Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси сайланди
  • 30 Октябрь 2017

Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси сайланди

 

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг V съезди бўлиб ўтди. Унда судьялар орасидан сайланган делегатлар, суд фахрийлари, парламент аъзолари, Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Съездда Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг 2012 — 2017 йиллардаги фаолияти ва келгусидаги вазифалари муҳокама этилди ҳамда ассоциация масъул шахсларининг ҳисоботлари тингланди. 

Иштирокчилар ўтган даврда судьяларнинг мустақил фаолият юритишини таъминлаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилгани, хусусан, судьялар ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида уларнинг иш ҳақи бир неча баробар оширилгани, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинганини алоҳида таъкидладилар. 

Тадбирда қайд этилганидек, 1997 йилда фаолият бошлаган Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси судларнинг чинакам мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳокимиятининг инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи институт сифатида шаклланишига муносиб даражада ҳисса қўша оладиган мустақил жамоат ташкилоти сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этиб келмоқда. Айни чоғда унинг ролини ошириш ҳамда фаолиятини такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этаётир. 

Съездда ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси лавозимига Мингбоев Убайдулла Қурбонович сайланди. Шунингдек, Марказий кенгаш аъзолари ҳамда тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn