ЖССТ: Ҳар 8 сонияда бир киши тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш ёки пассив кашандалик оқибатида орттирилган касаллик туфайли вафот этаяпти
  • 16 Ноябрь 2017

ЖССТ: Ҳар 8 сонияда бир киши тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш ёки пассив кашандалик оқибатида орттирилган касаллик туфайли вафот этаяпти

Инсон саломатлиги учун ўта хавфли эканлиги аллақачон исботланганига қарамасдан, башарият ҳали-ҳамон воз кечолмаётган иллат — сигарета чекиш, бошқача айтганда, кашандаликдир.

У, афсуски, мусаффо осмонни заҳарли тутунга тўлдириб, одамзоднинг узоқ умр кўришига тўсиқ бўлиб келаяпти. Бинобарин, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино ёзганидек, “Агар чанг ва ғубор бўлмаганида эди, инсон минг йил яшарди...” Тамаки тутуни таркибида эса нафақат чанг ва ғубор, балки сизу биз тасаввур ҳам қилолмайдиган мингдан ортиқ заҳарли моддалар бор экан.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан кашандаликка қарши турли чоралар қўлланилаётган бўлса-да, уни батамом бартараф этишнинг имкони бўлмаяпти. Мисол учун, сайёрамизнинг экологик софлигини таъминлаш, чекиш билан боғлиқ хасталиклар ва ўлим ҳолатларини камайтириш, баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида 

1988 йилдан эътиборан ҳар йили 31 май санаси “Бутунжаҳон чекишга қарши кураш куни” (айрим давлатларда “Бутунжаҳон тамакисиз кун” деб ҳам аталади) сифатида нишонлаб келинади. Шу куни чекишнинг салбий оқибатларини кўрсатиш, башариятни бу иллатдан воз кечишга чақириш, кашандалик билан боғлиқ хасталикларни камайтиришга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари дунё миқёсида олиб борилади. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар яна бир карра огоҳликка, ҳушёрликка чорланади. 1977 йилдан бери эса ноябрь ойининг учинчи пайшанбаси “Халқаро чекишни ташлаш куни” сифатида белгиланиб, барча шу куни чекишни ташлашга чақирилади.

Таассуфки, жаҳон ҳамжамиятининг бу каби глобал саъй-ҳаракатларига қарамасдан, дунё миқёсида тамаки истеъмол қилиш кўрсаткичи барибир пасаймаяпти. Қолаверса, чекиш ёшининг тобора “ёшариб” бораётгани кузатилмоқда. Масалан, ривожланган давлатларда бу ўртача 18 ёшни ташкил қилса, ривожланаётган мамлакатларда 15, қолоқ давлатларда эса ҳатто 13 ёшдан бошлаб чекишга ружу қўйишаётир. Кашандалар сафига ҳар йили 80 — 100 минг нафар вояга етмаганлар қўшилаяпти. Уларнинг ҳар 10 нафаридан 8 нафари келгусида бу иллатдан қутулолмаётгани эътиборга олинса, мазкур хавфнинг кўлами ойдинлашади.

Ер юзида сигарета туфайли пайдо бўладиган хасталикларга чалинаётган ва ҳаттоки, унинг қурбонига айланаётганлар сони ўсиб бораётгани ҳам ачинарлидир. Бу борада қуйидаги далилларга эътибор қаратиш кифоя: ЖССТ маълумотларида қайд этилишича, ҳар 8 сонияда (10 йил аввал бу кўрсаткич 12 сонияга тенг эди) бир киши тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш ёки пассив кашандалик оқибатида орттирилган касаллик туфайли вафот этаяпти. Бир йилда айни шу сабаб билан 6,4 миллион нафар инсон ёруғ дунёни тарк этмоқда. “Агар тамаки истеъмоли кўлами шу тахлит ортишда давом этса, 2020 йилга бориб, йилига 10 миллион нафар одам мазкур хасталиклардан ҳалок бўлади, 

2030 йилда эса бу инсониятнинг эрта ёшдаги ўлимига сабабчи бўлувчи асосий омилга айланади”, дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотномасида.

— Никотин тамаки тутуни таркибидаги энг кучли алколоид бўлиб, дастлаб асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, сўнг қонга сўрилиб, ички аъзоларга зарар етказади, — дейди пойтахтимиздаги 26-оилавий поликлиниканинг олий тоифали умумий амалиёт шифокори Дилфуза Очилова. — Оқибатда, асаб тизими емирилади, хотира сусайиб, диққатни жамлаш қийинлашади. Энг ачинарлиси, чекиш касаллигининг насл суриши эҳтимоли ҳам юқори.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, фарзандларимизнинг баркамол вояга етиши, юртимиз экологиясини кўз қорачиғидек сақлаш мақсадида кашандаликка қарши кураш бўйича кўплаб эзгу ишлар, амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Хусусан, 2012 йилнинг 5 апрелида юртимизда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Унга кўра, фуқароларнинг, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахс-

ларнинг соғлиғини тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш, тамакига қарамликни йўқотиш, тиббий огоҳлантириш, ушбу турдаги маҳсулотларнинг реклама қилинмаслиги, уларнинг ўралиши ва тамғаланишига оид талабларнинг қатъий бажарилиши, тамаки маҳсулотларини реализация қилишга доир махсус чекловлар борасида мунтазам иш олиб борилаётир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 7 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом”га биноан, иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида чекишни тақиқловчи белгилар ўрнатилиб, унга риоя этмаган фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 561-моддасига асосан, энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жаримага тортилиши қатъиян белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар йили юртимиздаги турли вазирлик ҳамда идоралар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари томонидан чекишнинг олдини олиш, ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни бу иллатдан асраб-авайлашга қаратилган турли-туман фестиваллар, кўрик-танловлар, спорт марафонлари ўтказилмоқда, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир.

Юқорида айтиб ўтилган мисоллардан хулоса қилиш мумкинки, чекиш нафақат умр заволи, шу билан бирга, бутун инсоният, наботот ва ҳайвонот оламининг кушандасидир. Мустаҳкам ирода, кучли азму шижоат, қатъий интилишга эга киши эса бу иллатдан бутунлай қутула олади.

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn