Меҳр қўрғонининг файзу баракаси
  • 25 Ноябрь 2017

Меҳр қўрғонининг файзу баракаси

Президентимиз жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида оилавий турмуш муносабатлари сабаб келиб чиқаётган жиноятларни ўрганиб, ўз вақтида бартараф қилиниши зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган 10 ойида содир этилган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида, 66 таси қўни-қўшни ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққани танқид қилинди. 

Бундай ҳолат барчамизни бир қарашда арзимасдек туюладиган, лекин инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга муҳим масала, яъни оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона-келин ҳамда қўшничилик муносабатлари ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига ундайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!” деган туйғуни кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу борада биз, имом-хатиблар ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. 

Қадимдан халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлиги туфайли ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари, деб билганлар. Ҳар бир ота-она, аввало, ўз фарзандига, кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оила ришталари юксалишига ҳисса қўшган. 

Ўша пайтларда “Фалончининг қизи уйига аразлаб келибди”, “Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, аразлашиб қайтиб келсанг, сендан норози бўламиз” қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинарди. Қолаверса,  “Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан”, “Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан”, деб ўғли билан роса уришибди” каби гап-сўзлар хам тарқалиб турар эди. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оилани мустаҳкамлаш хусусида қайғурар эдилар.

Бугун эса айрим ҳолларда бунинг аксига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тез-тез бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, -гапларни эшитиб, ёқа ушлаяпмиз. Президентимиз ушбу мажлисда Фарғона вилоятида рўй берган қотиллик ҳақида гапириб, ниҳоятда ташвишга тушганликларини билдирдилар. Чиндан ҳам, бундай ҳолатлар биз учун уятдир.

Ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Аммо бундай ҳақнинг ҳам чегараси бор. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг —  агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан, оилани бузишга рухсат йўқ. Пароканда бўлаётган оилаларда юз бераётган жанжал-тўполонларнинг аксарияти қайнона-келин можароларидан келиб чиқмоқда. Оила мустаҳкам бўлишининг нафақат эр ва хотинга, балки қайнона-ю қайноталарга ҳам боғлиқ томонлари бор. 

Келин эри билан қайнонаси ўртасида мувозанат сақлай билиши ниҳоятда муҳим. Чунки нима бўлганда ҳам, унинг қайнонаси эрининг онаси. Ақлли келин эрининг рози бўлиши учун ҳам қайнонаси билан “келишади”, қайнонасидан эрига шикоят қилмайди. Жанжал оловини сабр ва ҳалимлик суви билан ўчиради. Зеро, эркак киши учун онаси биринчи ўринда туради. Хотин эри учун энг севимли ҳамда азиз бўлган инсонни хафа қилган ҳолда, у билан бахтли ҳаёт кечириши мумкинми? 

Ҳаммамиз яхши биламизки, халқимизда ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйишга жиддий эътибор қаратилади. Келин қайнона ва қайнотасига бўлган муносабатда шундан келиб чиқиб иш тутиши керак. Агар у ўз эрига онасини ёмон кўрсатиб қўйса, онасидан кўнглини қолдирса, ўз-ўзидан эрини ота-онага оқ бўлиш чоҳига итариб юборган бўлади. Бу эса дунё ва охиратда жазоларга сабаб бўладиган ниҳоятда оғир гуноҳдир. 

Ўзга оила муҳитида тарбия топган қизни ўз қизидек қабул қилиш, унга ғамхўрлик кўрсатиш ҳам катта фидойилик талаб этади. Қайнона юрагининг бир парчасини ўзга хонадондан келган бир қизга тортиқ қилиши айни муддаодир. Зеро, келин ҳам кимнингдир кўз қорачиғидек асраб-авайлаб катта қилган дилбанди ҳисобланади. У шу хонадон давомчиларини дунёга -келтиради. 

Тўғри, ҳамманинг тақдири турлича, ҳар бир оилада ўзгача вазият, ўзгача муҳит ва ўзига яраша муаммо бор. Бугун яратилаётган ўзбек киноларида ҳам қайнона-келин муаммоси гоҳ ҳазил кўринишда, гоҳ ижтимоий мавзу сифатида намоён бўлаяпти.

Шукрки, халқимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда, турмуш тарзимиз ўзгараётир. Бугунги қайноналар бошқача, ҳали меҳнат қобилиятини йўқотмаган, ижтимоий фаол аёллардир. Кўпчилиги маҳалла фаоллари ҳисобланади. 

ўарб мамлакатларида демократиянинг оилавий ҳаётга тўғридан-тўғри татбиқ этилиши биз ҳавас қиладиган маданият ютуғи эмас. Миллий турмуш тарзимизда оиланинг ҳар бир аъзоси ўз ўрнини билиши хонадондаги тотувликнинг асоси ҳисобланади.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафари давомида онахонлар билан суҳбат чоғида шу мавзуда ўз фикрларини билдириб шундай деган эди: “Аёлларнинг оғирини енгил қилсак, жамиятимизда вазият ўзгаради. Келин ким? -Келин — бизнинг қизимиз. Шу қизимизга биз яхши шароит яратиб беришимиз лозим. Қайноналар ҳам келинни қизим десин. Ўз қизидан хулоса қилсин. Нега десангиз, кўп жойларда ёш жувонлар шароит топа олмайди: қайнона ёмон гапиради, эр ёмон гапиради. Натижада улар ажрашади, кейин қайнона ажрашгандан 6 ойдан кейин яна янги келин олади. Аммо бу нарсалар биз учун уят. Шунинг учун ҳам мазкур мавзуда гапиряпман, зора, одамлар тушуниб етишса”.

Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари замирида оилани асрашдек улуғвор мақсад мужассам. Зеро, мустаҳкам оила жамият таянчидир. Халқимизга хос бўлган барча эзгу фазилатлар оилаларимизни тарк этмаслиги учун курашиш эса ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn