Олий суд Пленуми
  • 24 Май 2014

Олий суд Пленуми

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. “Суд ҳукми тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳалари муҳокамасига бағишланган тадбирда Олий суд судьялари, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва унга тенглаштирилган судлар раислари, парламент аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳуқуқшунослар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. Мустафоев ва бошқалар  эътироф этганидек, жамиятни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишлардан бири, бу — қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини янада изчил либераллаштиришдан иборат. Шу боис суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судья кадрларни танлаш, лавозимга тавсия этишнинг демократик тамойилларга мос келадиган мукаммал тизимини яратиш ва суд кадрлари ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилашга йўналтирилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг кейинги йилларда қабул қилинган 4 та Фармон ва фармойиши соҳа ислоҳотларини янги босқичга кўтарди. Яқинда кучга кирган Қонун билан тасдиқланган Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низом амалиётга жорий этилиши тизим ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. 
Кўрилаётган бундай кенг кўламли чора-тадбирлар, албатта,  судьялар ва суд ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Аниқ айтадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ тизимига жорий қилинаётган янгилик ҳамда ўзгаришлар муваффақияти кўп жиҳатдан судья кадрлар салоҳияти, билими ва малакасига боғлиқ. Олий суд Пленум йиғилишида муҳокама қилинган “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, суд ҳукми Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган муҳим процессуал ҳужжат бўлиб, суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариш орқали шахснинг Конституцияда белгиланган муайян ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёхуд бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш ҳақида ўз хулосасини баён қилади. Шу маънода, суд ҳукми тўла қонуний, асосли ва адолатли бўлишига эришиш айни муддаодир.

Олий суднинг 2014 йилга мўлжалланган иш режасига асосан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан жиноят ишларини кўриш ва суд қарорлари чиқаришда юзага келаётган айрим муаммо ва тушунмовчиликларнинг қонуний ечимини топиш, ҳуқуқни қўллаш жараёнида суриштирув ва тергов органлари ҳамда судлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, умуман,  судлар томонидан қонунларни бир хилда қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг янги таҳрирдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ишчи гуруҳи томонидан ушбу қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида жиноят ишлари ўрганилди.

Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р. Қодиров иштирок этди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn