«Ҳар бир фарзандга — меҳр, эътибор»
  • 28 Май 2014

«Ҳар бир фарзандга — меҳр, эътибор»

Шу кунларда юртимизда “Ҳар бир фарзандга — меҳр, эътибор” ҳафталиги ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида пойтахтимиздаги “Тошкентленд“ истироҳат боғида Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари, SOS — болалар маҳаллалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари фаол ўқувчилари, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган хизматчиларнинг фарзандлари учун байрам тадбири ташкил этилди. 

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бўлиб ўтган хайрия тадбири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Sen Yolg`iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида уюштирилди. 

Тадбирда сўзга чиққан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди раиси С. Иномова, Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари А. Холбеков, “Sen Yolg`iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ўқув маркази директори М. Охунова ва бошқалар мамлакатимизда болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг барча жиҳати ҳақида сўз юритишди. Юртбошимиз ташаббуси билан бу борада тегишли давлат дастурлари рўёбга чиқарилмоқда, ушбу соҳада миллий манфаатлар ҳамда халқаро меъёрларга жавоб берадиган қатор қонунлар қабул қилинди. Тақдир тақозоси билан ота-онаси тарбиясидан маҳрум бўлган ва ҳаётда мушкул аҳволга тушиб қолган болаларга алоҳида эътибор берилмоқда. Васийлик ва ҳомийлик тизими ривожланмоқда, оила шаклидаги болалар уйлари тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад — ҳар бир бола оилавий шароитда тарбия топиб, ривожланиши, шахс сифатида шаклланиши учун зарур фазилат ва кўникмаларга эга бўлишига ёрдам беришдан иборат.

Байрам тадбирида болажонлар ёш спортчиларнинг чиқиши ва ижрочи ёшлар томонидан ташкил этилган концерт дастуридан баҳраманд бўлдилар. Шу куни боғдаги барча аттракцион болаларга бепул хизмат кўрсатди. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn