Ҳушёр одам вазиятни тўғри баҳолайди
  • 27 Ноябрь 2017

Ҳушёр одам вазиятни тўғри баҳолайди

Ҳаётда юз бериб турадиган фавқулодда вазиятларга тайёр инсонлар ҳар қандай шароитда эсанкираб қолишмайди. Аммо бундай ҳолатларга қай тарзда, нечоғли ҳозирлик кўриш мазкур йўналишга оид илм-фан янгиликларидан хабардорликни тақозо этади.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабаларнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, университет профессор-ўқитувчилари иштирокидаги учрашувида шу ҳақда сўз борди.

Тадбирда табиий ва техноген фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар, профессионал кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими каби долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июндаги “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани айтиб ўтилди.

Бинобарин, талаба-ёшлар Гидрометеорология хизмати маркази, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, Республика сейсмик хавф-хатарлар мониторинги ва башоратлаш маркази тузилмалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфига ўтказилиши афзалликлари ҳақида кенг тушунчага эга бўлишди. Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Фуқаро муҳофазаси институтида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб “Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича магистратура, “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича бакалавр таълим босқичлари ташкил этилгани қайд этилди. Бундай ижобий нитажаларни Андижон транспорт ва қурилиш, Самарқанд ахборот технологиялари, Олмазор политехника ҳамда Чингелди маиший хизмат коллежларида қутқарувчилик касби бўйича янги йўналиш жорий этилганида ҳам кузатиш мумкин.

Бекзод САМАНДАРОВ,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

матбуот хизмати бош мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn