Миллатлараро тотувлик тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам асосидир
  • 16 Ноябрь 2017

Миллатлараро тотувлик тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам асосидир

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги Декларация қабул қилинган эди. Шундан буён мазкур сана “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад дунё халқларини бағрикенгликка, тинчликни асраб-авайлашга ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлашдир.


“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

 

(Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 18-моддасидан).


Шу маънода, мамлакатимизда истиқлол йилларида миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилаётир.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ҳамда лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришлари учун зарур имкониятлар яратиб берилган. Бундай юксак даражадаги эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди. Барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этиши кафолатланди.

Ҳозирги пайтда 138 миллий маданий марказ, шунингдек, 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллат ҳамда элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётир.

Улар “халқ дипломатияси” механизмидан фаол фойдаланган ҳолда, тинч ҳамда фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртларимиз билан яқин ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшаяпти. Мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётир, газета ҳамда журналлар 10 дан ортиқ тилларда чоп қилинаяпти.

Айтиш керакки, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бутунлай янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда. Чунончи, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат этиб белгиланган. Бугун шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллатлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни, яқин қўшниларимиз билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар олиб борилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил январь ойида республикамиздаги миллий маданий марказлар фаоллари билан учрашиб, улар билан дилдан мулоқот қилгани, таклифлари ҳамда фикр-мулоҳазаларини эшитгани ҳам бағрикенгликнинг юксак намунаси бўлди. Қолаверса, Юртбошимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Республика байналмилал маданият маркази ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

— Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳасида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юклатилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Эшонхўжаев. — Президентимиз ғамхўрлиги туфайли пойтахтимизнинг Бобур кўчасида жойлашган муаззам бино Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига берилди. Шунингдек, бу бинонинг ёнида жойлашган боғ “Дўстлик боғи” деб номланди. Боғ ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатлар вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ҳамда пазандачилик анъаналарини намойиш этиши учун шароитлар яратилаётгани барчамизни беҳад қувонтирди. Бу жуда катта имконият ва айни пайтда юксак масъулиятдир. Шу орқали халқимиз турли миллатларга мансуб маданиятлар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлади.

Айни пайтда миллий маданий марказларга амалий ҳамда методик ёрдам кўрсатиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш бўйича жойларда турли анжуманлар, учрашувлар, фестиваллар ўтказмоқдамиз. Уларда миллий маданий марказлар вакиллари фаол қатнашаётир. Ўз навбатида, муқаддас заминимизда турли миллат ҳамда элатлар вакилларининг анъана ва урф-одатларини ривожлантириши, миллий ҳамда диний байрамларини эмин-эркин нишонлаши учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган. Буларнинг барчаси ўзаро ҳамжиҳатликни янада таъминлашга хизмат қилаяпти.

— Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, яқин дўст ҳамда қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз, маданий ва диний қадриятларимиз, анъанаю урф-одатларимиз муштарак, — дейди Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов. — Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ҳукуматлар ҳамда ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифлари амалга оширилаётгани улкан самаралар бераётир. Чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиши натижасида аҳоли эмин-эркин ҳаракатланиши учун енгилликлар яратилаяпти. Бундан ҳамма беҳад хурсанд.

Бугунги кунда республикамизда қирғиз миллатига мансуб 300 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, уларнинг ҳар бири Ўзбекистонни ўз Ватани, унинг ривожига ҳисса қўшишни эса муқаддас бурчи, деб билади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари яхлит ҳолда Ўзбекистон халқини ташкил этади. Улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар. Зеро, бағрикенглик тинчликнинг бош мезони бўлса, тинчлик юксак тараққиёт гаровидир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn