Одам савдоси билан шуғулланган 216 нафар шахснинг жиноий қилмишларига чек қўйилди
  • 13 Ноябрь 2017

Одам савдоси билан шуғулланган 216 нафар шахснинг жиноий қилмишларига чек қўйилди

Миллий матбуот марказида Миллий хавфсизлик хизмати томонидан “Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши кураш” мавзуида брифинг ташкил этилди.

Таъкидланганидек,  ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида МХХ органлари томонидан Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний меҳнат ва жинсий эксплуатацияга жалб қилиш мақсадида чет элга чиқариш билан шуғулланган 216 нафар шахснинг жиноий қилмишларига чек қўйилди ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Баъзи ҳолларда уюшган жиноий гуруҳлар аввал хорижга чиққан ва депортация қилинган шахсларнинг биографик маълумотларини турли йўллар билан ўзгартирмоқда. Одамларни гуруҳ ҳолида эмас, алоҳида олиб чиқиш амалиёти кенгаяётир. Бундан ташқари, жиноий гуруҳлар ўз қурбонларини аввалига визасиз тартиб амал қилётган давлатга, у ердан эса ўзлари кўзлаган манзилга етказади. Қалбаки виза ва таклифномаларни расмийлаштириб бераётган туристик фирмалар хизматидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Тадбирда ноқонуний миграция ва одам савдосининг барча кўринишига қарши олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари хусусида батафсил сўз юритилди. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамкорлигида маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказилиб, одам савдоси оқибатлари батафсил тушунтирилмоқда. Негаки, ҳушёр ва огоҳ инсон ҳеч қачон бундай иллатларнинг қурбонига айланиб қолмайди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn