«Нексия»да чиққан ёнғин транспорт воситаси эгасига моддий зарар етказди
  • 30 Ноябрь 2017

«Нексия»да чиққан ёнғин транспорт воситаси эгасига моддий зарар етказди

 

Тун қоронғисида Наманган шаҳрининг 2-кичик даҳасида ҳаракатланиб бораётган “Нексия” автомашинасида пайдо бўлган олов бутун атрофни ёритиб юборди. Яхшиямки, ҳайдовчи эпчилгина экан, эшикни очиб, ёнаётган транспорт воситасидан узоқлашишга улгурди. Зудлик билан чақирилган ўт ўчириш техникаси етиб келганида, енгил машинанинг мотор ва салон қисми, унинг ичидаги ҳужжатлар тўла ёниб битган эди.

Вилоят марказида яшовчи Р. Ортиқовга тегишли 50/995 ТТВ рақамли ушбу транспорт воситасига нега “тилсиз ёв” туфайли жиддий зиён етди? Аниқланишича, “Нексия”нинг электр узатиш қисмларини ўзаро боғловчи симларнинг бирида қисқа туташув содир бўлган экан. Рўй берган ҳодиса жабрланувчига катта ташвиш туғдириб, деярли куйиб битган машинани эпақага келтириш учун каттагина маблағ сарфлашига тўғри келди. Ўша кунлари у автомобилининг техник ҳолати, жумладан, электр таъминоти қисмларини доимий равишда назорат қилиб юрмаганидан ўкингани рост. Бироқ кечиккан пушаймондан нима наф?!

Бутун вилоят аҳли ўртасида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган бу воқеа кўпчиликни ҳушёр торттиргани табиий. Зеро, олов билан боғлиқ ҳар қандай ҳодиса, энг аввало, мулк эгасининг бепарволиги, хусусан, ёнғин хавфсизлигининг оддий талабларига риоя этмаслик натижасида содир бўлаётганини ҳаммамиз яхши биламиз. Биламиз-у, аммо...

— Жорий йилнинг ўн ойи якунларига кўра, шаҳару қишлоқларда 685 та ёнғин содир бўлди, — дейди вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси катта муҳандиси, майор Одилбек Шарипов. — Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 32 та кам. Бироқ бундай ҳолатнинг биттаси ҳам ўз номи билан кулфат. Боиси, олов таҳдиди натижасида 35 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Кўрилган моддий зарар эса 11,9 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилади. Таҳлилларга қараганда, ёнғинларнинг асосий қисми -фуқаролар хонадонларидаги иситиш печларидан нотўғри фойдаланилиши, электр жиҳозларидаги носозлик, очиқ олов билан ишлашдаги эҳтиётсизлик, болаларнинг шўхлиги натижасида юз бермоқда. Табиий ҳамда суюлтирилган газ ва электр билан боғлиқ ҳодисалар, айниқса, ҳаммасидан кўпроқ ташвиш туғдирмоқда. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларидан хабардорлиги устида кўпроқ ишлаш, тарғибот тадбирларини янада кучайтиришни тақозо этади.

Эндиликда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари айни вазифа самарадорлигини таъминлаш йўлида мавжуд имкониятларни ишга солишмоқда. Бунда, айниқса, -Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Ёнғинлар профилактикаси куни” доирасидаги тадбирлардан унумли фойдаланиш керак. Тизим ходимлари ҳафтанинг ҳар чоршанбасида ташкил қилинаётган тадбирлар чоғида давлат муассасалари, корхона ҳамда ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида ёнғинга қарши техник ҳолатни текшириш баробарида, ишчи-хизматчи ҳамда масъул ходимлар, аҳоли билан -суҳбатлар ўтказишаётир. Жумладан, кейинги пайтлардаги профилактик кўриклар чоғида аниқланган 

8691 камчиликнинг 71 фоизи ўз жойида бартараф этилди. Қисмларнинг шахсий таркиби вакиллари 78580 хонадонда бўлиб, фуқароларга ёнғин хавфсизлиги, зарур ҳолатларда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги хусусида кўрсатмалар беришди. Фуқаролар йиғинларида аҳоли билан олиб борилаётган юзма-юз суҳбатлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, Наманган туманининг Юқори ўирвон маҳалласида ўтказилган ана шундай мулоқотга хонадонида юз берган ёнғиндан жабр кўрган фуқаро С. Боқиев таклиф этилди. Чунки бир неча кун аввал унинг уйида электр симининг қисқа туташуви натижасида аланга чиқиб, айвони, гаражи ва “Дамас” автомашинаси ёниб кетган эди. Каттагина моддий зарар кўрган хонадон соҳиби маҳалладошларини ҳамиша ҳушёр бўлиш, жиддий масалага енгил-елпи қарамасликка чақирди.

Амалий кўринишдаги тадбирларнинг нафи катта. Шундан келиб чиқиб, меҳнат жамоалари, таълим масканларидаги машғулотларда ёнғин ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш тартибини ўргатиш, махсус техникалар намойиши, ёнғинни ўчириш бўйича амалий машқларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Наманган шаҳридаги Агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежида эса 25 нафар ўқувчи ёнғин хавфсизлиги мутахассислиги бўйича таълим олаётир. Бу ерда махсус воситалар билан жиҳозланган амалий ва назарий синфхонасида бошқа ташкилот ҳамда муассасалар вакиллари учун ҳам машғулотлар ташкил қилинаяпти.

Қиш фаслидаги иситиш мавсуми тизим ходимлари фаолиятини янада тиғизлаштиради. Шунга биноан, кенг қамровли вазифалар уддасидан чиқиш учун нафақат соҳа вакиллари, балки бутун жамоатчилик масъулиятини ошириш зарурлиги ҳамма жойда уқтирилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn