Мангуликка дахлдор ҳаёт китоби
  • 05 Ноябрь 2017

Мангуликка дахлдор ҳаёт китоби

 Дунёда шундай инсонлар бўладики, уларнинг номи ўз халқи бошидан кечирган воқеалар ҳамда юрти учун қилган эзгу ишлари билан туташиб кетади. Бундай шахсларнинг тарихдаги ўрни, ўз мамлакати ривожига қўшган ҳиссаси турлича талқин этилади. Лекин одамлар хотирасидан жонажон Ватанига садоқат билан ҳалол хизмат қилганлар асло ўчиб кетмайди. Бинобарин, Ўзбекистонимиз учун Шароф Рашидович Рашидовнинг номи ана шундай табаррук зотлар қаторидан ҳақли равишда ўрин олган.

Собиқ Иттифоқ даврида ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик тизимининг мураккабликларига қарамай, республикамиз тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган раҳбарнинг 100 йиллигини нишонлашимизга саноқли кунлар қолмоқда. Демакки, Шароф Рашидовични яхши билган ва кўп йиллар ёнма-ён ишлаган кишиларнинг хотиралари биз учун ниҳоятда қадрли. Улардан бири академик Оқил САЛИМОВдир.

— Оқил Умрзоқович, ­Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф ­Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди ҳамда бутун юртимиз бўйлаб ўтказилаётган барча тадбирларда фаол қатнашаяпти. Сиз ҳам шу муносабат билан тузилган ташкилий қўмита аъзоси сифатида меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказаяпсиз. Фикрингизча, одамларнинг атоқли арбоб шахсига, юртимиз равнақи учун қилган ишларига муносабати қандай?

— Ушбу учрашув ва суҳбатлар бир муҳим ҳақиқатни ойдинлаштираяпти: Шароф Рашидов республикамизга раҳбар бўлган даврда яшаб, меҳнат қилганлар ҳам, бу улуғ инсон ҳақида битилган китоблар ёки ҳикоялар орқалигина биладиган ёшлар ҳам у кишига, мамлакатимиз ривожи йўлидаги эзгу ишларига бирдек ҳурмат билан қарайдилар. Мулоқотлар давомида кўплаб саволлар берилади, шунинг ўзиёқ Шароф Рашидовичнинг таржимаи ҳоли, инсоний фазилатлари, ташкилотчилик қобилиятларига қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида кучли эканлигини тасдиқлайди.

Юқорида айтиб ўтилган қарорнинг аҳамияти шундаки, давлатимиз ­раҳбари Шавкат Мирзиёев, авваламбор, халқимиз фикру мулоҳазаларига, муносабатига, таклифларига алоҳида эътибор беради. Зеро, ҳужжатда ­Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакилларининг Шароф ­Рашидовнинг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида муносиб нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши таъкидланган. Бу эса халқимиз ­Шароф Рашидовнинг хизматларини юксак қадрлаши ва унинг жўшқин ­фаолиятини унутмаганини кўрсатади.

Шу ўринда яна бир эътиборли жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Жаҳон тарихига чуқур назар ташласак, кўпгина давлатларда ҳокимиятга янги раҳбар келса, у қайси йўлни давом эттириши масаласи анча вақтгача чўзилганлигини кўрамиз. Бундай ҳолатда, албатта, янги етакчи ўзидан аввалги раҳбарларнинг меросига қандай ёндашиши кун тартибига чиқади. Шавкат Миромонович жорий йилнинг 25 январида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи ­Президенти Ислом Абдуғаниевич ­Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги, 27 мартда эса “Атоқли ­давлат арбоби ва ёзувчи ­Шароф ­Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорларни қабул қилди. Бу эса унинг ­халқпарвар, юртимиз тараққиёти учун кўп хайрли ишларни амалга оширган раҳбарларга катта ҳурмат билан қарашини ва амалий фаолиятини муносиб баҳолашини исботлайди.

 

— Шу кунларда Шароф ­Рашидов ҳақида сўз борар экан, кўпчилик у кишининг Мирза­чўлни ўзлаштириш, йирик корхоналар очиш, янги шаҳарлар қуриш ва Тошкентни зилзиладан кейин қайта тиклашдаги ҳиссаси, шунингдек, хўжалик ишларидаги ­раҳбарлик маҳоратини кўпроқ ёдга олаяпти. Сиз биринчи раҳбар билан узоқ йиллар бирга ишлагансиз ва таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият, спорт соҳаларига, ижтимоий масалаларни ҳал этишга масъул бўлгансиз. Бу йўналишда Шароф ­Рашидов қандай масалаларга эътибор қаратишни маслаҳат берарди?

— Ҳақиқатан ҳам, аксарият ҳолларда Рашидов хусусида сўз борганда, иқтисодиёт соҳасининг билимдон раҳбари сифатида эътироф этишади. Шуниси борки, у одамларнинг яхши яшаши учун зарур бўлган ижтимоий соҳада ҳам жуда кўп ишларга бош-қош бўлди. Айтиш жоизки, ўша пайтлар Ўзбекистон собиқ иттифоқдош республикаларнинг бири бўлган, табиийки, давр ўта мураккаб эди. Деярли ҳар бир қадамни “марказ” билан келишишга тўғри келарди, чунки сўнгги қарорни тузум эгалари чиқарарди. Ҳар қайси раҳбар ҳам бундай қатъий тизимга қарши тура олмасди. Ана шундай қийин шароитда Шароф Рашидович доим Ўзбекистон манфаатини ҳимоя қиларди. Бунинг учун баъзан ўзига хос ечимлар ўйлаб топарди.

Масалан, Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичлари доимо юқори бўлган. Лекин республикамизда болалар шифокорларининг сони умумий кўрсаткичдан бор-йўғи беш фоизга яқинни ташкил этарди, холос. Англашиладики, мазкур соҳада мутахассислар тайёрловчи ихтисослаштирилган олий ўқув юртини очиш — долзарб муаммолардан бири эди. Бироқ ­масаланинг ечими учун яна “марказ”­га мурожаат қилиш талаб этиларди. У ёқда эса Ўзбекистоннинг илтимоси узоқ вақт пайсалга солинарди: гўёки бошқа республикаларда бундан ҳам муҳимроқ муаммолар бисёр эмиш. Шунда яна бир рад этиб бўлмас, мантиқли асос ўртага ташланди. Ахир оилалардаги серфар­занд­лик нафақат Ўзбекистонга, балки Ўрта Осиёдаги барча республикаларга хос, болалар шифокорлари эса уларнинг ҳаммасидаям етишмайди. Бу олий ўқув юрти фақат Ўзбекистоннинг ўзигагина керак, дегани эмас-да. Қарангки, айнан ана шу сабабни кўрсатиш наф берди. Шундай қилиб, 1972 йили Тошкентда Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институти ташкил этилди. ­Кейинчалик у Тошкент педиатрия ­институтига айлантирилди ва ўтган йиллар мобайнида шу даргоҳдан минглаб малакали мутахассислар етишиб чиқди.

Умуман, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг кўлами кенг эди. Уларнинг ҳар бирига Шароф Рашидович имкони борича эътибор берар, керак бўлса, “юқори”да тегишли қарор қабул қилиниши, зарур маблағнинг ажратилишига эришарди.

Ўзбекистондаги туғилиш кўрсаткичлари билан боғлиқ яна бир мисолни эслаш мумкин. Нима учун ишламайдиган хотин-қизлар сони кўп, уларнинг аксарияти ёш бўлса-да, бир-икки фарзандни дунёга келтиргач, уй бекасига айланиб қолишади? Мана шу масала ўрганилганда сабаби оддий эканлиги аён бўлди: қишлоқ жойларда болалар боғчалари етишмайди. Тўғри, катта шаҳарлар, саноат корхоналари мавжуд, аммо қишлоқларда боғчалар жуда кам. Буни аёл киши уйда ўтириб, ­болаларини тарбиялаши лозим, деган гўёки халқимизга хос турмуш тарзи билан изоҳлашга уринишди. Шундай “баҳона”ларга жавобан республикамизнинг барча жойида болалар боғчалари қурила бошланди ва уларда кичкинтойлар учун жуда яхши шарт-шароитлар яратилди. Бир неча йил давомида мактабгача таълим муассасаларидаги ўринлар сони республика бўйича 140 мингтадан 1,6 миллионтагача етди, яъни 11 мартадан зиёдга кўпайди. Ўз фарзандларининг ҳар томонлама ғамхўрлик остида тарбия­ланишини кўрган ота-оналар кичкинтойларни боғчага бера бошладилар. Аёллар ишга кириб, оила бюджетига ҳисса қўшадиган бўлишди.

Шу билан бирга, Шароф Рашидович доимо халқимизнинг урф-одатлари, турмуш тарзи, дунёқарашини алоҳида ҳисобга олишни маслаҳат берарди. Эсимда, бир шифохона қурилиши учун тўрт қаватли намунавий бино лойиҳаси тақдим этилди, унда лифт кўзда тутилмаган эди. Ё лойиҳани қабул қилиш керак, ё бўлмаса атайлаб қурилишнинг ўзи тўхтатиб қўя қолинади. Раҳбар эса тегишли идоралар вакилларини ­беморлар учун кунига икки-уч марта тушиб-чиқиш қийинчилик туғдириши, ўзбек аёллари эркаклар палатаси яқинидаги хонада ётишга кўнмаслиги ва бунга унинг қариндошлари ҳам рухсат бермаслиги каби масаланинг нозик томонларига ишонтира олди. Натижада лойиҳа қайта кўриб чиқилди ва тўрт қаватли бино ўрнига икки қаватли бино ҳамда аёллар учун алоҳида бўлим бунёд этилди.

— Сир эмас, ўша вақтда кўпчилик раҳбарлар, энг аввало, ишлаб чиқариш, шартнома мажбуриятларини бажариш каби масалаларга аҳамият берар, ижтимоий йўналишдаги масалаларни эса иккинчи даражали, деб ҳисоблашарди. Шароф Рашидович бунга қандай қарар эди?

— Сиз айтаётган раҳбарларни тушунса бўлади. Чунки улардан биринчи галда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари талаб этиларди. Қолаверса, ишлаб чиқариш масалаларини ҳал этмай туриб, даромад олиш мумкин эмас, ижтимоий соҳа учун эса айнан шу даромад ҳисобидан маблағ ажратилади.

Шароф Рашидов даврида ҳам жойлардаги раҳбарлар, хусусан, вилоят ва шаҳар партия қўмиталарининг котиблари кўпроқ ишлаб чиқариш масалалари билан шуғулланишган. Биринчи раҳбар улардан режа топшириқларини бажариш, иқтисо­диётни ривожлантириш бўйича маълумот сўраш билан бир қаторда, ижтимоий масалаларга ҳам ундан кам эътибор бермасликни қатъий талаб қиларди. Жумладан, партия марказқўми ҳузурида маиший турмуш маданияти бўйича алоҳида кенгаш тузилган бўлиб, унда вилоят ва шаҳар ­раҳбарлари ҳар ойда ижтимоий соҳада бажарилган ишлар бўйича ­ҳисобот тақдим этишарди. Болалар боғчалари, мактаблар, соғлиқни сақлашга тегишли масалалар айнан ўша ерда муҳокама қилинарди.

Шароф Рашидович доимо аҳолининг маънавияти ва маданияти даражасини кўтариш, кундалик турмуш учун зарур ижтимоий-маиший ша­роитларни яратиш кераклигини қайта-қайта уқтирарди. Шу мақсадда ўзи ҳам “юқори” идораларга тез-тез бориб, Ўзбекистон учун, замонавий тил билан айтганда, “ижтимоий лойиҳалар”ни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга рухсат оларди. Бу йўналишда унинг қатъиятли, шижоати ҳавас қилса арзигулик эканлигини қайд этмоқчиман. Айнан шу хислатлари сабаб, яна ҳар қандай қарорни рақамлар ва далиллар билан асослаш маҳорати туфайли ­Рашидов юртимиз ривожи учун хизмат қиладиган эзгу мақсадларига эришган. Масалан, ҳар бир районда, йирик корхоналар, колхоз ва сов­хозларда маданият уйлари ташкил этилиб, уларда шуғулланган бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўз чиқишлари билан профессионал санъаткорлардан қолишмаган. Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда қўғирчоқ театрлари ташкил этилгани, Тошкент­да эса Республика қўғирчоқ театри учун янги бино қурилганини ёдга олишнинг ўзи кифоя. Шунингдек, Шароф Рашидович зилзиладан ­кейин бунёд этилган ­Чилонзордек катта туманда бирорта ҳам театр йўқлигига эътибор берди. Бевосита саъй-ҳаракатлари билан ҳозирги Давлат мусиқали комедия театри қурилиб, 1973 йили биринчи спектакль намо­йиш этилди.

 

— Шароф Рашидов нафақат раҳбар, балки таниқли ёзувчи сифатида ҳам китоб ва бадиий адабиёт ҳар бир инсон маданий савиясининг ўсишида, бутун бир халқ маънавиятини кўтаришда катта аҳамиятга эга эканини яхши тушунган ва бу йўлда амалий қадамлар қўйган. Шу борада Сиз ­нималарни қайд этган бўлар эдингиз?

— Мисол учун, Рашидов мактаблар, корхона ва ташкилотлар, тураржой массивларида кутубхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор берган. Жумладан, мактаб кутубхоналари 3 мингтадан 14 мингтагача кўпайгани айни ҳақиқат. Республика раҳбари уларнинг сони кўпайгани яхши, аммо бундай маърифат масканлари доим энг яхши китоблар билан бо­йитилиши кераклигини талаб этарди. Шу боис китоб маҳсулотларини чиқарувчи нашриёт ва босмахоналарнинг ишини такомиллаштириш масалаларини ҳам фаол ҳал этишга интиларди. Алишер Навоий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, ўафур ўулом, бошқа мутафаккир ва олимлар, ёзувчи ҳамда шоирларнинг асарлари мунтазам нашр этилгани бунинг исботидир. Кутубхоналар энг сара миллий ва хорижий адабиётлар билан мунтазам тўлдирилиб, китобларнинг аксарияти 50 — 100 минг нусхада чоп қилинган.

Шароф Рашидович ўта бандлигига қарамасдан, нафақат ижод билан шуғулланар, балки ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар эди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари иқтидорли қалам соҳиблари учун шароитлар яратиб бергани барчага маълум. Кўплаб машҳур ёзувчи ва шоирлар ҳозиргача Шароф ­Рашидовни адабиёт соҳасидаям, ҳаётдаям устоз, деб билишади.

Рашидов бошқа қалам соҳибларига ҳам ҳар томонлама кўмак берарди. Масалан, ўтган асрнинг 50-йиллари охирида таниқли рус ёзувчиси Константин Симонов тазйиққа учраганда, ўзига хос қувғинни айнан Тошкентда ўтаганди. У бу ерда ўзининг “Тириклар ва ўликлар”, “Солдат бўлиб туғилмайдилар” деб номланган асарлари устида ишлади. Ўзбекистон бўйлаб сафар қилиб, Мирзачўлни ўзлаштиришга бағишланган фильмнинг муаллифларидан бири бўлди. Шароф Рашидов оғир аҳволга тушиб қолган атоқли ёзувчини қўллаб-қувватлаб, ижод қилиши учун барча имкониятни яратиб берди.

Рашидов ижодкорлар учун бошқа ҳамкасблари билан мулоқотда бўлиш ва тажриба алмашиш ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблар эди. Бу жараёнга шахсан ўзи катта ҳисса қўшди. 1958 йили Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларининг I анжумани ўтказилиб, унда 37 мамлакатдан 200 дан ортиқ ижод аҳли иштирок этди. 1983 йили эса Осиё-Африка ёзувчилик ҳаракатининг VII анжуманига ҳам Ўзбекистон мезбонлик қилди.

 

— Шу сингари йирик халқаро тадбирлар, хусусан, Осиё ва Африка мамлакатларининг Тошкент кинофестивали ҳам 1968 йили илк бор Ўзбекистон пойтахтида ўтказилди. Кейинчалик, 1976 йилдан бошлаб унга Лотин Америкаси кинематографиячилари ҳам қўшилди. Мазкур анжуманлар юртимизни бутун дунёга танитишга хизмат қилди. Айтиш мумкинки, бу Ўзбекистоннинг халқаро имижини яратиш йўлидаги дастлабки қадамлар бўлди. Шундай эмасми?

— Шароф Рашидов тез-тез чет давлатларда бўлар эди ва кўпинча СССР делегациясини бошқа мамлакатларга сафари чоғида бошқарарди. Масалан, 1962 йилдаги Кариб инқирози даврида Куба раҳбарияти билан музокараларда қатнашган. 1966 йили эса Ўзбекистон пойтахтида Ҳиндистон ва Покистон раҳбарларининг музокаралари ўтказилиб, бу ташаббус икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишига олиб келган. Музокараларни ташкил этишда Шароф Рашидович фаол қатнашган, натижада тарихий “Тошкент декларацияси” қабул қилинган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юздан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаган республикага раҳбарлик қилган Шароф Рашидов собиқ Иттифоқда байналмилалчилик руҳи ҳукм сурган бир пайтда ўз халқининг миллий урф-одат ва анъаналари, маданий меросини авайлаб-асраш, халқ оғзаки ижодини тарғиб-ташвиқ этишгаям астойдил қайғурган. Албатта, кўпгина қийинчиликларга ҳам дуч келингани рост. Чунки ўшандай шароитда бу каби ҳаракатлар миллатчиликка йўйилиши ҳеч гап эмас эди. Шу боис қадриятларимизни сақлаб қолиш учун мақбул йўлларни излашга тўғри келарди. Дейлик, Наврўз байрами узоқ вақт давомида тақиқланган эди. Бунга сабаб — “юқоридан” кимдир унинг мазмун-моҳиятини тушунмасдан, диний байрам, деб хато ўйлаганидадир. Шунга қарамай, Наврўз ўша вақтдаям ҳозиргидек кенг бўлмаса-да, барибир нишонланган. Ҳар бир вилоятда ушбу айём билан боғлиқ урф-одатларга риоя қилиниб, у халқ сайиллари шаклида ўтказилган. Оддий ­сайил, дейилгани учун ҳам ҳеч ким қаршилик кўрсатмаган.

Миллий санъатимизни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда расмий тадбирлар, жумладан, бошқа республикалар ва хорижий мамлакатларда ўтказилган Ўзбекистон маданияти ва санъати кунларининг аҳамиятини унутмаслик жоиз. Уларда таниқли хонандаю созандалар қатнашиб, қадимий қўшиқ ва рақслар, миллий чолғу асбобларида ижро этилган гўзал мусиқа орқали ўзбек халқининг бой маданий мероси тарғиб қилинарди. Сабаби, Шароф Рашидов ўз халқининг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини билмаган киши ҳеч қачон чинакамига маданиятли инсон бўла олмайди, деб ҳисобларди.

 

— Шароф Рашидов даврида илм-фан жадал ривожланди. Ўзбекистон фаннинг алоҳида йўналишлари бўйича нафақат собиқ Иттифоқ миқёсида, балки халқаро майдонда ҳам етакчи ўринларни эгаллади. Республика Фанлар академия­сининг институтлари билан бир қаторда олий ўқув юртларида ҳам кенг кўламли илмий тадқиқот ишлари олиб борилди.

— Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистонда аниқ фанлар — математика, кимё, физика шиддат билан ривожланди. Собиқ СССРда амалга ошириладиган кўплаб йирик тадқиқотлар ўзбекистонлик олимларнинг илмий натижаларига асосланарди. Республикамизда Фанлар академиясининг йигирмадан ортиқ институтлари очилиб, замонавий илм-фан тараққиётида беқиёс роль ўйнади. Олий таълим соҳасига келсак, вилоятларда ҳар хил йўналишларга ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари ташкил этилди. Уларнинг кўпчилигида лабораториялар, яъни ходимлар ва талабалар илмий фаолият билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Шу муассасаларда бажарилган тадқиқотларнинг аксарияти эса амалиётга, ишлаб ­чиқариш жараёнига татбиқ қилинди.

Шароф Рашидович биринчи раҳбар сифатида республикамизнинг кўпроқ келажаги ҳақида ўйлаган. Шу боис бошқа масалалар қаторида муҳандис-техник ва илмий ходимлар, ижодкор зиёлилар қатламини шакллантириш билан режали шуғулланган. Бу соҳа вакиллари ўша йиллари фаол давом этган Ўзбекистонни саноатлаштириш жараёнини таъминлаши ва келгуси равнақи учун замин ҳозирлаши лозим эди. Айнан шу мақсадда тегишли шароитлар муҳайё этилган. Хусусан, Тошкентда академиклар шаҳарчаси, талабалар шаҳарчаси, тиббиётчилар шаҳарчаси, деб ном олган мавзеларнинг пайдо бўлганини эслаб кўринг-а! Бу жойлар фундаментал ва амалий фанлар ривожи, олий таълим, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

 

— Оқил Умрзоқович, суҳбатимиз аввалидаги мавзуга, яъни шу кунларда Шароф ­Рашидовнинг бир асрлик юбилейига бағишлаб ўтказилаётган учрашувларга қайтсак. Сиз унинг қайси инсоний фазилатларини юксак қадрлайсиз ва ёш авлод қандай хислатларни ўзида шакллантириши керак, деб ўйлайсиз?

— Ҳар қайси инсон тақдири — давр ва замон билан уйғун тарзда кечади. У киши ҳам муайян бир вақт маконида яшаб, шахс сифатида шаклланган. У пайтлар юқорида айт­ганимдек, ўта мураккаб эди. Лекин уруш ва урушдан кейинги оғир йилларда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган сафдошлари билан бирга Шароф Рашидов ҳам тобланиб борди. Таъкидлаш керакки, ­Шароф Рашидов замондошлари ҳам она-Ватанни жондан ортиқ севишган, унинг равнақи учун бор кучини, умрини аяшмаган. Шароф ­Рашидовга хос қандай фазилатларни ёшларда кўришни истардик, деган саволингизга келсак. Бу, аввало, ҳалоллик ва адолатпарварлик, кенг билим, юксак маданият, одамларга нисбатан меҳр-оқибат ва керак ­пайтда ёрдамга тайёр бўлиш, меҳнатсеварлик ва камтарликдир. Энг асосийси, халқига чексиз муҳаббат, виждонан қиладиган юксак меҳнати билан нафақат оиласига, ав­вало, Ватанга, азиз юртдошларига фойда келтиришга бўлган доимий ­интилишдир.

Ўткир РАҲМАТ 

суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn