Маҳалла институти — баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим таянчи
  • 27 Май 2014

Маҳалла институти — баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим таянчи

Урганч шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институти (Япония) ҳамкорлигида “Баркамол авлодни тарбиялашда маҳалла институтининг роли” мавзуида халқаро илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбир Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган устувор вазифалар ижроси, хусусан, маҳалла институтини ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар сифатида вояга етказишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини янада ошириш, бу борадаги тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида уюштирилди. Унда Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Франция, Россия каби мамлакатлардан ташриф буюрган олим ва экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Камолот” ЁИҲ, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот институтлари экспертлари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Эътироф этилганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни миллий урф-одат, анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, спорт билан шуғулланишлари ва замонавий касб-ҳунарни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, оилалар, айниқса, ёш оилаларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш, уларнинг манфаатларини қонун йўли билан ҳимоялашда фуқаролар йиғинларининг таъсири тобора ошиб бормоқда.
Хусусан, улар томонидан ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар рўёбга чиқарилаётир. Айни чоғда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва юртимиздаги мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар йиғинларининг ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни камолга етказиш, ўзлигимизга ёт бўлган зарарли таъсирлардан ҳимоялаш борасидаги аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Бунда, албатта, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилгани ва замонга мос равишда такомиллаштириб борилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Мазкур ҳужжатларда белгиланган кенг қамровли вазифаларни муваффақиятли адо этишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, унинг ҳудудий тузилмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари алоҳида ўринга эга. Шу йўналишлардаги ишлар, хусусан, маҳалланинг бу борадаги фаолияти хорижлик экспертлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди.
Анжуман иштирокчилари оналик ва болаликни муҳофазалаш, уларнинг соғлиғи ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш, ҳар томонлама баркамол авлодни камолга етказиш учун барча шарт-шароитни яратиш, уларда эркин фикрлаш кўникмасини шакллантириш, миллий анъана ва урф-одатлар асосида болаларни она-Ватан ҳамда истиқлол ғояларига муҳаббат ҳамда садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам маҳалла институти, хусусан, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссияларининг роли юқори эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Ёшларни таълим ва спортга жалб этиш орқали улар ўртасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий билимини ошириш мақсадида фуқаролар йиғинлари ҳузурида “Ота-оналар университети” ташкил этилиб, уларга аҳоли орасида ҳурмат-эътибор қозонган кишилар жалб қилинган. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам бугун оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мактаблар, коллежлар, академик лицейлар, маҳалла гузарларидаги спорт заллари, майдончалари ва иншоотларида оилавий спорт ҳамда ижодий тўгараклар ташкил этиш учун жорий йилда 400 миллион сўм ва маҳаллаларда замонавий болалар майдончаларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қуриш бўйича Фонд ҳисобидан 2 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилгани ҳам ёшлар камолоти йўлида амалга ошириладиган ишлар кўлами кенглигини кўрсатади.
2013 йил якунларига кўра, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида “Футболимиз келажаги” ва “Маҳалламиз паҳлавонлари” спорт мусобақалари уюшқоқлик билан ўтказилди. Уларга 2 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди. “Маҳаллам тарихини ўрганаман” кўрик-танлови эса ёшларнинг миллий қадриятларимиз, хусусан, ўзларининг маҳалласи тарихи, яшаш тарзи ва турмуш маданиятини чуқур ўрганишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти.
Бундан ташқари, маҳаллаларда 372 та болалар майдончаси қурилди, 902 таси таъмирдан чиқарилди, 1203 та майдончада эса ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Халқаро экспертлар маҳаллаларда изчил йўлга қўйилган жамоатчилик назорати пировард натижада ёшларни миллий урф-одатларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганлигини юқори баҳолашди.
Жамоатчилик назорати “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада ривожлантириш, 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашда, айниқса, яққол намоён бўлаётир. Ана шу мақсадда республикамиз маҳаллаларида йиғин раислари бошчилигида “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари вакиллари ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимларидан таркиб топган 8 мингдан ортиқ жамоатчилик гуруҳлари тузилган. Бу эса ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудлар осойишталигини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда қўл келмоқда.
Анжуман доирасида “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва замонавийлик” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди ҳамда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” номли китоб тақдимоти ўтказилди.
Халқаро анжуман доирасида иштирокчилар Хонқа туманидаги Ойдин ҳаёт маҳалласи ҳамда Урганч шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюриб, яратилган шарт-шароитлар ҳамда уларнинг иш фаолияти, шунингдек, Хива шаҳридаги Маъмун академияси музейи ва Ичан қалъа обидалари билан яқиндан танишдилар.

Сўз — халқаро давра суҳбати иштирокчиларига

Тeцуджи ТАНАКА,
Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институти ижрочи директори (Япония):
— Мамлакатингизда амалга оширилаётган “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” стратегияси замирида кеча ва бугунни ўзида мужассам этган ҳаётий тамойиллар ўз ифодасини топган. Унинг моҳиятида аҳолининг турли ижтимоий гуруҳ ва қатламлари манфаатларини ўзида ифода этган мустақил, барқарор нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари эркинлиги назарда тутилган. Бунинг учун пухта меъёрий-ҳуқуқий асос яратилгани, хусусан, ўзингизга хос “маҳалла” тушунчаси Конституциянгизда ўз ифодасини топгани таҳсинга лойиқ.
Маҳалла — бу азалдан мавжуд бўлиб, бугунги кунда анъаналар ва қадриятларга асосланган демократик институтга айланган. Ушбу ноёб тузилма ёшларнинг камол топишида катта таъсирга эга. Тасаввур қилинг: маҳалладаги ҳар бир ўғил-қиз жамоатчилик назорати остида бўлади. Керак пайтда уларга ўгит ва панд-насиҳат берилади. Шу маънода, унинг ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва тарбиялаш борасидаги ролини бошқа ҳеч бир тузилма билан қиёслаб бўлмайди.
Тадбир доирасида маҳалла фаоллари, ўқитувчилар ва ёшлар билан суҳбатлашдик. Ёшларингиз одобли ва истеъдодли.
Қисқача айтганда, маҳалла халқнинг маънавий ҳамда маданий қадриятларини сақлаш ва ривожлантиришда, шу билан бирга, мамлакатни модернизациялашда пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Канг Бонг КУ,
Ханянг университети қошидаги Осиё — Тинч океани тадқиқотлари институти профессори (Жанубий Корея):
— Ўзбекистон аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш, таълим ва тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш соҳасида улкан тажрибага эга.
Энг муҳими, маҳаллаларда, замонавий лицей ва коллежларда биз ўзига ишонган, миллий ва маданий бойликларга, халқингиз тарихига, жаҳон цивилизацияси қадриятларига ҳурмат ҳисси ривожланган ёшларни учратдик. Уларнинг чуқур билим олишга, ўз мамлакатининг муносиб фуқароси бўлишга, унинг ривожланишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилаётганликларини кузатдик.
Анжуманда ўзбек маҳалласи фаолияти, хусусан, унинг мамлакат эртаси ҳисобланган ёшларни баркамол инсонлар қилиб улғайтириш борасидаги бой тажрибаси билан танишдик.

Парвиз МОРВИЖ,
Нью-Йорк давлат университети профессори:
— Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ўтмиши ҳар бир мамлакатда ўзига хос бўлиб, бу Ўзбекистонда ўзгачадир. Мажозий маънода айтганда, маҳаллани кўп қиррали қимматбаҳо тошга қиёслаш мумкин. Чиндан ҳам шундай. Бугун маҳалла томонидан 30 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги вазифалар муваффақиятли ҳал этиб келинмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоялашдан тортиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маҳаллий давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш ва яна кўплаб масалалар ушбу масканда амалга оширилади, деса, баъзи кишилар ишонмаслиги мумкин. Аммо амалда шундай.
Ўзбек маҳалласини бир неча йиллардан буён қизиқиш билан ўрганиб келаман. Ана шу тадқиқотлар натижасида бир хулосага келдим, яъни ҳақиқий демократия анъаналари маҳалла фаолиятида ўз ифодасини топган. Шунинг ўзиёқ Ўзбекистон демократик жамиятни ривожлантириш йўлидан дадил бораётганининг яққол далили, деб ҳисоблайман.
Ушбу ноёб институтни ўрганиш ва тажрибасини оммалаштириш мақсадга мувофиқ. Маҳалла мисолида биз ўзбек халқининг тафаккури ҳамда ҳаёт тарзига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қадриятлари сингиб бораётганлигини кўрдик. Ўзбекистонда ижтимоий соҳада пухта ўйланган сиёсат олиб борилмоқда, инсон ҳуқуқлари, хусусан, ушбу каломнинг тўлиқ маънода амалга оширилиши таъминланмоқда. Бу ташаббусларнинг марказида фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаб келаётган маҳалла туради.

Юлия ЗУБОК,
Россия фанлар академияси Ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар институти бўлим мудири:
— Ҳар бир давлат учун ёшлар тарбияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистонда тўпланган тажриба, айниқса, диққатга сазовор. Таълим муассасасидан ташқари, яна бир тарбия маскани — маҳалла институти борки, унинг ўрнини бошқа ҳеч бир тизим боса олмайди. Бу ерда ўспирин йигит ёки қиз доим маҳалла жамоатчилиги назоратида бўлади. Бундан ташқари, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши баробарида, уларнинг турли зарарли йўлларга кириб кетишининг олдини олмоқда. Муҳими, бу тажриба амалда ўзини тўла оқлаяпти.
Маҳалла анъаналарга ва замонавий жамиятни қуришга асосланган, айни чоғда ёшларга оид давлат сиёсати механизмларини амалга ошириш орқали ижобий ютуқларга эришишни таъминлаётган Ўзбекистоннинг ўзига хос ноёб тажрибасидир. Кўпчилик давлатларда ёшлар биқиқлашмоқда, ёши катталарни ҳурмат қилиш йўқолмоқда, миллий маданий қадриятлардан ўзларини четга олаяпти, авлодлар ўртасида узилиш кузатилаётир. Шу боис ҳам маънавий нуқтаи назардан халқингиз ижобий ютуқларга эришмоқда, ёшларни жамиятга ижтимоийлаштириш таъминланаяпти. Маҳаллаларда ота-оналар, кекса кишилар ҳамда қўни-қўшнилар ҳурмати юқори бўлиб, ушбу  тажрибани бошқа давлатлар ҳам ўрганиши зарур.

Тьерри МАРИАНИ,
Франция Миллий ассамблеяси депутати,
“Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари ўринбосари:
— Маҳалла халқингизнинг катта бойлиги. Бу гапни бежиз айтаётганим йўқ. Маҳалла институти фаолиятини таҳлил қилиш асносида шу хулосага келдим. Бирор муаммо бўлса, дарҳол маҳаллага чиқасиз. Маҳалла фаоллари эса бу борада сизга яқиндан ёрдам беради. Буни ёшлар тарбияси йўналишида олиб борилаётган ишлар мисолида янада ёрқин тасаввур қилиш мумкин. Бола мактабдан келгач, ҳудуддаги фан ва спорт тўгаракларига жалб этилади, бўш вақтини мазмунли ўтказади. Муҳими, ёмон иллатлар таъсирига тушиб қолмайди.
Шу мақсадда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми йўлга қўйилгани, “Ота-оналар университетлари” ташкил этилгани менда илиқ таассурот қолдирди. Менингча, жамоатчилик кўз ўнгида улғайган бола келажакда, албатта, яхши инсон бўлиб камолга етади.
Маҳалла Ўзбекистонда бошқарув соҳасини ривожлантириш, аҳолининг маҳаллий аҳамиятга эга масалаларини ҳал этишда муҳим ўрин эгаллайди. Бу ҳолат умумдавлат ва ҳудудий дастурларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол қатнашишига имконият яратади.
Шулардан келиб чиқиб, маҳалла институтини ҳар томонлама ўрганиш, керак бўлса, унинг илғор тажрибасини дунёга ёйиш зарур, деб ўйлайман.

Владимир ЧУПРОВ,
Россия фанлар академияси Ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар институти бош илмий ходими:
— Ғарб давлатларида, шу жумладан, бизда биқиқлик кучли бўлиб, бу кўп ҳолларда инсоннинг ёлғизланишига олиб келади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, киши бирон муаммога дуч келганда, уни фақат ўзи ҳал этиши керак бўлади, унга ҳеч ким ёрдамга келмайди. Сизларда эса мутлақо бошқача, яъни ҳар бир инсоннинг яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам ёнида турадиган одамлар — маҳалла фаоллари бор. Маҳалла биргина ана шу жиҳати билан ҳам ўрганишга муносиб институт, деб ҳисоблайман.
Дунёдаги аксарият давлатларни ташвишга солаётган яна бир долзарб масала — ёшларнинг таълим-тарбияси, яъни уларнинг қандай инсон бўлиб камолга етишларидир. Зеро, бугунги ёшлар эртага шу халқнинг тақдирини белгилайди. Юртингизда ушбу масала ҳам изчиллик билан ҳал этилмоқда. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, деган тамойил асосида ёшлар тарбиясида нафақат таълим даргоҳлари, шу билан бирга, маҳалла институти ҳам фаоллик кўрсатаётгани ўрганишга арзийдиган тажрибадир.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини ўрганиш жараёнида мен қуйидаги хулосаларга келдим. Биринчидан, сизларнинг жамиятингиздаги ижтимоий-руҳий муҳит, муҳими, ёшлардаги инсонпарварлик, самимийлик ва ўз келажагига бўлган ишонч мени ҳайратда қолдирди. Шу билан бирга, баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига, таълимнинг тарбия билан узвий боғлиқлигини таъминлашга катта эътибор берилмоқда.
Умуман, халқаро давра суҳбати иштирокчилари жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш бошқа давлатлар учун фойдали эканини якдиллик билан эътироф этдилар. Муҳими, кўплаб халқаро экспертлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллаларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни, хусусан, ҳар томонлама ривожланган, баркамол авлод тарбиясидаги фаолиятини юқори баҳолашди. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари “соғлом бола” деган ғоянинг жамият ҳаётидаги амалий ифодасини қарор топтиришда муҳим ўрин тутмоқда, деган фикрга келдилар.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Олий суд Пленуми Бош прокуратурада учрашув »