Қатъият, шижоат, беғубор орзулар
Версия для печати
  • 27 Май 2014

Қатъият, шижоат, беғубор орзулар

академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсилни давом эттирадиган йигит-қизлар истакларида яққол намоён бўлмоқда

Юртимизнинг буюк келажаги маънан баркамол, етук интеллектуал салоҳиятли авлод тақдирига бевосита боғлиқ. Шу боис таълим-тарбия соҳаси ривожига катта эътибор қаратилиб, йигит-қизларнинг замонавий асосда пухта билим олиши,  истеъдодини кенг миқёсда намоён этиши учун беқиёс имкониятлар яратилмоқда.

Барчамиз кўриб гувоҳи бўлаётганимиздек, Президентимиз раҳнамолигида изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилган мақсадли дастурлар туфайли нафақат шаҳар марказлари, балки энг чекка қишлоқ ва овулларда ҳам муҳташам мактаблар, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Хусусан, 2013/2014 ўқув йилида мамлакатимизда 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 31 касб-ҳунар коллежи ва лицей реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Ушбу масканларда ёшларнинг иқтидори юзага чиқиши, орзу-мақсадлари ижобат бўлиши учун қулай имкониятлар мавжуд. Муҳими, интилувчан ўғил-қизлар ана шундай юксак ғамхўрлик, ишонч ва эътиборни юракдан ҳис этиб, янги марралар ҳамда ютуқлар сари дадил интилмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда 501 234 нафар ўғил-қиз мамлакатимиздаги мавжуд 9739 та замонавий ўқув масканини битириб, таълимнинг навбатдаги босқичига йўлланма олаётир. Жумладан, 9-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 46 915 нафари академик лицейларда, 450 392 нафари эса касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиш мақсадида эканлигини билдиришган. Умумтаълим мактаблари, мусиқа, санъат ҳамда спортга ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатларда сабоқ олган бу ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, улар қалбида эзгу истак ва умидлар кенг қулоч ёзаётганига амин бўласиз.

Мамлакатимиздаги барча мактабларда “Хайр, мактаб, салом, коллеж” шиори остида бўлиб ўтган тадбирларда ҳам ана шу жиҳатлар яққол кўзга ташланди. Хусусан, пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 260-умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчилари эзгулик, дўстлик ва меҳр-оқибат ғоялари тараннум этилган бадиий дастур орқали устозларига миннатдорлик билдиришди.

Эътироф этиш жоизки, мазкур мактабда аниқ фанлар ҳамда хорижий тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўқитилиши билан бирга, битирувчиларнинг касб-ҳунарга қизиқишини кучайтириш бўйича ҳам муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўқув йили давомида “Касбим — фахрим”, “Келажакда ким бўлмоқчиман?”, “Очиқ эшиклар куни” сингари сўровнома, экскурсия, тренинглар мунтазам ўтказилганлиги бунинг далолатидир.

“Хайр, мактаб, салом, коллеж!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида энг фаол ва аълочи ўқувчиларга етуклик шаҳодатномаси билан бирга, мақтов ҳамда фахрий ёрлиқлар ҳам топширилди. Шунингдек, Ватанимизни мадҳ этувчи, устозларга меҳру муҳаббат ва чуқур эҳтиром туйғуси тараннум қилинган шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар ижро этилди.
...Шу куни мамлакатимизнинг барча ўрта таълим муассасаларида бундай тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn