Испаниялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортмоқда
  • 05 Ноябрь 2017

Испаниялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортмоқда

Испания жамоатчилиги мамлакатимизнинг улкан маданий-тарихий меросига доимо катта қизиқиш билдириб келади. Шу боис улар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тадбирларда фаол иштирок этишга интилишади.

Яқинда Мадридда ўтказилган “Ўзбекистонга саёҳат” мавзуидаги конференция ана шу жиҳатдан муҳим анжуманлардан бири бўлди. “Casa Asia” Осиё мамлакатлари билан маданий алоқалар институти, “Evaneos” сайёҳлик агентлиги ва мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси ҳамкорлигида кўҳна Каньете саройида уюштирилган мазкур тадбирда маданият, санъат арбоблари, олимлар, сайёҳлик компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. 

Иштирокчилар конференцияда сўз олган таниқли ёзувчи ва публицист, “Марказий Осиёга саёҳат” китоби муаллифи Патрисия Альмарсегининг маърузасига алоҳида эътибор қаратдилар. У Буюк Ипак йўлининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон сингари афсонавий шаҳарлари ҳақида маданият ва тарих ихлосмандларига гапириб берди. Испаниялик ёзувчи мамлакатимизда жойлашган ноёб меъморий ёдгорликлар ҳамда бошқа диққатга сазовор масканлар, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва миллий ошхонамизнинг бетакрорлиги хусусида ҳам атрофлича тўхталди.

— Ўзбекистон бетакрор гўзалликка эга мамлакатдир, — деди у. — Ушбу диёр бўйлаб саёҳат, республиканинг ажойиб ва меҳнаткаш халқи, унинг маданияти ҳамда анъаналари билан танишув барчада улкан таассуротлар қолдиради. Жаҳон цивилизациясининг бу чорраҳасига борар экансиз, минг йиллар давомида сақланиб қолган кўҳна ёдгорликлар сизни ҳайратга солмай қўймайди. У ерда мегаполис ҳисобланадиган Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ажойиб шарқона бозор ва мадрасаларга, Самарқанд, Бухоро ҳамда Хивада гўзал обидаларга гувоҳ бўласиз. Ўзбекистон, албатта, бориб кўриш лозим бўлган дунёнинг ўн мамлакати қаторига киради.

— Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон испаниялик сайёҳларни ўзига тортадиган йўналишлардан бирига айланиб қолди, — деди “Evaneos” сайёҳлик агентлиги менежери Эрик Ониди “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда. — Биз мамлакатингизга қизиқиш тобора кучайиб бораётганини кузатмоқдамиз. Чунки Ўзбекистон замонавий туристлар учун зарур бўлган қирраларни таклиф эта олади. Улар ноёб тарих, маданият, санъат ва анъаналар, тенги йўқ пазандалик ҳамда энг муҳими — тинчлик-осойишталик ва барқарорлик билан изоҳланади.

Бизнесмен Диего Баладрон ҳам кейинги йиллар мобайнида Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида рўй бераётган сифат ўзгаришларини ижобий баҳолади.

— Ўз касбим тақозосига кўра, саёҳатга кўп чиқаман, — деди испаниялик тадбиркор. — Бироқ кенг ва ойдин кўчаларга эга Тошкентдек шаҳарни кам кўрганман. Самарқанд, Бухоро ва Хивага бир неча маротаба борган бўлсам ҳам, ҳар сафар буюк халқ тарихи билан ошно тутиниш мени ҳаяжонга солган. Юз йиллар давомида бу маҳобатли кентлар маданият, илм-фан ва савдо-сотиқнинг маёғи бўлган.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn