Ислом — тинчлик ва эзгулик дини
  • 17 Ноябрь 2017

Ислом — тинчлик ва эзгулик дини

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эди. Ушбу фикрлар Андижонда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида ўтказилган диний соҳа ходимлари анжуманининг мазмун-моҳиятини ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Тошкент ислом университети ҳамкорлигида уюштирилган мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги вакиллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида фаолият юритаётган имом-хатиблар, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари диний идоралари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов, Қирғизистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий М. Токтамушев, Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти бош имом-хатиби К. Аҳмаджон ҳамда бошқалар ислом тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик дини, бинобарин, унинг софлигини сақлаш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Ислом ҳар қандай бузғунчилик ҳамда фитналардан холи экан, аксинча, бундай кучларга қарши фақат маърифат билан курашиш, мусулмон оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараённинг асл моҳиятини англатиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари, диний масалаларни ҳал қилишда қўшни давлатлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари яқинда БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференциянинг очилиш маросимида ёшларга илм-маърифатни ўргатиш, уларга динимизнинг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашнинг энг самарали воситаси эканига алоҳида урғу берган эди. Бу имом-хатиблар ҳамда диний ходимлар зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, бугунги тезкор ахборот асрида муқаддас ислом дини зулму зўравонликка ва хунрезликка мутлақо қаршилигини ёш авлод онгига сингдириш уламолар фаолиятининг узвий қисмидир. Тадбир давомида шу хусусдаги масалалар муҳокама қилинди.

Дарҳақиқат, юртимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги масжид-мадрасалар барпо қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразмда “Охун бобо”, Тошкентда “Имом Термизий”, “Сузук ота” масжидлари тўлиқ қайтадан бунёд этилди, Сурхондарёдаги Имом Термизий зиёратгоҳи, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий мажмуасида ҳам мукаммал қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани, ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши белгилангани ана шу йўналишдаги эзгу ишларга ёрқин мисолдир.

Тадбирда “Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида олиб бораётган сиёсатининг мазмун-моҳияти”, “Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар”, “Ислом — тинчлик дини”, “Миллий тарбиянинг шарқона хусусиятлари”, “Диний таълим тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан фикр алмашилди. Жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ислом динини қоралашга уринаётган ёвуз кучлар, уларнинг қабиҳ ишлари юзасидан муносабати қабул қилинди.

Анжуман доирасида Андижон давлат университетида “Маърифат ва бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт гаровидир” шиори остида экстремизм ҳамда терроризмнинг аянчли оқибатлари акс этган фотосуратлар кўргазмаси ташкил қилинди. Диний соҳа вакилларининг талабалар билан мулоқоти ўтказилди.

Меҳмонлар Андижон шаҳридаги “Девонабой” масжиди, “Мирпўстин ота” зиёратгоҳи, “Боғи Бобур” маданият ва дам олиш масканида бўлиб, амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар ҳамда дам олувчиларга яратилган шароитлар билан ҳам танишди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn