайта-қайта мурожаат этилишига қарамай, “Чўлигулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4 та кўп қавватли уйнинг орасида анча йиллардан бери йиғилиб қолган 500 тоннага яқин маиший чиқиндилар ҳамон тоғ-тоғ уйилиб ётибди. Ёки 8 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 1089 та хонадондан иборат “Ёрқин”  шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида ичимлик суви туман марказидан бормасдан Пахтакор тумани Сувоқова корхонаси томонидан етказиб берилган. Бир неча 10 йиллар давомида сув қувурлари таъмирланмаганлиги оқибатида маҳаллалар ичидаги сув қувурларидан умуман сув чиқмайди. Натижада аҳоли 2 километр узоқликдан, яъни Пахтакор-Чимқўрғон йўли ёқасидаги марказий сув тармоғидан техника ва араваларда сув ташиб истеъмол қилишмоқда. Ичимлик суви қувурларини таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги томонидан вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонасига 2018 йилги манзилли дастурга киритиш бўйича таклифлар берилган, лекин, нима сабабдандир мазкур масала манзилли дастурга киритилмаган, аҳоли эса ҳамон сув ташиш билан овора.

Айтганча, оёқ остида тўлиб-тошиб ётган бундай муаммолар ечими учун “Сайёр қабул”га Жиззах вилояти халқ қабулхонаси томонидан вилоятдаги бошқарма ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ёзма ва оғзаки таклиф этилганига қарамай, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси раҳбарлари ёки масъул ходимларидан бирортаси ҳам кела олишмади. Шундай экан, муаммолар яқинда, раҳбарлар узоқда, деган гап ҳадемай халқ нақлига айланиб кетмасайди деган хавотир ҳам йўқ эмас.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

 

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn