«Шундай бағрикенг юртда яшаётганимиздан фахрланамиз»
  • 01 Декабрь 2017

«Шундай бағрикенг юртда яшаётганимиздан фахрланамиз»

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Ўзбекистон — умумий уйимиз” VII республика дўстлик ва маданият фестивали ўтказилмоқда.

Жумладан, 27 — 29 ноябрь кунлари ана шундай тадбир Сурхондарёда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросими Термиз шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлди. Унда сўзга чиққан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари -Камолиддин Эшонхўжаев ҳамда бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Юртимизда ҳукм сураётган дўстлик ҳамда бирдамлик муҳити — тинчлик ва барқарорлик, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этишди.

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида ўқитиш ўзбек тилидан ташқари, тожик ҳамда рус тилларида ҳам олиб борилмоқда. Шунингдек, Термиз туманида Афғонистон Республикаси фуқаролари учун ўзбек ва афғон тилларига ихтисослаштирилган ўқув маркази ҳам ташкил қилинаяпти.

Тадбир доирасида “Инсон манфаатлари — улуғ қадрият” мавзуида кўргазма уюштирилиб, унда юртимизда яшовчи миллатлар вакиллари ижодига мансуб мўйқалам асарлари ҳамда фотосуратлар, турли халқларнинг миллий либослари, ҳунармандлик буюмлари намойиш қилинди.

Термиз давлат университетида “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон” ва “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик — барқарорлик омили” мавзуларида ўтказилган давра суҳбати, “Ўзбекистонда бағрикенглик маданияти” ҳужжатли фильми ёшларда катта таассурот қолдирди. Шеробод туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтган кечада ўзбек, озарбайжон, қозоқ, рус, қорақалпоқ ҳамда бошқа тилларда куй-қўшиқлар янгради.

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Юрт тинчлиги, Ватан равнақи — олий неъмат” мавзуида илмий-амалий семинар -ташкил этилди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг Музработ, Шўрчи, Денов, Узун ва Сариосиё туманларида ҳам юқори савияда ўтказилди.

Ғайрат ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари

қўмитаси масъул ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn