Жамиятда ҳуқуқий маданият даражаси юксалмоқда
  • 28 Май 2014

Жамиятда ҳуқуқий маданият даражаси юксалмоқда

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзуида сўров ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан хабардорлик даражасини аниқлаш, ҳуқуқий ҳимояланганлиги ва маданиятини ўрганиш, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси институтларига муносабатини таҳлил қилишдан иборат бўлди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилган мазкур сўровда аҳолининг турли ижтимоий қатламларидан 18 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар қатнашди. Маълум бўлишича, ҳамюртларимиз ҳуқуқий маданиятни демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим омили, дея баҳолайди. Бинобарин, жорий йилда фуқароларнинг юртимизда қабул қилинган қонунларни ўрганишга нисбатан қизиқиши қарийб 10 фоиз ўсган. Ушбу тенденция истиқлолнинг ҳар бир йилида кузатилаётгани, соҳада одамларнинг фаоллиги икки баробар ортгани, айниқса, эътиборлидир.

Сўровда иштирок этганларнинг мутлақ катта қисми (қарийб 90 фоизи) фикрича, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарали амалга оширилаяпти. Пировардида ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида сезиларли ўзгаришлар рўёбга чиқарилмоқда. Жорий йилда респондентларнинг 92,6 фоизи шундай қарашда эканлиги кузатилди. Ваҳолонки, бу кўрсаткич ўтган йили 89,6 фоиз эди. Аҳолининг деярли барчаси қонун нима эканлиги, у қандай вазифаларни бажаришини тўлиқ тушунади.

Сўров Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янада чуқур билишга бўлган хоҳиш-истак ортиб бораётганини, ҳамюртларимизнинг аксарияти Асосий Қонунимиз мазмун-моҳияти билан таниш эканини кўрсатди. Улар “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонунни тўла қўллаб-қувватлайдилар ва мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлат бошқаруви тизимини янада демократлаштириш, давлат бошқарувининг энг муҳим тамойилларини амалга оширишга оид конституциявий механизмларни бундан-да такомиллаштириш, ҳокимиятнинг бўлиниш принциплари, қонун чиқарувчи, ижро, суд органлари мустақиллиги, уларнинг ваколатлари мувозанатлилигини таъминлашга йўналтирилганлигини чуқур англайдилар.

Сўровга кўра, мамлакатимиз фуқароларининг мутлақ катта қисми қонунга итоаткор. Ўзбекистон аҳолиси ўзининг конституциявий ҳуқуқлари ҳимояланган ва уларга оғишмай риоя этилмоқда, деб билади. Респондентларнинг таъкидлашича, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати, жинси, ирқи, миллатидан қатъи назар, таълим олиш, мулкка эгалик қилиш, меҳнат қилиш, ижтимоий таъминот олиш, сўз эркинлиги, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқлари таъминланган ҳамда муҳофаза қилинмоқда.

Аҳолининг деярли барчаси урғу берганидек, мустақиллигимиз туфайли Ватанимиз эришган барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик эл-юрт хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқий тартиботни таъминлаш самарадорлигининг бош шартидир. Иштирокчиларнинг катта қисми жиноятчилик, хусусан, безорилик, ўғирлик, одам савдоси каби жиноятчилик турларига қарши кураш чора-тадбирлари самараси ортаётганини алоҳида қайд этишди.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ишончли ҳимояловчи мустақил институти”, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони ҳам йилдан-йилга ошаяпти. Сўров суд-ҳуқуқ тизимини тубдан янгилаш, Ўзбекистон жиноятчилик қонунчилигини либераллаштириш аҳоли ўртасида кенг қўллаб-қувватланаётганини яққол тасдиқлади. Респондентларнинг 96,4 фоизи республикамизда ўлим жазосининг бекор қилиниши, “Хабеас корпус” институтининг жорий этилишини ижобий баҳолагани бунинг бир мисолидир. Уларнинг таъкидлашича, бундай ислоҳотлар туфайли одамларнинг онгида ҳам туб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Чунончи, одамлар тафаккурида инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат қарор топиб, ҳуқуқий маданияти даражаси ўсиб бормоқда.

Ижтимоий сўровда яқинда жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича етакчи беш мамлакат қаторидан ўрин олгани халқимиз томонидан катта ғурур ҳамда ифтихор билан қабул қилингани эътироф этилди. 

Мухтасар айтганда, сўров асносида Ўзбекистон фуқаролари халқаро экспертларнинг юксак баҳоси — бу юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар изчиллиги ҳамда юқори самарадорлигининг муносиб ифодаси эканлигини чуқур англаши яна бир карра намоён бўлди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn