Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги ўзини бахтли ҳисоблайди
  • 18 Январь 2018

Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги ўзини бахтли ҳисоблайди

2017 йилда Ўзбекистон ривожланишнинг янги сифат босқичига чиқди. Бугун жаҳон -жамоатчилиги эътироф этаётган бу ҳаётий ҳақиқатнинг ёрқин ифодасини халқимиз ўз -турмуш тарзидаги ўзгаришлар мисолида яққол кўрмоқда.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари мамлакатимизнинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётидаги ўсиш суръатлари борасида фуқароларимиз муносабатини билиш, ижтимоий кайфиятни аниқлаш мақсадида навбатдаги тадқиқотни ўтказди. 

Сўровда иштирок этганларнинг 94,9 фоизи ижтимоий-иқтисодий барқарорликка -алоҳида урғу берди. Уларнинг қатъий фикрича, изчил олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат республиканинг истиқболда иқтисодий жиҳатдан равнақ топишида, кичик бизнес ривожи, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли даромади ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Кўтаринкилик учун асос етарли

Тадқиқот айни чоғда халқимизда кўтаринкилик кайфияти юқори даражада эканини кўрсатди. Шундай қилиб, 91,1 фоиз респондент яқин 12 ой давомида юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол фақат ва фақат яхши томонга ўзгариб боришига, Президентимиз томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда барча жабҳадаги туб ислоҳотлар жадал давом эттирилишига ишонч билдирди. 

Албатта, жамиятимизда ҳукм сураётган бундай некбинлик бежиз эмас. Юртдошларимизнинг 80 фоиздан зиёди тинчлик-осойишталикни ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлардан қаноат ҳосил қилса, 79,2 фоизи инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолайди. Иқтисодий ўсиш жараёнидан қониқиш билдирган фуқаролар эса 74,8, иқтисодий фаолият эркинлигини қайд этганлар 74,6 фоизни ташкил қилди.

Респондентлар, асосан, валюта сиёсатининг либераллашуви, саноат маҳсулотлари, айниқса, тайёр турдаги истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг ошиши, фермерликнинг қўллаб-қувватланиши, инвестициявий муҳитнинг яхшиланиши, хусусан, эркин иқтисодий зоналарнинг ишга туширилиши, халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши, Ўзбекистон ва хориж давлатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ортиши мамлакат истиқболида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

Шунингдек, улар ижтимоий ҳимояни кучайтириш (81,9 фоиз), тиббий хизматдаги муаммоларни бартараф этиш ва дори-дармон таъминотини мувофиқлаштириш (75,5 фоиз), тураржойлар қурилишини жадаллаштириш (78,9 фоиз) ҳамда таълим тизимини модернизациялаш (65,9 фоиз) борасида амалий ишлар рўёбга чиқарилаётганидан мамнун.

Фуқароларимиз Ўзбекистон сўнгги пайтларда халқаро майдонда ўз позициясини сезиларли даражада мустаҳкамлади, деб ҳисоблайди. Жумладан, уларнинг 81,7 фоизи -Президентимизнинг ён-атрофдаги давлатлар билан алоқаларни фаоллаштириш, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш, йирик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги ташаббусларини бажонидил қўллаб-қувватлайди.

Сўров қатнашчиларининг 89,4 фоизи эса давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг қўшни республикалар ҳамда дунё сиёсий саҳнасидаги асосий кучлар билан тенгма-тенг мулоқот ўрнатиш имконини берганини кўрсатиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги иштироки ўтган йилнинг энг муҳим сиёсий воқеликларидан бири бўлди. 88,9 фоиз ҳамюртларимизнинг айтишича, давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлар ҳамда очиқ ва конструктив мулоқот учун интилиш аниқ-равшан ифодасини топган тарихий нутқи жаҳон жамоатчилигида Ўзбекистонга нисбатан қизиқишни кескин оширди, мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчилик мақомини мустаҳкамлади.

Дарвоқе, 83,5 фоиз респондентларнинг фикрига кўра, Марказий Осиёдаги давлатлар ўртасида стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг кучайиши минтақада тинчликни, осуда ҳаёт ва барқарорликни кафолатлашга хизмат қилади.

Файзу барака ўз-ўзидан бўлмайди

Одамларимиз ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгаришларнинг яна бир самарасини рўзғоридаги файзу баракада кўрмоқда, десак, янглишмаймиз. Бинобарин, сўралганларнинг 57,8 фоизи айнан шундай жавоб берди. Уларнинг салмоқли қисми қишлоқ жойларда яшовчилардан иборат. 

60 фоиз иштирокчи томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш орқали ўз даромадлари ошганини қайд этди. 47,8 фоизи ойлик маошларининг оширилиши, 40 фоиздан зиёди тадбиркорлар ва фермерлар олаётган фойда ўсгани ҳақида сўз юритди. 

Аён бўлдики, аҳоли харажатларининг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловларни амалга ошириш, дори-дармон ва даволаниш учун сарф этилмоқда. Сўралганларнинг мутлақ катта қисми телевизор, мобиль телефон, музлаткич сингари техникаларга эга. 40 фоизида эса шахсий автомобиль, шунингдек, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, 22,8 фоизида замонавий компьютер бор.

Бугун аксар оилаларимизда сўнгги русумдаги товарлар сотиб олишга интилиш кучаймоқда. Шунга мос равишда хонадонларнинг илғор маиший ва электрон техникалар билан таъминланганлик кўрсаткичи кўтарилмоқда ва бу республикамизнинг барча ҳудудига хосдир.

Сўралганларнинг қарийб учдан бири рўзғор ва сарф-харажатлардан орттириб, маълум миқдорда маблағ йиққан. Уларнинг 61,9 фоизи бу пулларни қиз узатиш ва ўғил уйлантириш учун олиб қўйганини яширмади. Қарийб 40 фоиз юртдошимиз ўз жам-ғармасини фарзандларининг таълими учун йўналтирмоқда. Ўз пулларини “қора кун”и учун асраётган ёки кекса ота-онасига кўмаклашиш учун сарф қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Агар йиққан пули етмаса, банк хизматларига мурожаат қилишни маъқул санайдиганлар 14 фоиздан сал ошиқ, холос. Улар, асосан, ўз бизнесини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит оладилар (66,7 фоиз). Истеъмол кредитлари ҳам оммалашмоқда. Тўй ўтказиш (6,6 фоиз), кўчмас мулкка эга бўлиш (3,3 фоиз), олий ўқув юртида таҳсил учун шартнома пулини тўлаш (3,3 фоиз), даволаниш (1,7 фоиз) мақсадида кредит оладиганлар нисбатан камчиликни ташкил этади.

Умид билан кутилган натижаларга эришилди

90,5 фоиз фуқароларимизнинг белгилашича, 2017 йил наинки жамиятимиз учун файзли ва баракали келди, балки бундай некбинликни улар ўз шахсий ҳаётларида ҳам сезди. Сўровда маълум бўлдики, юртдошларимизнинг 83 фоизи ўзларини чинакам бахтли ҳисоблайдилар.

93,8 фоиз респондент ҳар қандай эҳтимолий ҳуқуқбузарликлардан ўзини муҳофазаланган, деб билади. Президент ва давлат уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлашига ҳамда ҳимоя қилишига ишонади. Борди-ю, ҳуқуқлари бузилгудек бўлса, қонунга биноан чора кўрилишига кўпчиликнинг кўзи етади. 

Таҳлиллар ҳаётдаги айрим қийинчиликларга қарамай, ўзбекистонликлар ўз эртасига ишонч билан қарашини кўрсатди. Фуқароларнинг манфаатларини таъминлашда таъсирчан институтга айланган Халқ қабулхоналари кўмагига суянадиганлар 82 фоиздан ошди. 

Юртдошларимиз барча ижобий ўзгаришларни мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат билан, халқни рози қилиш, ҳар бир одамнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши учун зарур шароитларни яратиш йўлида қилинаётган улкан саъй-ҳаракатлар билан боғлайди. Уларнинг 93,7 фоизи Президентимизни фуқаролар ишончини қозонган, ўзини мамлакат тақдири ва халқ фаровонлиги учун бахшида этган ҳақиқий етакчи, деб билади.

Шу билан бирга, мазкур тадқиқот аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга, реал даромадини оширишга, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган ислоҳотлар бундан-да кенг қамров касб этиши заруратини яна бир карра тасдиқлади. 65,7 фоиз респондент ёшларнинг иш билан таъминланиши ва моддий таъминотига оид қатор масалалар тез фурсатда ҳал қилинишини кутмоқда. 40,2 фоизи эса асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарларининг нарх-навоси ошишидан хавотирда. Коммунал хизматлар сифатини ва тўловларни мақбуллаштириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коррупцияни бартараф этиш борасида жўяли мулоҳаза билдирганлар ҳам бўлди.

Умуман, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларимиз умид билан кутган натижаларга эришилди. Мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлида янги босқичга чиқди. Бу — кенг жамоатчилигимизнинг якдил хулосасидир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида

Ф. МАҲКАМОВА тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn