Бош прокуратурада учрашув
  • 27 Май 2014

Бош прокуратурада учрашув

Мамлакатимизга ташриф буюрган Вьетнам Бош прокурори Нгуен Хао Бинь бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашитжон Қодиров билан учрашди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида кўплаб йўналишларда, жумладан, ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Прокуратура органлари ўртасидаги муносабатларнинг  шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш икки давлат бош прокуратураларининг ўзаро ҳамкорлигини равнақ топтиришга хизмат қилмоқда.

Меҳмонлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини мустаҳкамлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, фаолиятининг асосий йўналишлари билан таништирилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган янги концептуал ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларнинг босқичма-босқич амалга оширилаётгани, жумладан, тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинаётгани суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

— Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг муваффақиятли ислоҳ этилаётгани мамлакатларимиз бош прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида улкан имкониятлар яратмоқда, — деди Вьетнам Бош прокурори Нгуен Хао Бинь. — Бугунги самарали учрашув идораларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларнинг истиқболларини белгилаш имконини берди.

Вьетнам делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Бобур ОБИДОВ,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn