Ҳаракатлар стратегияси — жамоатчилик эътиборида
  • 03 Ноябрь 2017

Ҳаракатлар стратегияси — жамоатчилик эътиборида

Президентимизнинг жорий йил 15 августдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни бажариш якунларини тизимли таҳлил этиш белгиланган эди.

Бу борада олиб борилган натижалар ҳақида аҳоли ҳамда жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, шунингдек, 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш якунларини сарҳисоб этиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш бўйича 

чора-тадбирларни ташкил қилиш мақсадида жорий йилнинг август-сентябрь ойларида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Ҳаракатлар стратегияси: сарҳисоб ва истиқболдаги қадамлар” мавзуида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 6 минг нафардан ортиқ юртдошларимиз қатнашди.

Сўровнома корхона ҳамда ташкилотлар, вазирлик, идоралар, олий ўқув юртлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тарқатилиб, аҳоли кенг қатламлари қамраб олинди. Бундан ташқари, www.strategy.uz веб-сайтида алоҳида саҳифа очилди ҳамда уни мобиль алоқа ёрдамида тўлдириш имконияти ҳам яратилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди каби ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда аҳоли таклифлари ҳамда фикрлари ўрганилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, фуқаролар жорий йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, ижтимоий соҳадаги ўзгаришларни ижобий баҳолаганлар. Кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойларнинг қурилиши фуқаролар томонидан, айниқса, кўп эътироф этилган.

Масалан, респондентларнинг 89,6 фоизи давлат бошқаруви органларининг халқ билан мулоқот қилишида, фуқароларга бўлган муносабатида ижобий ўзгаришларни сезганини билдирган. Мутлақ катта қисми — 95,7 фоизи Президентнинг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналари муаммоларга ечим топишда қўл келаётганини таъкидлаган. Ҳудудларда ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериши тартибининг жорий этилишини ҳам юртдошларимиз алоҳида кўрсатиб ўтишган. Эркин валюта курсининг белгиланиши, пенсия, нафақа, иш ҳақи ҳамда бошқа тўловлар учун нақд пуллар ўз вақтида берилиши ҳолати ҳам, фуқаролар томонидан, йил давомида қабул қилинган энг муҳим чора-тадбирлар сифатида белгиланган.

Шу билан бирга, ҳамюртларимиз жорий йилда ички ва ташқи йўлларнинг қурилиши ҳамда таъмирланиши жадаллашганини эътироф этган ҳолда, бу ишлар ҳали етарли эмаслигини ҳам (40,4 фоиз) ифодалашган.

Кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойларнинг қурилиши, пенсионерлар ва ногиронларни манзилли қўллаб-қувватлаш, 11 йиллик мактаб таълимининг жорий қилиниши, дори воситалари нархларининг чегараланиши ҳамда бошқалар ижтимоий -соҳада олиб борилган муҳим чоралар сифатида кўрсатиб ўтилган. Хусусан, респон-дентларнинг 41,6 фоизи фикрича, 11 йиллик мактаб таълимининг қайта тикланиши маориф самарадорлигини оширади, 37,8 фоизи эса бу ўқувчилар ахлоқи яхшиланишини таъминлайди, деб билади. Сўровда қатнашганларнинг 21,1 фоизи олий таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш кераклигини билдирган.

Бундан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган давлат дастури лойиҳасига киритиш учун таклиф ва лойиҳаларни йиғиш ҳамда умумлаштириш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, давлат, нодавлат ва юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида 30 дан ортиқ давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилинди. Жамоатчилик фикри сўрови, бошқа тадбирлар давомида 120 та лойиҳа саралаб олинди. Улар орасида, жумладан, ички ишлар органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотномаларни ИИВнинг расмий веб-сайти ёки my.gov.uz сайтлари орқали олиш имкониятини яратиш, чет элдаги консуллик идораларида паспорт алмаштириш ва бошқа шунга ўхшаш амалиётларни тўлиқ автоматлаштириш ҳисобига фуқароларимиз учун янада қулайликлар яратиш каби қатор таклифлар ўрин олган.

Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар кенг жамоатчилик билан дастлабки тарзда муҳокама қилингандан кейин кўриб чиқилади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn