Самарқанд яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилади
  • 05 Ноябрь 2017

Самарқанд яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилади

Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция ўтказилади.

Мазкур нуфузли анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоялар — бугунги даврнинг энг долзарб мавзулари, юртимизда кечаётган ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар таълим-тарбияси, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология сингари муҳим масалалар дунё жамоатчилиги вакиллари, халқаро экспертлар муҳокамасида бўлади.

Айни пайтда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ушбу тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

— Юртбошимизнинг халқаро конференцияни юқори савияда ташкил этиш ва уни ўтказишга доир фармойишига мувофиқ, кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилаяпти, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Бекзод Раҳматуллаев. — Шаҳримиздаги “Зилол бахт” меҳмонхонасида анжуманнинг бош штаби ташкил этилди. Самарқанд халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, “Регистон Плаза” меҳмонхонаси, Самарқанд давлат чет тиллар институтида меҳмонларни кутиб олиш ҳамда кузатиш, гид-таржимонлик ва бошқа хизматларни кўрсатувчи штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Иштироки кутилаётган 250 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа қатор халқаро тузилмалар, хорижий давлатлар расмий вакиллари, таниқли сиёсатчилар, олим ва мутахассисларга сифатли, замонавий сервис хизматларини кўрсатиш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар кўрилди.

Албатта, меҳмонлар халқаро конференция доирасида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор масканларни ҳам бориб кўриш имкониятига эга бўладилар. Уларнинг саёҳатини уюштириш мақсадида олтита йўналиш белгиланиб, ҳамроҳлик қилувчи масъуллар бириктирилди, 15 та ишчи гуруҳи ташкил қилинди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган фаол минтақавий сиёсат, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”, деган эзгу ғоя ушбу халқаро конференциянинг моҳиятини ифода этади.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn