Қайга бормай, бошда дўппим...
  • 05 Ноябрь 2017

Қайга бормай, бошда дўппим...

Дунёнинг энг машҳур музейларида миллий қадриятларимиз ва халқ амалий санъатининг асл дурдоналари ҳисобланган тарихий қўлёзмалар, осориатиқалар муборак сарчашмалар сифатида халқимизнинг маънавияти ҳамда маданияти, жаҳон илм-фани тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасидан далолат беради.

Тарихчи олимларимиз миллий ўзига хослигимиз рамзи бўлган Марғилон дўпписи жаҳоннинг энг қадимги дўппи нусхаларидан бири эканлигини эътироф этишлари бежиз эмас. Унинг андозасида қадимги Сўғд ёзувлари, Чин мамлакати (ҳозирги Хитой) тош битиклари билан боғлиқ рамзлар мавжудлиги таъкидланади.

76 ёшли Адолат ая Ғуломова — Марғилоннинг энг машҳур дўппидўзи. Онахон ўз сулоласининг еттинчи авлоди вакили. Кўҳна шаҳарда биринчи дўппи дўконини очган таниқли Мадали баққол Адолат аянинг бобоси эди. Ўз вақтида дўкон нафақат Марғилонда, балки бутун водийда номи чиққан.

— Истиқлол йилларида дўппидўзлик ниҳоятда такомиллашди. Ҳозирги кунда Марғилон дўпписининг юзлаб турлари мавжуд, — дейди Адолат ая. — Унинг эски нусхалари қора нимтатил матога тикилган, ипакдан тайёрланган, елимлари дарахт танасидан олинган.

Эътиборлиси, мустақиллик йилларида Адолат ая Ғуломова Марғилон дўпписининг ўнлаб янги нусхаларини яратди. Мисол учун, миллий табиатимиз, иқлим шароитимизга хос бўлмаган ва четдан кириб келган дўппилар ўрнига оқ сатинга қора гулли безаклар бериб тикилган нусхаси ҳам аянинг кашфиёти. Бугунги кунда тобора оммалашиб бораётган бундай дўппи нусхалари учун зарур бўладиган хом ашё тўлиқ ўзимизда бор.

— Бизнинг дўппида вилоятимизнинг дилбар табиати, аёлларимизнинг нафислиги, латофати ва орзу-умидлари ифодаланади, — дея суҳбатимизни давом эттиради соҳа фидойиси. — Айни кунларда тўрт нафар қизим, олтмишдан зиёд шогирдларим ушбу касбни ардоқлаб келишмоқда. Набираларимнинг ҳам қўлигул. Улардан бири Ситора Марғилон тиббиёт коллежида иккинчи босқич ўқувчиси. Унинг қизлар учун тикаётган дўппилари бозорда жуда ҳам харидоргир.

Марғилон шаҳар ҳунармандлар уюшмасида дўппилар кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Бир-биридан бетакрор маҳсулотлар томошаси асносида истиқлол йилларида миллий ҳунармандчилик жадал ривожланаётгани, тадбиркор ҳамюртларимизга катта эркинлик берилганига яна бир бор амин бўламиз. Марғилонликлар ҳар бир ҳунарни санъат даражасига кўтаришни хуш кўрадилар. Ҳар бир нақш — юракдан отилган туйғудек кўнгилларда акс садо берсагина маромига етади. Акс ҳолда...

Таниқли рассом Муҳаммаджон Фозилов томонидан ўтказилган кичик бир тадқиқот, айниқса, шу маънода эътиборга лойиқ. Мўйқалам соҳиби Марғилон дўпписидан қоғозга нусхалар кўчириб, турли касб эгаларининг фикрини ўрганди. Мутахассислар ушбу безак шунчаки қалампирнусха эмас, балки она ва болага нисбатан рамзий ишора эканлигини айтишди. Ҳақиқатан ҳам, мазкур нақшларни, бор-йўғи, қалампир нусхаси дейиш ота-боболаримизнинг илму маърифатига нисбатан адолатсизлик бўлар эди. Она билан бола — гул билан лола, бу — халқимизнинг аждодлардан-авлодларга ўтиб келаётган эзгу фазилати. Эртанги кун эгалари — келажагимиз ворисларини бошимизда кўтариб юриш ота-боболаримизнинг энг яхши хислати саналади.         

Марғилон дўпписининг бу қадар машҳурлиги сабаби хусусидаги саволимизга нуроний ҳунарманднинг қуйидаги фикрларидан жавоб топгандек бўламиз: “Садоқат, қунт ва меҳр билан киришсангиз, ҳар қандай иш маромига етади. Ўзгаларда ҳавас уйғотади. Биз, ҳунармандларнинг ҳам шиоримиз шу — дўппимизни кўрган маҳлиё бўлсин!”

Ботир МАДИЁРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn