Замонавий кадрлар ҳар бир соҳа ривожида муҳим ўрин тутади
  • 05 Ноябрь 2017

Замонавий кадрлар ҳар бир соҳа ривожида муҳим ўрин тутади

Бугунги давр давлат хизматчилари олдига янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизни замонавий босқичда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни рўёбга чиқариш учун бошқарув усулларини қайта кўриб чиқиш, фаолият самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ушбу масала кўплаб мамлакатлар учун долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш шароитида давлат кадрлар сиёсати: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда давлат бошқаруви кадрлари сифати ва касбий малакасини ошириш, давлат хизмати ривожланишининг замонавий трендлари ва ушбу соҳадаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сингапур, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан экспертлар, халқаро ташкилотлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, академия тингловчилари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари давлат хизматининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, кадрлар сиёсатини амалга оширишнинг самарали механизмлари, давлат-хусусий шерикликнинг рўёбга чиқарилишида янги ёндашувларни муҳокама қилишди. Конференция давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кадрларни танлаш ҳамда тайёрлаш соҳасидаги илғор тажрибани ҳамда давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш услубларини ўрганиш учун ўзига хос платформага айланди.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда, 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ҳамда функциялари қайта кўриб чиқилди. 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органи, бошқа ташкилотлар қайта тузилди. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди. Ушбу дастуриламал ҳужжат асосида давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар ва технологияларнинг илғор шакллари жорий этилаяпти. Мамлакатимизда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасида 17 та қонун қабул қилиш режалаштирилган.

Конференцияда таъкидланганидек, профессионал давлат хизматини яратиш мамлакатимизда давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисмига айланди. Бу жараёнлар кадрлар захирасини шакллантириш, уларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, стратегик мақсадларга эришиш учун амалий ҳамда прагматик қарорлар қабул қилишга қодир янги раҳбар кадрларни тарбиялаш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Айрим давлат органларида ишга қабул қилишнинг муфассал тартиби ишлаб чиқилган, шу жумладан, танлов асосида ишга қабул қилиш механизмлари жорий этилаяпти. Бу нафақат малакали кадрларни танлаш ва мутахассислар маълумотлар базасини шакллантириш, айни пайтда фуқароларнинг давлат хизматига кириши учун тенг имкониятлар ҳам яратмоқда. Давлат хизмати тизими ривожланишининг илғор хорижий тажрибаларини ўрганиш соҳадаги мавжуд камчиликларни аниқлаш, шунингдек, самарали шакл ва усулларга асосланган истиқболли йўналишларни белгилаб олиш имконини беради.

Анжуман доирасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, унинг Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги аҳамияти ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди.

Сўз — иштирокчиларга

Хелена ФРЕЙЗЕР, БМТ резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили:

— Юқори профессионал даражада фаолияти йўлга қўйилган давлат хизмати, аввало, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга ва давлат муассасаларига бўлган ишончни янада юксалтиришга хизмат қилади. Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат хизмати соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Биз Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда Ўзбекистонда бошқарувда фаол қатнашадиган ходимларни ўқитиш бўйича лойиҳани амалга ошираяпмиз. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттириб, ахборот-таҳлилий йўналишда ҳам биргаликда ишлашга тайёрмиз.

 

Макс ЭВЕРЕСТ-ФИЛЛИПС, БМТ Тараққиёт дастурининг Сингапур давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича глобал маркази директори:

— Ўзбекистонда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани эътирофга лойиқ. Бу катта янгиланишларга йўл очганига гувоҳ бўлдик: давлат ва аҳоли мулоқотининг самарали механизми бўлган Президент Халқ қабулхоналари очилди. Давлат тузилмаларининг фаолияти фуқароларнинг мурожаатлари билан бирга, сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Тошкентдаги Халқ қабулхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Бу ерда ҳамма нарсага муҳим вазифа сифатида эътибор қаратилган бўлиб, чунончи, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, фуқаролар қабул қилиш жойлари мавжуд. Бу ноёб амалиётдир. Мен Халқ қабулхонаси мутахассисларининг Сингапурга сафарини ташкил қилиш фойдали бўлади, деб ўйлайман. Пировардида улар ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

 

Алихон БАЙМЕНОВ, Давлат хизмати соҳасида Остонадаги минтақавий хаб бошқарув қўмитасининг раиси:

— Анжуман доирасида қатор қонун лойиҳаларини, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳужжат халқаро тажриба, замонавий тамойиллар ҳамда мамлакатнинг мавжуд амалиётидан келиб чиқиб тайёрланган. Аксарият юртларда давлат хизмати тўғрисидаги қонунлар, қоида тариқасида, умумий хусусиятга эга бўлиб, давлат ёки ижро ҳокимияти раҳбарининг қўшимча ҳужжатлари қабул қилинишини талаб этади. Биз мамлакатингизнинг ваколатли вазирлик ва идоралари билан давлат хизматининг институционал ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Андрей МАРГОЛИН, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси проректори:

— Бугун бошқарув жамоасини шакллантириш устувор йўналишлардан ҳисобланади. Бир киши уддалаши қийин бўлган мураккаб тизимли муаммолар бор. Бундай шароитларда бошқарувчи ўз тарафдорларидан иборат, яъни бир-бирини тўлдирадиган, муаммоларни ҳал қилиш учун зарур восита ҳамда механизмларга эга жамоада ишлаши жуда муҳимдир. Ўзбекистон билан ушбу йўналишда тажриба алмашишга тайёрмиз. Биз МДҲ маконида давлат хизматининг инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Мамлакатингизда юз бераётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn