Азалий қадриятларга эҳтиром
  • 01 Ноябрь 2017

Азалий қадриятларга эҳтиром

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юксак минбардан туриб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, замонамизнинг демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология каби энг долзарб мавзулар қаторида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратди.

Ушбу нутқ халқаро сиёсий доираларда, оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этилмоқда, мамлакатимизда катта қизиқиш билан ўрганилаяпти.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Дин ишлари бўйича қўмита ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда атрофлича сўз юритилди.

— Давлатимиз раҳбарининг нутқидаги устувор масалалар мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, тушунтириб бериш ҳар биримизга катта масъулият юклайди, — дейди Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев. — Навқирон авлодга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини, мамлакатимизда миллий қадриятлар, урф-одатлар қайта тиклангани, эътиқод эркинлиги таъминланганини ҳаётий мисоллар асосида гапириб берсак, қалбларида Имом Бухорий, Имом Термизий, -Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ алломаларимиз меросига меҳр ҳамда садоқат уйғота олсак, улар ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди.

Айтиш керакки, тадбир мазмунан ранг-баранглиги билан алоҳида эътиборни тортади. Хусусан, тинчлик, осудаликдек улуғ неъматнинг қадри, диний экстремизм, терроризм иллатларининг мазмун-моҳияти акс этган фотокўргазмани кўрган борки, ўйга чўмади, ҳаёт моҳиятини теран англай бошлайди. “Мовароуннаҳр” ҳамда Тошкент ислом университети нашриётлари томонидан чоп қилинган диний-маърифий йўналишдаги китоблар иймон, ақида, ислом дини фалсафасининг эзгулик ва адолат, инсофу диёнатга йўғрилгани билан чуқур ихлос уйғотади.

— Президентимиз ҳар бир йиғилиш ёки учрашувда, аввало, ёшлар масаласини ўртага ташлайди, уларнинг баркамол ўсиб-улғайиши учун барча шароитни яратишга эътибор қаратади, — дейди Тошкент ислом университети магистранти Бобурмирзо Ботиров. — -Ислом дини тинчликпарвар, инсонпарвар, ҳалоллик ҳамда поклик таълимотини ўзида мужассамлаштирган. Таъбир жоиз бўлса, у яхшилик, виждон, ҳиммат, силаи раҳм, беназир хулқ ва адаб жавоҳирлари билан улуғ ҳамда муқаддасдир. Президентимиз жаҳоннинг энг олий минбарида ана шу ҳақда беқиёс фикр-мулоҳазаларини қатъият билан айтиб ўтди. Тўғриси, биз, ёшлар, айниқса, Тошкент ислом университети талабалари бу нутқдан улкан ғурур ва фахр туйдик. Бугун оқни қорадан ажратиб, динимизни ҳар хил нотўғри гумонлардан, талқинлардан холи қилиш вақти келгани буюк муҳаддислар, уламолар юртидан чорлов сифатида янграгани барчамизга ҳам шараф, ҳам шаън ва ифтихор бағишлади.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқидаги эзгу таклифлар, амалий фикр-мулоҳазаларни дўстларимиз билан чуқур муҳокама қилаяпмиз. Унинг моҳиятини таълим муассасалари, маҳаллаларда ҳам кенг тарғиб этаяпмиз. 

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn