Халқ баҳоси —  бош мезон
  • 11 Ноябрь 2017

Халқ баҳоси —  бош мезон

Бугун юртдошларимиз барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифати таъминланаётганини ўз турмушлари мисолида кўриб турибди. Зеро, фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият замирида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизом ва юксак масъулият мужассам. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда улкан.

Шу маънода, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Қисқа фурсат ичида давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан беш маротаба учрашув ўтказгани, Юртбошимизнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттиздан ортиқ Фармон ва қарорлари эълон қилингани фикримиз тасдиғидир.

Қатъий саъй-ҳаракатлар туфайли олиб борилаётган кенг қамровли янгиланишлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ҳамда эҳтиёжларини қондириш фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун ҳамма шарт-шароитни яратиб бериш каби эзгу мақсадларга қаратилган. Буни Президентимиз шу йилнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда яна бир бор таъкидлади. Давлатимиз раҳбари вилоятларга сафарлари чоғида ҳам ижтимоий аҳамиятга молик турли объектлар қаторида қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказларда бўлиб, шифокорлар ва беморлар билан бевосита мулоқот қилаётгани кўплаб масалаларни самарали ҳал этиш имконини бераётир.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда тизимнинг ҳар бир бўғинини ўзаро мутаносибликда комплекс ривожлантириш тамойили устуворлик касб этаяпти. Халқи-мизни арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, соҳага тегишли таълим даргоҳларини замонавий талаблар даражасида ташкил этишга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ҳамда улар ижроси шулар сирасидандир.  

Юртбошимизнинг бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилгани, баъзи қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини айтиб ўтиш лозим. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. 

Халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас. 18 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, хонадонларда патронаж ишларини ташкил этиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, беморларни ўз вақтида диспансер назоратига олиб, соғломлаштириш ишлари ҳали кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Ушбу мақсадда давлатимиз раҳбари соҳанинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди. 

Она ва бола саломатлигини яхшилашга оид ишларни такомиллаштириш юртимизнинг алоҳида эътиборидадир.  Шу йўлда туман ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовини лавозимини таъсис этиш белгиланди. Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог, педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Эҳтиёж ўрганилган ҳолда, штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши, шубҳасиз. 

Яна бир муҳим қадам миллий эмлаш дастури билан боғлиқ. Жорий йилда юқумли хасталикларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Яъни 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм ажратилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. 2018 йилдан жаҳонда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

— Тизимдаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда, бир нарсага алоҳида урғу бериш ўринли, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев. — Бугун тиббиёт соҳасида ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда халқ фикрига таянилмоқда. Биз тиббиёт ходими фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратиш йўлидамиз. Чунки энди шифокор ўз хонасида бемор келишини кутиб ёки рақам йиғиб, фақат ҳисобот тузишга асосий вақтини сарфламайди — бундай усулда ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз фуқароларнинг ҳаётдан мамнун, рози бўлиб яшаши учун хонадонма-хонадон юриб, зарур шароитларни яратишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ. Дарҳақиқат, чақирув келиб тушгач, автотранспорт воситалари етишмаслиги сабаб, бригаданинг ўз вақтида етиб бормаслиги, дори-дармон танқислиги каби муаммолар тиббиёт ходимларини кўплаб ноқулай вазиятларга солаётганди. 

— Президентимизнинг шошилинч ёрдамни такомиллаштириш бўйича қабул қилган Фармон ва қарорида мазкур масалаларга ечим кўрсатилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев. — Яъни тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробар оширилди, дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди, 52 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Энг аҳамиятлиси, ўтган ўн ой ичида фаолиятимизда умуман кузатилмаган воқеа — тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган 1200 та автотранспорт воситасининг асосий қисми харид қилиниб, ҳудудларга берилаяпти. 

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадда Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиаллари ташкил этилаётир. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги долзарб масалалардан бири эди. Унинг ечимини топиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 нафар номзод танлаб олинди. Улар вилоятлардаги даволаш муассасаларига ишлаш учун юборилди. Хориждаги клиникаларда фаолият юритаётган 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади. Айни пайтда улар ўз ихтисослигидаги даволаш-профилактика марказларида фаолият юритмоқда.

Масалан, 12 йилдан буён Россиядаги А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келаётган малакали кардиохирург Рустам Ярбеков Президентимизнинг тиббиёт ходимларига яратиб бераётган шароитлари ва таклифларидан сўнг, Ватанимизга қайтди. Айни дамда у Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида меҳнат қилмоқда. Йил бошидан буён малакали мутахассис 300 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик операцияларини, хусусан, аорта коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, юрак туғма ҳамда орттирилган пороги каби амалиётларни муваффақиятли ўтказди.    

Кузатувлар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз аҳолиси яқин вақтларгача трансплантация хизмати учун хориж клиникаларига мурожаат этишга, чет элга боришга мажбур бўлаётган эди. Барчамизни хурсанд қилган янгилик: мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошланди. 

— Эндиликда тана аъзоларини трансплантация қилиш операцияларини бажаришга киришилар экан, аввало, халқимизга юксак технологиялар воситасида, энг илғор тиббий стандартлар асосида ёрдам кўрсатиш, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга устувор аҳамият қаратилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори Феруз Назиров. — Албатта, трансплантология хизмати катта маблағ ҳамда ресурс талаб этадиган соҳа. Мамлакатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан бу соҳа фаолиятини ташкил қилиш мақсадида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Даволаш муассасаларини жиҳозлаш ва кадрлар тайёрлаш борасида жадал ишлар олиб борилаётир. Айни дамда трансплантология соҳасининг жаҳондаги энг нуфузли мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эгамиз. 

Тиббиётнинг яна бир йўналиши борки, бунда бирламчи тизимдан бошлаб ихтисослаштирилган марказларгача — барча муассаса ҳамда соҳа вакиллари биргаликда ҳаракат қилиши талаб этилади. Бу ижтимоий аҳамиятга эга касалликлардир. Мамлакатимизда сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди ва Президентимизнинг қарорлари қабул қилинди. Биргина фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 давлат орасида 3-ўринни эгаллаб, -халқаро миқёсда эътироф этилди. 

Бугун тадбиркорликнинг жадал ривожланиши тиббиёт соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги қўшма клиникалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларидаги юкни камайтириш мақсадида гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларига, тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш ҳам кўзда тутилган. Хусусий сектор билан боғлиқ яна бир янгилик — илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди.

— Олдимизда ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган яна бир қатор долзарб масалалар турибди. Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилиши лозим, — дея сўзида давом этади республика соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев. — Бугун мамлакатимизда давлат идоралари халқ билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Одамларнинг талаб-истаклари, уларнинг холис баҳолари асосида ишлаш тамойили фаолиятимизнинг бош мезони сифатида қабул қилинаяпти. Негаки, биз катта натижаларга фақат ва фақат одамлар ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш орқалигина эришишимиз мумкин. Шунда халқимиз биздан рози бўлади, бизга ишонади. 

Тиббиёт соҳаси, айниқса, бугун ўзининг юксак мақомига эришмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланаётгани ҳам ана шу эътибор намунасидир. Бу йилги байрам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида, унинг юксак мақсад ҳамда вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказилаётгани мазкур айёмга ўзгача руҳ бағишламоқда.

Соҳа вакиллари ҳам ушбу эҳтиромга жавобан  изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас бўлишга интилаётир. Модомики шундай экан, инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида белгиланган мамлакатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар бир тиббиёт ходимини янада фаолликка ундайверади. 

Фурқат САНАЕВ,

шарҳловчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn