Оиладаги маънавий муҳит соғлом тафаккурли авлодни вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга
  • 28 Май 2014

Оиладаги маънавий муҳит соғлом тафаккурли авлодни вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Маънавият оиладан бошланади” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси ҳамда давлатимиз раҳбарининг бундан ўн йил муқаддам қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишлаб ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.   

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ва бошқалар таъкидлаганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, ёш оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилаётир. Ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, аграр соҳаларда самарали меҳнат қилаётган ўн уч нафар аёл Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотига турли йўналишларда ҳозиргача 212 нафар иқтидорли қиз сазовор бўлгани, шубҳасиз, юртимизда истеъдод эгаларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, мамлакатимизда қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, қишлоқ жойларида улар меҳнати ва ўқиш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. 

Конференцияда Фармонда кўзда тутилган вазифаларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат Хотин-қизлар қўмитасининг аёллар оғирини енгил қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳими, оилаларга кириб бориш, муаммоларни ечишга кўмаклашишга қаратилган фаолияти самарадорлигини оширади. Эътиборли томони, ушбу Фармонга мувофиқ, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилганидир. Айни чоғда ҳаёт тажрибасига эга бўлган, маълумотли, аҳолига, энг аввало, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаш ва  ривожлантиришда ижобий таъсир ўтказа оладиган, обрўли, қисқача айтганда, маҳалла виждонига айланган фаол хотин-қизлар кўмагида оилалар барқарорлиги таъминланилаётир. 

—  Мазкур Фармон ҳамда давлат дастурлари ижросининг изчил бажарилаётгани оналар ва болалар ўлими, эрта туғуруқлар, қизларни барвақт турмушга бериш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, аҳоли репродуктив саломатлигини асраш, оилаларнинг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Гулнора Маруфова. — Шу нуқтаи-назардан, тадбирда оилага оид долзарб маънавий-ахлоқий масалаларни илмий жиҳатдан мукаммал ўрганиш ва бу борадаги таҳлилларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этишга янгича ёндашилди. Бу, албатта, ёшларнинг оила, жамият, юрт олдидаги масъулиятини кучайтириш, маънавиятини юксалтиришда катта ўрин тутади. Бинобарин, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат муҳитини, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантиришга қаратилган вазифалар белгиланган бўлиб, бу, ўз навбатида, хотин-қизлар қўмиталари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.   

Анжуманда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда оиланинг ўрни катта эканлиги таъкидланди. Зеро, соғлом бола соғлом онадан туғилади, соғлом турмуш тарзи қарор топган оилада вояга етади. Шу боис оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш, уларни мустақил ва соғлом тафаккурли инсонлар этиб вояга етказиш, ўсиб келаётган ёш авлодни турли зарарли иллатлар таъсиридан сақлаш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш,  айниқса, қиз болаларни тарбиялаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашларига ёрдам бериш бугунги кунда ҳаётий заруратдир.

— Ҳудудимиздаги таълим муассасаларида жами 875 та “Ораста қизлар” тўгараги фаолият кўрсатмоқда, — дейди Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. — Уларда 85 мингга яқин қизлар қамраб олинган. “Узун сочли санамлар”, “Нафосат маликаси”, “Либосларда қадриятлар акси”, “Спорт маликаси” каби кўплаб мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шу  билан бирга, 868 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолияти йўлга қўйилган “Ораста қизлар давраси” орқали маҳалладаги кайвони онахонлар, фаол аёллар иштирокида қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашда кўмаклашиб келинмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар оила ва никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Конференцияда иштирокчилар Президентимиз Фармони ижроси бўйича амалга оширилган ишлар, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини секцияларга бўлинган ҳолда муҳокама этишди. Хусусан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби йўналишлар бўйича истиқболдаги вазифалар белгилиб олинди. 

Анжуман доирасида “Ўзбекистон аёли — тадбиркор ва бунёдкор” номли кўргазма-савдо ҳамда “Ўзбекистон аёллари” фотокўргазмаси ташкил этилди.        

Зиёда АШУРОВА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn