Жиззахдан бир олам таассуротлар билан
  • 20 Ноябрь 2017

Жиззахдан бир олам таассуротлар билан

Президентимиз халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар қаторида йирик ташкилотларнинг янги йўналишлар бўйича экскурсияларини мунтазам равишда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти ходимлари ҳам ўтган бир йил давомида юртимизнинг бир нечта вилоятларига ташриф буюрдилар. Чунончи, Самарқандда Биринчи Президентимиз мангу қўним топган масканни зиёрат қилишди, Бухоро вилоятининг диққатга сазовор жойларини кўришди, очиқ осмон остидаги чинакам музей — Хивага ташриф буюришди. Ва, мана, яна бир янги манзил сари сафар.

Ўзбекистоннинг ўтган асрдаги тарихидан ишончли ва янги далилларни ўрганмоқчимисиз? Ундай бўлса, Жиззахга боринг, бу ерда сиз ўша даврнинг таниқли намояндалари — Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия таржимаи ҳолига оид бир қатор қизиқарли маълумотларни топасиз.

Шароф Рашидовнинг номи нафақат Ватанида, балки бутун дунёда танилган. Рашидовнинг сиёсий донолиги ва дипломатик хулқ-атворини ҳисобга олган ҳолда, у Кариб денгизи инқирозини ва ядровий урушнинг ҳақиқий таҳдидини олдини олиш учун делегацияга раҳбарлик қилди ва Куба раҳбарияти билан музокара олиб борди.

Шароф Рашидов таҳликали йилларда халқнинг ҳаётини яхшилаш, иқтисодиётни юксалтириш, маданиятни тиклаш учун қилган катта саъй-ҳаракатларини ўзбек халқи жуда қадрлайди.

Қандай қилиб шаҳардан чиққан оддий бола Ўзбекистон тақдирида асосий ролга эга бўлгани ҳақида Шароф Рашидов мемориал музейи ҳикоя қилади. Шароф Рашидов номидаги хиёбонда таниқли сиёсатчи ва ёзувчи туғилганининг 100 йиллиги муносабати билан улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Буюк давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг улуғвор ҳайкали пойи гуллар билан тўла. У ўрнатилган хиёбондан одамларнинг қадами узилмайди. Бу ерга “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси томонидан ҳам гулчамбар қўйилди.

Мемориал музейда ҳужжатлар, фотосуратлар, видео ва аудио ёзувлар, газета ва журналлар, расм ва китобларнинг нусхалари, уч мингга яқин экспонат намойиш этилмоқда. Улар Ўзбекистон тарихи, ўзбек халқининг буюк фарзандининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида билимларни янада бойитишга хизмат қилади. Бу жиҳатлар журналистларни янги ижодий асарлар яратишга даъват қилади.

Таҳририят ходимлари ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган таниқли ўзбек ёзувчиси Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган музейга ҳам ташриф буюрдилар. Ўша пайтдаги ҳужжатлар, чунончи, ёзма нусхалардаги, фото ва видео форматларидаги, шунингдек, оддий кундалик ёзишмалар ва кўплаб китоблар бизни руҳий жиҳатдан ушбу машҳур ижодкорлар оиласига янада яқинлаштирганини ҳис қилдик. 

Таҳририятимиз ходимлари Жиззах шаҳридаги гўзал тарихий мажмуадан илҳом оламига янги ғоялар билан қайтишди. Бу сафар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий маданиятни ривожлантириш, мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини мустаҳкамлаш учун яна бир жиддий қадам эканига амин бўлдик.

Гулбаҳор ТАНГИРОВА,

Хасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn