Аждодлари аллома, авлодлари баркамол
  • 10 Ноябрь 2017

Аждодлари аллома, авлодлари баркамол

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 14 октябрида халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган ғамхўрлик хусусида гапириб, бугунги кунда Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётганини таъкидлади. 

Ана шундай ёшлардан бири Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси Ҳакимбой Эгамбергановдир. У қаторасига уч йил — 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медалларни қўлга киритган. “Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, -Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”, деди Президентимиз. 

Эътибор ва рағбат  инсонга куч бағишлайди, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларга эса қанот беради, десак, асло муболаға эмас. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида уларни жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат замонавий билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялашдек устувор мақсадлар мужассам. Бу кейинги бир йил давомида таълим-тарбияга оид қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топди.  Жумладан, Президентимиз давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидаёқ, яъни 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунини имзолагани навқирон авлодга юксак меҳр, эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди. 

Жорий йилнинг 30 июнь куни ёшларимиз ҳаётида яна бир унутилмас воқеа рўй берди. Пойтахтимиздаги муҳташам Симпозиумлар саройида давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг бир гуруҳ фаол йигит-қизлари билан учрашди. Ушбу тарихий аҳамиятга эга учрашувда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Республикамизнинг барча ҳудудидан делегатлар қатнашган тадбирда билдирилган фикрлар нафақат ёшларимиз, шу билан бирга, жамиятимизни ўйлантириб келаётган масалаларни қамраб олганлиги туфайли ҳам кенг жамоатчилик томонидан -қизғин кутиб олинди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг бундан буён 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонлашга оид таклифи юз-кўзи, хатти-ҳаракатларида шижоат акс этган эртамиз эгалари учун ҳақиқий хушхабар бўлди. Зеро, ёшларга эътибор келажакка эътибордир.

— Учрашувда кўплаб масалалар қатори қизлар тарбиясига оид фикрлар билдирилгани, бу борада бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик бўйича ҳам эзгу ташаббуслар илгари сурилгани кўнглимиздаги мақсад-муддаоларга ҳамоҳангдир, — дейди “Шуҳрат” медали ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши таъсисчилигидаги “Ёш ижодкорлар уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Меҳриноз Аббосова. — Айниқса, қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ҳамда қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш кераклиги хусусидаги мулоҳазалар кўпчиликни ўйлантириб келаётган эди. Тан олишимиз керак, ҳозир айрим ёш келинлар, бўлғуси оналар кўп вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлаяпти. У ердаги ҳуда-беҳуда нарсалар қиз-жувонлар фикрини чалғитиши мумкин. Мана шундай пайтда уларни қизиқарли нашрга жалб этиш айни муддаодир. Шу маънода, учрашувда Президентимизнинг қизларимиз учун янги журнал ташкил қилишга оид фикрларини қизғин қўллаб-қувватлаймиз.

Бинобарин, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифалар белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазкур тизимдаги ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Ушбу ташаббус суянчимиз ва таянчимиз бўлган навқирон авлод давлатимиз томонидан нечоғли юксак эъзозланишини яна бир карра тасдиқлайди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияда юксак минбардан туриб Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларнинг эртанги тақдири ҳақида ўта муҳим масалаларни тилга олдилар, — дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар Турсунов. — Айниқса, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этганлари жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф қилинди. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор замирида ҳам беқиёс меҳр, офтоб тафтидек ҳарорат мужассам. Шу маънода, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бораяпти, амалий ҳаракатга айланмоқда. Зеро, фарзандларимизнинг намунали хулқ эгаси бўлиб камол топиши нафақат ота-она қувончи, оила ютуғи, балки Ватан равнақи сари ташланган дадил қадамдир.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларининг “Темурбеклар мактаби” деб номланиши ҳам улуғ аждодларимизга бўлган яна бир эҳтиром сифатида барчамизни қувонтирди. Айни пайтда эзгу ният билан ҳалол ва самарали меҳнати, илмий-ижодий ютуқлари, Ватанга садоқатли хизмати билан ўрнак бўлаётган йигитларни рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлонлар” давлат мукофоти, шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилиши белгиланди. Бу эса ўзини шу азиз юрт фарзанди деб билган ҳар бир йигит-қизни янада тўлқинлантирди. 

— Президентимизнинг шу йил 30 июнь куни ёшлар билан учрашуви ҳамда 20 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи муҳрланган лавҳаларни қайта-қайта кўрамиз, — дейди Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаётган Мусохон Ҳошимхонов. — У ерда айтилган ҳар бир фикр, ҳар бир таклиф биз, ёшларнинг тақдирига дахлдор. Очиғи, ўзимни Симпозиумлар саройида ўтирган тенгдошларим сафида ҳис қилдим, давлатимиз раҳбарининг меҳр ва ғамхўрликка йўғрилган сўзларини қалбимга жойладим. Юртбошимиз БМТ минбаридан туриб нафақат бизни, балки Ер юзининг бошқа мамлакатларида ҳам яшаётган ёшлар тақдири билан боғлиқ ҳаққоний гапларни -айтдиларки, бу барча учун юксак ибрат намунасидир. Бундай эъзоздан руҳланган миллионлаб ёшлардан бири сифатида келгусида юртимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшиш йўлида бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан. 

Ватан олдидаги бурчини шараф билан ўтаётган йигитнинг юрагидан отилиб чиққан бу сўзлар Ўзбекистондаги барча фарзандлар ниятини ифодалаб турибди. Энг муҳими, уларнинг мусаффо тилаклари ижобати учун  шарт-шароит етарли. Ахир мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи ва рақобатдошлигини ошириш кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга боғлиқ. Шу сабабли иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантиришга, дунёқараши, ижодий ҳамда шахсий хусусиятларини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантиришга -алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири иқтидорли йигит-қизларни илм-фанга кенг жалб этишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияларига ўқишда ва жамоат ишларида юқори натижаларга эришаётган ёшлар сазовор бўлмоқда. Шунингдек, бир қатор махсус стипендиялар таъсис этилган. 

Умуман олганда, мамлакатимизда Ватанимиз тақдири, унинг келажаги ва эртанги кунига масъуллик туйғусини теран англайдиган халқимизга хос юксак маънавий қадриятлар ва энг яхши анъаналар руҳида камол топаётган йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига залворли масъулият юклайди, улардан халқимиз олдида турган юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn