Қинғирликни қонун кечирмайди
  • 12 Декабрь 2017

Қинғирликни қонун кечирмайди

Юртимизга олиб кирилаётган товарлар номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, тегишли товар кодлари ҳақидаги маълумотлар божхона кўригидан ўтказилиши шарт эканлиги барчага ойдек равшан. Шунга қарамай, сифатсиз ҳамда қалбакилаштирилган маҳсулотларни сарҳадларимиз оша ноқонуний йўллар билан келтиришга уринаётганлар буни билиб-билмасликка олишлари кишини ажаблантиради.

Бироқ қонунни билмасликни баҳона қилиш ҳеч бир шахсни жавобгарликдан қутқариб қолмайди. Жумладан, божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияда кўрсатмаслик ёки нотўғри декларациялашга уринганлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи бошқа идоралар вакиллари ҳамкорлигида “Ўзбекистон” темир йўл чегара божхона постида аниқланган навбатдаги қоидабузарлик содир қилувчилари ҳам шундай йўл тутиб адашганлардан. Яъни Самарқанд вилоятида яшовчи Б. Мамараимов номига Хитойдан келтирилган 2 та юк контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, аслида 50 тоннадан ортиқ оғирликдаги қурилиш моллари ҳамда авто эҳтиёт қисмлари бўлиши лозим эди. Аммо жўнатма ишончли вакил ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, улардан бирига 24 турдаги кийим-кечаклар ортилгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, мазкур товарларнинг тахминий қиймати 2 миллиард 230 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади.

Иккинчи контейнерда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. “Уддабуронлар” тегишли ҳужжатларда кўрсатилмаган, қиймати 203 миллион сўмликдан зиёд кийим-кечаклар ҳамда турли қурилиш молларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кирмоқчи бўлишган. Шу йўл билан қонунбузарлар 786 миллион сўмликдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан қочишга уринишган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ иш қўзғатилган.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент вилояти божхона бошқармаси инспекторлари ҳуқуқни муҳофаза этувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 3,6 мингга яқин божхона қоидабузарликларини аниқлашди. Натижада қиймати 20 миллиард сўмликдан ортиқ товар-моддий бойликларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Хуршид САМАНДАРОВ,

Тошкент вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

катта инспектори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn