«Сиз қонунни биласизми?»
  • 24 Май 2014

«Сиз қонунни биласизми?»

Бухорода “Сиз қонунни биласизми?” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. “Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 14 та жамоа қатнашди.

Айтиш жоизки, мазкур анъанавий танловга қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда. Унинг бу галги қуйи босқичларида 1500 дан ортиқ академик лицей ва коллежларнинг 55 минг нафарга яқин ўқувчиси иштирок этгани фикримиз тасдиғидир. Ёшлар ўртасида ҳуқуқий таълим-тарбияни такомиллаштириш, жамиятда қонун устувор бўлишига эришиш, ҳуқуқий демократик давлат барпо қилишда ёшлар фаоллигини таъминлаш, ўғил-қизларнинг эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ошириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш каби қатор мақсадларни кўзда тутган тадбирда қатнашчилар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди, ўз таклифларини кўргазмали тарзда намойиш этишди. Жамиятда учраб турадиган айрим ижтимоий-ҳуқуқий масалаларни саҳна кўриниши орқали намойиш қилишди.

Танловда “Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида” шарти талабларидан келиб чиқиб, иштирокчилар “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасига таклифлари асосида тақдимотлар ташкил этдилар.

Ўзига хос билимлар синови якунига мувофиқ, Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 3-академик лицейнинг “Фемида” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежининг “Парламент” ҳамда Хатирчи агросервис касб-ҳунар коллежининг “Адолат” жамоаларига кейинги ўринлар насиб этди. Шунингдек, бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Табиат мулки ва инсон бурчи Олий суд Пленуми »