«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»
  • 22 Май 2014

«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»

Ёшлар ижод саройида шу шиор остида ёш тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар ва ишлаб чиқилган инновацион ғоялар кўргазмаси очилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар Кенгаши, Иқтисодиёт бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган бу галги тадбирда пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган 120 дан зиёд ёш тадбиркорлар иштирок этди.

Кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бизнесга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада тадбиркорлар сафи йил сайин кенгайиб, улар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 41 фоиз, саноатда — 26,8, пуллик хизматлар кўрсатишда — 42,7, бандликда 76 фоиз ошгани бунинг яққол далилидир.  

Дарҳақиқат, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга ҳар томонлама эркинликлар берилаётгани ёшларнинг бизнесга бўлган иштиёқини янада кучайтирмоқда. Буни пойтахтлик кўплаб ёшлар мустақил тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Юртимизда биз, ёшларнинг иқтидоримизни юзага чиқариш учун барча шарт-шароит яратиб берилган, — дейди Севара Худойберганова. — Ўзимдан қиёс. 2011 йилда “Менинг бизнес ғоям” кўрик-танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим. Шунга мувофиқ, банк томонидан ажратилган 19 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Ҳозирги кунда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган оилавий корхонамизда 15 нафардан зиёд тенгдошларим меҳнат қилаяпти. Уларнинг изланишлари натижасида ишлаб чиқарилаётган турфа ширинликлар тобора харидоргир бўлиб бораяпти.

Кўргазмага ташриф буюрган ёшларнинг аксарияти Севарага ўхшаб самарали бизнес юритиб, ички бозорда ўз ўрнини топиб бораётир. Зеро, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини эгаллашида дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад эса ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, илғор тажриба ва инновацион лойиҳаларини оммалаштириш, шунингдек, коллеж битирувчиларини бизнесга қизиқтиришдан иборатдир. Шу маънода, унинг ишида тижорат банклари, солиқ, божхона идоралари томонидан долзарб мавзуларда ўқув семинарлари ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Намойиш майдонларидан жой олган маҳсулотлар билан танишар экансиз, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳияти юксалиб бораётганига комил ишонч ҳосил қиласиз. Негаки, улар томонидан таклиф этилаётган тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ҳунармандчилик буюмлари сифат кўрсаткичлари билан хорижникидан асло қолишмайди.
— Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш фаолиятимизнинг асосий мезони ҳисобланади, — дейди “New Man Tex” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулворис Умаров. — Шу боис ўтган йили хориждан энг замонавий технологик ускуналарни олиб келиб ўрнатдик.

Айни пайтда 15 хилдаги эркаклар ички кийимларини ишлаб чиқараяпмиз.
Дилшод Шермуҳаммедов раҳбарлик қилаётган “Hi Packnology” масъулияти чекланган жамияти эса қоғоз қутилар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда мамлакатимизда биринчилар қаторида картон қоғоздан ўйинчоқлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Унинг дастлабки намуналари кўргазма қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди.

— Ушбу йиғма ўйинчоқлар салкам 70 та қисмдан иборат бўлса-да, уни боланинг ўзи йиғади, — дейди ёш тадбиркор. — Бу, табиийки, уларнинг ақлий қобилиятини ривожлантириш, фикрлаш доирасини кенгайтириш ва дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилади. Соғлом бола йилида бу каби ўйинчоқлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ниятидамиз.  

Кўргазма доирасида ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, унда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар мавжуд бўш иш жойлари билан қатнашди.
Тадбирда энг фаол ёш тадбиркорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn