Фаровонлигимиз асоси
  • 01 Декабрь 2017

Фаровонлигимиз асоси

Тошкент вилоятининг “Турон” ахборот-кутубхона марказида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Иштирокчилар мамлакатимизнинг Асосий Қонуни яратилиши тарихи, шунингдек, унинг шарҳлари ва тарғиботига оид адабиётлар билан танишдилар.

Тадбир давомида воҳа аҳли, айниқса, ёшлар ўртасида Конституциямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб  қилиш, улар онгу шуурида Ватанга муҳаббат, қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бинобарин, давра суҳбати мавзуга доир китоблар кўргазмаси билан янада қизиқарли кечди. 

Ҳозирги кунда мазкур зиё маскани илғор иш услуби ва тажрибаларини электрон ахборот воситалари орқали вилоятдаги барча ахборот-ресурс марказлари ўртасида оммалаштираяпти. Бунда яқинда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан муассасага ҳадя қилинган 20 та замонавий компьютер техникаси имкониятларидан кенг фойдаланилаётир.

— Марказимизда веб-сайт, электрон  каталог, библиографик ва тўлиқ матнли маълумотлар базаси яратилди, — дейди марказ директори ўринбосари Наргиза Қўзибоева. — Шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда фойдаланувчилар учун “Библиографга савол беринг”, “Методист маслаҳати”, “Ахборотни масофадан етказиб бериш” каби интерактив хизматларни йўлга қўйганмиз. Маълумотлар базаси мунтазам янгиланиб борилиши эса ёшларимизнинг ахборотга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаяпти. Ўтказган тадбиримиз бунинг яна бир исботидир. 

Марказдаги электрон каталогларга икки юз мингдан ортиқ номдаги адабиётлар киритилган. Бу эса ахборот-кутубхона маркази фойдаланувчилари сафи мунтазам кенгайишига хизмат қилаётир. Эндиликда улар сони 13 мингдан ошди. 

Конституциямиз тарғиботига бағишланган бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа муассасаларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn