Куз-қиш мавсуми: тайёргарликдан истеъмолчи розими?
  • 16 Ноябрь 2017

Куз-қиш мавсуми: тайёргарликдан истеъмолчи розими?

 

Одамларнинг кундалик ҳаёти, турмуш фаровонлиги, саломатлиги, қўйингки, кайфиятига бевосита дахлдор масалалар давлатимиз раҳбарининг доимий диққат-эътиборида. Сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли тураржойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати, шубҳасиз, улар орасида энг долзарбларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз шу йилнинг 2 октябрь куни мазкур масала таҳлилига бағишланган йиғилишда кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик, табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти, кўмир етказиб бериш, санитар тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратиб, коммунал соҳада иш сифати ва хизмат кўрсатишни юксалтириш юзасидан тегишли вазирликлар ҳамда идоралар раҳбарларига топшириқлар берган эди.

Хўш, жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бугунги аҳволи қандай?

Тизимда қўшимча имкониятлар

Соҳа мутахассисларининг айтишича, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони коммунал соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди. Сабаби, ушбу ҳужжат асосида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар мавжуд тизимни тубдан такомиллаштириш баробарида, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш имконини бераётир. Бу жараёнда янги ташкил этилган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги муҳим роль ўйнаяпти.

Очиғи, коммунал соҳадаги камчиликлар аҳолини қийнаб келаётган оғриқли муаммога айланган эди. Айниқса, кунлар совиб, ёғингарчиликлар бошланиши билан масала янада ўткирлашарди. Жорий мавсумда бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилаяпти. Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир.

Муаммоларнинг амалий ечими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналарига қорақалпоғистонликлардан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича 2555 та мурожаат келиб тушган. Кўрилган амалий саъй-ҳаракатлар натижасида шундан 1596 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, қолганлари устида ишлар давом эттирилаётир.

Яқинда Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистонда коммунал соҳадаги ишларнинг бориши, хусусан, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, кўмир ва брикет таъминоти ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида белгиланган вазифалар ижроси ўрганилди. Бу жараёнда нафақат Нукус шаҳрининг тўртта сектори ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти кўриб чиқилди, балки Оролбўйининг энг олис ҳудудлари ҳисобланган “Қорақалпоғистон”, “Жаслиқ” шаҳарчалари, Мўйноқ, Тахтакўпир туманларининг чекка овулларига ҳам борилгани эътиборга молик жиҳатдир.

— Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “Қорақалпоғистон газ” филиали директори Қуаниш Жалекеев. — Табиий газ етиб бормаган аҳоли яшаш пунктлари, ҳатто энг чекка ҳудудлардаги 400 дан зиёд чўпонлар ҳам газ баллонлари билан таъминланди. Жойларда 4 та суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаси, битта станция, 92 та тарқатиш шохобчаси узлуксиз фаолият кўрсатаяпти. Натижада бугунги кунгача аҳолига 10412 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Оролбўйи минтақасида куз-қиш мавсуми учун 38 минг тонна кўмир талаб қилинади. Ҳозиргача 15 минг тонна қаттиқ ёқилғи етказиб берилган бўлса, қолган қисми ҳам декабрь ойигача олиб келиниши белгиланган.

— Қиш-қировли кунларда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳар доимгидан-да ортади, — дейди “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош директори Зинатдин Керимзатов. — Шу боис мавсумда тасарруфимиздаги 4433 та трансформатор пунктининг узлуксиз ишлашини таъминлаш тадоригини кўраяпмиз. Пировардида Беруний, Тахиатош, Элликқалъа, Қўнғирот, Амударё туманларида 7 та янги трансформатор пункти қурилди, мавжудлари эса таъмирланди. Бу кейинги етти йилда барпо этилган 323 та янги аҳоли мавзесидаги 19541 хонадон ҳам электр энергияси билан мунтазам таъминланишини кафолатлайди.

Электр таъминоти яхшиланмоқда

— Ҳудудимизда илгари чироқни ёқсангиз, у худди шам каби хира нур таратарди, — дейди ўиждувон туманидаги Қавали қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Исмоил Ҳалимов. — Ушбу муаммо ечими топилавермагач, қишлоғимиз аҳолиси Президентимизнинг ўиждувон тумани Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Натижада арзимиз соҳа мутахассислари томонидан зудлик билан ўрганилди ва янги трансформатор ўрнатиб берилди. Бундан қишлоғимизнинг 650 нафардан зиёд аҳолиси хурсанд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти Халқ қабулхонасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида аҳолидан электр энергияси таъминотига оид 93 та мурожаат келиб тушган. Шуларнинг 76 таси соҳа мутасаддилари -томонидан ижобий ҳал этилди. 17 та мурожаат эса ўрганиш жараёнида.

— Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, тизимда модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда, — дейди “Бухоро электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Руҳулло Шарипов. — Бу эса ҳудудларда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш борасидаги имкониятларимизни кенгайтираяпти. Масалан, ўта юкланиш билан ишлаётган 21 трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилди. Узатиш тармоқлари, электр қурилмалари мукаммал таъмирланди. 23 та трансформатор захираси яратилди.

Олот — мамлакатимизнинг энг чекка туманларидан бири. Яқинда ҳудуддаги “Амударё” подстанциясида ўрнатилган 2500 киловатт амперли трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилди. Натижада 2,5 мингта хонадонда электр энергияси таъми-ноти яхшиланди.

Ана шундай лойиҳалардан яна бири “Зарафшон” подстанциясида ҳам рўёбга чиқарилди. 4 минг киловатт амперли трансформатор ўрнига қуввати 6 минг киловатт ампер бўлган замонавий ускуна ўрнатилди. Мазкур подстанция, асосан, Бухоро шаҳрининг қадимий қисмида жойлашган корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли хонадонларини электр энергияси билан таъминлайди. Бу ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланаётгани, сайёҳлар оқими кўпаяётгани инобатга олинса, ушбу лойиҳанинг аҳамияти нечоғли катталиги кўзга яққол ташланади.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудида иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ҳамда ижтимоий соҳа объектларини 2017/2018 йилларда куз-қиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирларини ўз муддатида, тўлиқ амалга ошириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Зеро, аҳоли турмуш даражаси юксалиши, жамиятда ижтимоий муҳит барқарорлиги таъминланиши, лўндасини айтганда, одамларнинг розилиги уй-жой коммунал соҳасининг самарали фаолият кўрсатиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn